Қайирусти супалари (террасалар, лотинча terra - тупроқ). Тектоник ҳаракатларнинг узлукли-узлуксизлик хусусияти қайирусти супаларининг шаклланишига олиб келади. Маълумки, ер пўстида теконик ҳаракатлар тўхтовсиз давом этади. Аммо уларнинг йўналганлиги ва тезлиги вақт бўйича ўзгариб туради. Ҳудуднинг умумий кўтарилишида тектоник ҳаракатлар тезлиги ўзгариб туриши натижасида чуқурлатиш ва ён эрозиялар ўзаро алмашиниб туради. Бунинг натижасида қайирусти супалари шаклланади. Қайирусти супаларининг юзаси дарё оқими ва дарё водийси томон озроқ қияланган бўлади. Улар ҳар доим дарё ўзани ва қайиридан гипсометрик баландда жойлашган бўлади ва шунинг учун ҳам қайирусти супаси дейилади (127-расм). Дарё ўзанининг меандрланиши туфайли бундай супалар ювилиб кетиши орқали уларнинг фақат фрагментлари қолиши мумкин
127- расм. Буюк Каньондаги қайирусти супалари. www.fototerra.ru
|
Қайирусти супалари субгоризонтал текисликлардан таркиб топган бўлади; улар ўзидан пастдаги супа ёки қайирдан зина орқали ажралган бўлади, дарё томондан супаларнинг чегараловчи қошлар аниқ ифодаланган ёки текисланган бўлиши мумкин, орқа томони эса устидаги зинага қараб кўтарилган ёки туб жинсларга ёндошган бўлади.Циклли ва маҳаллий супалар ажратилади.
Циклли супалар дарёнинг бутун водий бўйлаб, маҳаллий супалар эса унинг муайян участкаларида ривожланган бўлади. Супалар тоғли районларда аниқ ифодаланган бўлади.
Циклли супалар эрозион-аккумулятив циклда шаклланади ва қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
- чуқурлатиш эрозияси;
- ён эрозия;
- аккумуляция;
- динамик мувозанат.
Эрозион-аккумулятив цикл давомида чўкинди тўпланган ва усти қайир билан қопланган чуқурлик ҳосил бўлади. Чуқурлатиш босқичидан бошланган янги эрозион цикл жараёнида қайир аста-секин супага айланади. Унинг юзаси ўзан оқими таъсир зонасидан ташқарида жойлашган бўлади. Унинг юзасида қоплама ҳосила деб аталувчи пролювий, коллювий, солифлюкцион ётқизиқлар, лёсслар ва бошқалар тўпланиши мумкин. Уларнинг қалинлиги ўнлаб метрга боради.
Аллювий қалинлиги ва остидаги жинслар муносабати бўйича аккумулятив (тўпланиш супалари), эрозион (ювилиш супалари) ва эрозион-аккумулятив (аралаш) супаларга ажратилади.
Аккумулятив супаларда аллювий қалинлиги ўнлаб ва юзлаб метрга бориши мумкин (йирик дарёларда 20-30 м ни ташкил этади).
Эрозион супаларда аллювий қалинлиги юқори бўлмайди, у фақат ўзан ётқизиқларидан иборат. Бундай супалар юзасида ё туб жинслар, ёки бошқа генезисдаги бўшоқ жинслар очилиб ётади.
Эрозион-аккумулятив супаларда аллювийнинг барча фациялари ривожланган, юзаси горизонтал бўлади.
Супаларнинг вужудга келиш сабаблари. Супаларнинг шаклланиши иқлимнинг ўзгариши ва тектоник ҳаракатлар билан боғлиқ. Иқлим супалар шаклланишида асосий омил ҳисобланади.
Оқимнинг ҳаракат кучи сув ҳажмига боғлиқ. Намгарчиликнинг ошиши оқим сувининг ҳажмини ва унинг кучини оширади. Унинг эрозион қобилияти ошади, бунгача тикланган мувозанат бузилади, чуқурлатиш эрозияси бошланади. Дарё ўзининг янги мувозанат профилини ҳосил қилабошлайди. Олдинги қайир сув кўп бўлгандаги сатҳдан чиқади ва қайирусти супасига айланади.
Бош эрозия базисининг тутган ўрни дарёдаги сув оқимининг фаолиятини назорат қилади. Эрозия базисининг ўзгариши тектоник ҳаракатлар ёки Дунё океани сатҳининг эвстатик тебраниши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Музлик босиш даврларида Дунё океани сатҳи пасаяди ва унинг чекиниш даврларида кўтарилади. Эрозия базисининг кўтарилиши водийларда аллювий аккумуляцияси жараёнини тўхтатади. Эрозия базисининг чўкиши водийларда чуқурлатиш эрозиясига олиб келади. Тоғли районларда бу жараёнлар тектоник ҳаракатлар туфайли вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |