Тўғон ва Шарқ тарих фалсафаси
Шарқда тарихни ўрганишнинг асосан икки йўналиши мавжуд. Бу бевосита табиат, табиий ходисалар, оламнинг яралиши билан боғлиқ бўлган йўналишлар, иккинчиси эса инсоннинг дунёга келиши, инсоният тарихи билан боғлиқ бўлган кишилик хаётининг вужудга келиши, инсоният тарихий-тадрижий ривожининг босқичлари, мохияти, мазмунини қамраб олган тарихий-фалсафий, маънавий-ахлоқий хамда буларнинг барчасини ўзига мужассам этган мантиқий тахлил ва тадқиқ ташкил этади.
Хар бир тарихчи ўз даври ижтимоий тузуми, унинг мазмуни ва қадриятлари нуқтаи назаридан ўтмишга ёндошади ва ана шу қарашлар хамда эхтиёжлар асосида тарихий тараққиётга бахо беради. Бироқ, тарихий жараёнларга, маълум воқеа-ходисаларга ички ва ташқи таъсир – жамият маънавий, ижтимоий, иқтисодий асослари ва табиий ходисалар мохияти, улар таъсирида келиб чиққан реал воқелик ўзаро боғлиқликка тадқиқ этилмоғи лозим. Чунки, унинг замирида табиий ва ижтимоий-тарихий тараққиётнинг бутун мохияти хар икки йўналишда намоён бўлади. Шунинг учун хам атоқли тарихшунос Ахмад Заки Валидий ўзининг «Тарихда усул» номли китобида «Ўз хаётимизни тадқиқ этар эканмиз, кўрамизки бизнинг бутун борлиғимиз асосан икки нарсага боғлиқдир. Бир томондан эхтиёжларимизга мувофиқ келувчи ёки уларга терс келувчи ташқи ахвол, шарт-шароитлар, бошқа томондан эса шахсий хохиш-истаклармиз мавжуд. Жамият хам худди шундай мавжуддир. Умумий шарт-шароит, масалан, зилзилалар, осмондан ёғиладиган хар хил офатлар, урушлар ва ваболар, иқлимнинг ўзгариб кетиши каби табиий ходисалар билан бирга алохида индивидуал гурухий истак инсониятнинг ички таъсир қувватлари инсонлар борлиғида қатъий таъсир кўрсатувчи омиллар вазифасини ўтайди»58, деб ёзади.
Инсоният тараққиётида ва кишилик жамияти ривожланишида ташқи таъсир – табиий офатлар, турли юқумли касалликлар, урушлар ва оммавий қирғинлар қанчалик кучли таъсир этса, ички мохияти билан маълум бир ижтимоий гурух, сиёсий манфаатлар ўртасидаги зиддиятлар хам катта ахамият касб этади. Булар эса бевосита тарихда инсоннинг ўрни, роли, мақсад ва интилишлари, орзу ва умидларининг ифодаси сифатида ўзини намоён этади. Баъзи холатларда айрим шахслар фавқулотда воқелик мохиятига эга бўладилар. Натижада улар дахолар, улуғ саркардалар, пайғамбарлар тимсолида мавжуд ижтимоий тузумни кескин ўзгартириб юборадилар. Ўзига хос ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-хуқуқий, маънавий-ахлоқий ва мафкуравий меъёрларни ўрнатишади. Ана шу тарзда «Тарих инсониятнинг гўёки бир таржимаи холи ва рухияти»нинг ифодаси сифатида дунёга келади.
Ахмад Заки Валидий Тўғон инсоният тарихини ўрганиш ва тарих фалсафасининг назарий-методологик жихатларини ишлаб чиқар экан, қуйидаги тамойилларни илгари суради:
тарихнинг теократик ва дуалистик талқини;
тарихни материалистик тушуниш;
тарихнинг позитивистик талқини;
тарихни идеалистик тушуниш;
тарихни экспрессионистик талқини;
тарихнинг гуманистик талқини ва хоказолар59.
Шуни алохида таъкидлаш керакки, Шарқ тарих фалсафаси методолгиясининг ўзига хос жихатлари мавжуд. Бу бевосита тарихий хақиқат, реал воқелик билан бирга мавжуд бўлган афсоналар, ривоятларнинг уйғунлашиб кетиши каби холатлардан ўтмишни тарихий, фалсафий, мантиқий тушунишнинг илк ва ноёб тажрибаси сифатида дунёга келган қарашлардир. Бу даврда тарих жуда катта шавқу шуур, қуваи хофизани талаб этадиган юксак бадиий тасвирлар, образлар, ўхшатишлар билан ифода этилган жозибадор ва хаяжонли тарихий-бадиий услубни ташкил этади. Баъзи бир тарихий асарларда тарихий шахслар, пайғамбарлар, саркардалар, сипохдорлар, подшохлар феъл-атвори, характер белгилари, жанг холатлари тасвирлари юксак бадиий махорат билан баён этилади (Масалан, Фирдавсийнинг “Шохнома”; Навоийнинг “Тарихи анбиё ва хукамо”, “Тарихи мулки Ажам”; Бобурнинг “Бобурнома”; Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарлари, турли саёхатномалар ва бошқалар). Айни ана шу санъатнинг ўзида этнография, антропология, социология, фалсафа, мантиқ ва бошқа фанлар йўналишларига хос бўлган қарашлар хам уйғун холда ўз аксини топганки, бу тарихни ўрганишда, воқеалар мохиятини англашда беқиёс шавқу-завқ, аждодлар хаётига катта қизиқиш ва хаяжон билан қараш, улар турмуш тарзи, дунёқараши ва анъаналарига катта эхтиёж сезишга олиб келган.
Ахмад Заки Валидий Тўғон Шарқ тарих фалсафасининг дунёга келиши, унинг ривожланиш омиллари ва тадрижий тараққиёти хусусида фикр юритар экан, улуғ исломшунос мутафаккирлардан бири Ибн Мискавайхнинг илмий қарашларига муфассал тўхтайди ва унинг «Давлат идораси, даврнинг рухияти, миллатларнинг уйғониши ва инқирозларнинг сабаблари каби масалаларни ички бир алоқадорлик билан тушунтирган, ўрни келганда уларни ойдинлаштиришга журъат қилган»60 буюк муаррих сифатида бахолайди. Демак, Шарқ тарихшунослиги ва тарих фалсафасида давлат, жамият, бошқарув ва инсон тушунчалари атрофидаги мулохазалар, мушохада ва илмий мухокамалар анча илгари вужудга келган ва Ғарб тарихий тафаккурининг шаклланишига, тарих фалсафаси предмети хамда методологиясининг янги цивилизациявий давр талаблари даражасига кўтарилишида мухим манба бўлиб хизмат қилган .
Ахмад Заки Валдий Тўғон ислом олами тарихшунослиги ва тарих фалсафаси предмети, унинг методологияси, ўрганиш усуллари ва услублари, тадқиқот объекти ва субъекти хусусида фикр юритар экан, қатор Шарқ алломалари илмий меросини чуқур ўрганганини кўрсатади. Жумладан, Тожиддин Абу Наср Абдулвахоб ибн Тоқиуддин Ас-Субкий (вафоти 1370) Шофеи фақихларининг таржимаи холларига оид ёзган асарларида тарихчилар учун мухим қоидаларни тавсия этади. У тарихчиларда холислик асосий фазилатга айланиши зарурлигини алохида таъкидлайди. Кимларнидир кўкка кўтариб мақтаб, кимларнидир ер билан яксон қилишларини ижобий ходиса деб бахоламайди ва қуйидаги қоидаларни тавсия этади:
-тарихчи бетараф ва сўзида содиқ, изчил бўлмоғи;
-бошқалардан сўзлар нақл этар экан, малакали иқтибос қилмоғи, ривоятларнинг фақат маъносини олиб, уларни ўзи ёқтирган иборалар билан ёзмаслиги;
- бошқалардан ривоят нақл этар экан, унинг тўғри ёки ёлғон эканлигини музокара қилиб (тахрирдан ўтказиб) олиш;
- хабар ва ривоятлар кимдан нақл этилса у ровийнинг исмини мухаққақ зикр этиши, яъни ривоят келтирувчи исми шарифини аниқ кўрсатиш ва х.к61.
Субкийнинг тарих фалсафасида хар қандай далилни чуқур ўрганиш, хар бир сўзга алохида эътибор бериш, уни тўғри талқин қилиш қоидалари устиворлик қилади. Ахмад Заки Валидий ибораси билан айтганда «Тарихий ходисаларни аниқ англаш «Хусни тасаввуф (ходиасани содир бўлишидаги сабабларни аниқ ва тўлиқ қамраб ола билиш) ва илмдан бошқа бир химоя қилиш ва таркиб бериш қадратига эга бўлиш» зарурдир. Чунки баъзи муаллифлар ўзларида ходисаларнинг сабабларини чуқур билган холда қамраб олиш истеъдоди ва илм мавжуд бўлгани холда билган нарсаларини таснифлаш вақтида талабчанлик, тартиблаш ва буни изчил давом эттиришни намоён қилолмайдилар»62.
Ана шу ерда тарихнавислик, тарихни илмий-фалсафий тадқиқ этишнинг тарихчи маънавий даражаси ва илмий салохияти билан боғлиқ талаблари кўзга яққол ташланади. Баъзан шундай холатлар юз берадики, тасодифий ёки тақдир тақозоси билан айримлар муаррихликни касб қилиб олишади. Алохида кўникма, тажриба, қалб гавхарини ишга солиш, махсус тайёргарлик билан бирга хис қила олиш, интуициядан узоқ холатда иш юритади. Ёки билимсизлик, тарафкашлик,юзаки фикрлаш оқибатида сохта тарих яратади.
Темурийлар даврининг буюк муаррихларидан бири Мирхонд Шарқ тарих фалсафасида алохида мавқе эгаллайди. У тарихий тараққиёт ва инсоният ўтмиши қонуниятларини ўзига хос талқин этади. Унинг илмий фаолиятида тарихий тафаккур бадиий тафаккур билан қоришган холда юксак илмий-бадиий, фалсафий-мантиқий мақомга эга бўлади.
Мирхонд ўзининг «Равзат-ус-сафо» асарининг муқаддимасида тарихни идрок этиш, тушуниш ва уни фалсафий ўрганишнинг бир қатор тамойилларини ўртага ташлайди. Жумладан:
Хар бир киши фақат ўзининг мушохада кузатувларига таянибгина тарих ёза олмайди. Тарихий асар заруратан бошқалар берган хабар – ривоятларга таянади. Шунинг учун бир (тарихий) ёзишга киришилар экан, ривоятларнинг тўғрисини ёлғонидан ажратиб олиш бирламчи шартдир.
Тарихнинг фойдаси, инсоният жинси ўз бошидан кечирган хол- авхолларни бир бутун холда мушохада қилиб хаёт учун йўл топишда бекорга Қуръони Каримда «...Уларни Аллох тўғри йўлга бошлаган, Сен хам уларнинг тўғри йўлидан боражаксан» ва Хадисда хам дунёда эга бахтли масхуд инсон бошқаларнинг бошидан ўтган ишлардан ибрат олган кимсадир» дейилмайди-да.
Тарихга, айниқса, давлат одамлари эхтиёжлидирлар. Мирхонд буни уч моддада англатганидан сўнг тарихни янглиш бир шаклда ёзиш ватанга ва давлатга хиёнатдир», бекорга Қуръони Каримда бундай бузуқ ёзувчилар хақида «Сўзларни ўз жойларидан силжитиб бузадилар» дейилмаган ва уларни ана шу тарзда қоралаган.
Тарихнинг бир мукаммал холга келтирилиши ва таснифининг қуйидаги шарти бор:
хар бир нарса-ходиса у қандай бўлса шундайлигича ёзиш;
хар бир нарсанинг фазилати, хайратга солувчи жихати, одиллик ва эхсон билан боғлиқ жихатлари бўлганидек, қабих-чиркин, разолатли томонлари хам бўлади. Улар асло пинхон қолдирилмаслиги керак63.
Ахмад Заки Валидий Тўғон ана шу тарзда Мирхонд тарих фалсафасини чуқур тахлил этади. Унинг ўзига хос принципларини, талабларини ва тадқиқот тамойилларини юксак илмий-назарий меъёрлар асосида ўрганади. Тарихчи-тадқиқотчи ёки тарихнависнинг илмий-назарий салохияти билан бирга маънавий-ахлоқий даражаси, бетарафлиги ва холислиги хусусидаги қатъий хулосаларини ўртага ташлайди.
Умуман олганда Шарқда ахлоқ категорияси ижтимоий хаётнинг хамма сохаларида устиворлик қилади. Турмуш тарзи, хаётга қарашлари ана шу ўлчовлар асосида тартибга солинади. Бу бевосита Шарқ тафаккур тарзининг ва хаёт мохиятининг бутун қадриятини белгилайди.
Илмда эса бу яна хам мухим ахамият касб этади. Илмий холислик, хулосалар ва хукмларнинг юксак даражада асосланганлиги, хар қандай фикрлар ва қарашларга хурмат билан муносабатда бўлиш, ножўя, асоссиз ва хатто, тухматдан иборат бўлган тарихий далиллар ва маълумотларга ўта оғирлик, вазминлик, андишалилик нуқтаи назаридан ёндошиш мухим қоидага айланган. Ана шу тартибот талабларидан келиб чиқиб Ахмад Заки Валидий «Муаррих сўзида тўғри, сўзига содиқ бўлмоғи, динни дунёга қориштирмайдиган, салобат сохиби бўлмоғи даркорки, токи унинг китобини ўқийдиган авлодлар вабодек нарсаларга дучор бўлмасинлар. Шу нуқтаи назардан ва эътибор билан тарих ёзиш бенихоя юксак савияда маъсулиятли бир ишдир. Муаррих буни яхши билар экан, харакатини қилмоғи, барча нарсаларни ва ўзидан ўқшишдан қатъий сақланмоғи зарур. Шундай қилсагина муаррихнинг асари қиёматгача қўлдан-қўлга ўтиб юравэради ва хар инсон ундан фодалавэради»64, деган эди.
Шуни алохида эътиборга олиш керакки, Шарқ фалсафий тафаккури Ғарб фалсафий тафаккуридан тубдан фарқ қилади. Бу бевосита диний ва дунёвий қарашларнинг уйғун холда вужудга келгани, жумладан, Ислом таълимоти, инсон, табиат ва бутун борлиқ ўртасидаги дахлдорликни, уларнинг ўзаро боғлиқ жихатларининг мавжудлигига қаратилганлиги бўлса, иккинчи мухим жихати – инсон хаёт гултожи сифатида қалб ва туйғу олами, покиза рух ва ахлоқ тимсоли сифатида кўринишидир. Бу бевосита турмуш тарзи, урф-одатлари орқали яхлит жамият маънавий қиёфасини, тарихий-тараққиёт мохиятини белгилайди. Демакки, тарихни англаш, тадқиқ этиш ва уни фалсафий идрок этишнинг шарқона – юксак маданият ва ахлоқ тамойилларига асосланган шаклини вужудга келтиради.
Ахмад Закий Валидий Тўғон тарихни ўрганиш, инсоният тарихий тараққиётининг босқичлари, цивилизация ва уларнинг таназзуллари қонуниятларини чуқур ўрганар экан, у араб-мусулмон тарихчилиги, тарихшунослиги ва тарихни фалсафий-мантиқий ўрганиш қоидаларини анча чуқур тадқиқ этади. Айниқса, Табарий, Баламий, Беруний, Абул-Ғозий, Ибн Соат, Мирхонд ва бошқаларнинг тарих методологиясини хамда қарашларини ўз замондошларидан кескин фарқ қиладиган даражада анча чуқур тадқиқ этади ва Шарқ тарих фалсафасининг ўзига хос сахифасини очади.
Файласуфлар М.Абдурахмонов ва А.Зохидийларнинг фикрларига кўра, 1928-1940 йиллар оралиғида Ахмад Закий Валидий Тўғон «Турк тарихи», «Турк тарихининг умумий хадларига доир илк мадхал дарси», «Ўн етти қум босган шахар ва Садри Мақсудий», «Бугунги Туркистон ва яқин мозийси», «Умумтурк тарихига мадхал», «Турк тарихига мадхал» ва бошқа қатор фундаментал тадқиқотларни амалга оширди, уларни Истанбулда нашр этди65. Ана шу асарлари билан у тарих методологиясини янада чуқурлаштириш, унинг қонуниятларига аниқлик киритиш ва тарихни талқин қилишда Шарқ араб-мусулмон ва, хусусан, Тркистон тарихини ўрганиш, уни англаш, талқин этиш тратиботини вужудга келтирди. Вахоланки, бу пайтгача қатор тадқиқотлар, методологик асослар вужудга келган бўлсада, улар хали тугал фан нуқтаи назаридан нихоясига етказилмаган, аниқ тизимга эга бўлмаган, тарқоқ ва хилма-хил қарашлардан иборат бўлган фикрлар силсиласи эди.
Ахмад Заки Валидий Тўғоннинг тарих фалсафасини яратишдаги илмий қадрияти шундаки, у Туркистон тарихига доир турли қарама-қарши, зиддиятли ғояларга аниқлик киритди. Зотан, Туркистоннинг бой маданияти ва улкан цивилизациявий тараққиётига турли манфаатлар орқали қараш, бошқача қилиб айтганда, уни таллон-тарож қилиш, хар ким ўзининг мулкига айлантириш тенденцияси хукумронлик қилар эди. Жумладан, кимлардир европапарастлик, ғарбпарастлик, яна кимлардир слявянпарастлик, бошқа бировлар эса эронпарастлик манфаатлари нуқтаи назаридан ёндошиб, қадимий Туркистон маданиятига эгалик қилиш даъволари билан яшардилар. Вахоланки, Туркистон азал-абаддан яхлит макон хисобланган. Туркистон халқлари тарихи инсоният тарихи билан тенгдош, жахон тарихининг ибтидоси билан хамоханг равишда ривожланган ва умуман инсоният хаётига маданият олиб кирган буюк тарих ва мўъжизавий қадриятдир.
Туркистон халқи ўз худуди доирасида инсоннинг илк пайдо бўлиши, жамоачиликнинг бошланиши, маълум жамият қиёфасига эга бўлган ижтимоий хаёт тарзидан бошлаб бугунги цивилизациявий даражагача бўлган ноёб, ўзига хос, жозибадор ва айни пайтда нихоятда изтиробли, зиддиятли, кескин вайронгарликлар ва буюк кашфиётлар, севинчу изтиробларни ўзида мужассам этган яхлит тарихдир. Ахмад Заки Валидий Тў¼он Туркистон тарихига ана шундай ёндошади ва уни бутун буюклиги-ю фожеалари билан яхлит холда тадқиқ этади.
Ахмад Заки Валидий Тўғон тарих фани тараққиётини тор доирада тушунмади. У тарих мантиғини излашда манбашунослик, тарихий тилшунослик, археология, этнография, полеонтология, эпиграфия, нумизматика, социология, фалсафа ва мантиқ фанларининг умумий талаблари ва методологик асослари орқали ўрганди. Тарихни англаш ва тушунишда бу жуда улкан ва ўзига хос, илмий-назарий жихатдан прогрессив ходиса эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |