Психологик фанларда ўзига хослик ва қонуниятларни шаклланиши Психиканинг қуйи даражаси онгсизликдир. Онгсизлик – бу шундай психик жараёнлар ва ҳодисалар йиғиндисики, унда инсон ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бермайди, англамайди. Бунга туш кўриш, баъзи патологик ҳодисалар, алаҳлаш, галлюцинация кабилар киради.
Онглиликдан фарқли ўлароқ, онгсизликда амалга оширилаётган ҳаракатларни мақсадли назорат қилиш, шунингдек, натижаларини баҳолаш имконияти мавжуд эмас.
Онгсизлик тушунчаси психологик ва фалсафий фикрларнинг турли йўналиш вакиллари томонидан қуйидаги кўринишларда таърифланади:
- ахборотни қайта ишлашни бу жараённи субъект кечинмалари даражасида акс эттирмаган ҳолда амалга оширувчи мия фаолияти сифатида;
- субъект томонидан англанмаган кечинмалар сифатида.
Онгсизликда субъект воқеликни ўзини бошқа одамлар ва ҳодисалар билан тенглаштирган ҳолда, объектлар ўртасидаги мантиқий қарама-қаршиликлар ва фарқларни у ёки бу муайян белгилар бўйича аниқлаш орқали эмас, балки, бевоста эмоционал ҳис этиш, идентификация, эмоционал таъсирланиш, турли ҳодисаларнинг алоқадорлиги орқали бир қаторга бирлашиши каби ўхшатиш шакллари орқали бошидан кечиради. Онгсизликда кўпинча ўтмиш, ҳозирги ва келажак замон у ёки бу психик актга, масалан, тушда қўшилган ҳолда биргаликда мавжуд бўлади.
Онгсизлик соҳасига: биологик эҳтиёжлар (жинсий майллар, табиий эҳтиёжлар, озуқага бўлган эҳтиёж ва бошқалар); тилакларни сиқиб чиқариш (кимнингдир муҳаббатини қозонишга беҳуда уриниш, амалга ошмаган орзулар, яширин ҳафагарчилик); тушда содир бўладиган психик ҳодисалар (туш кўриш); сезилмайдиган, лекин реал таъсир кўрсатадиган сескантирувчиларга нисбатан жавоб реакциялари («субсенсор» таъсирланишлар); аввал англанган, лекин такрорланишлар туфайли автоматлашган ва шунинг учун англанмайдиган бўлиб қолган ҳара-катлар; мақсади англанмаган фаолиятга нисбатан айрим майллар ва бошқалар кира-ди. Англанмаган ҳодисаларга бемор одам психикасида юзага келадиган алаҳлаш, галлюцинациялар каби айрим патологик ҳодисалар ҳам киради.
Онгсизлик кўринишлари тўрт синфга ажратилади:
- онг усти ҳодисалари;
- шахснинг келажакдаги тилак моҳиятига эга бўлган фаолиятнинг англанмаган қўзғатувчилари (англанмайдиган мотивлар ва маъноли майллар). Бу синф ҳодисалари субъектнинг гипнотик ҳолатдан чиққандан сўнг ҳулқ-атворини тадқиқ қилишда аниқланган эди;
- фаолият кечишининг йўналишли ва барқарор бўлишини таъминлайдиган, унинг бажарилиш усулларининг анланмайдиган бошқарувчилари (операционал майллар ва автоматлаштирилган ҳулқ-атвор стереотиплари). Улар автоматлаштирилган ва ихтиёрсиз ҳаракатларнинг бошқарилиши, масалан, масалалар ечиш жараёни асосида ётади ва анланмаган тарзда олдиндан сезиладиган ҳодисалар ва бўлиб ўтган ўхшаш вазиятлардаги ҳулқ-атворнинг ўтмиш тажрибасига таянадиган ҳаракат усуллари образларига боғлиқ бўлади;
- қуйи сенсор идрокнинг ифодаланиши.
Фалсафада биринчи бўлиб онгсизлик ҳақидаги тасаввурлар субъект онгида мавжуд бўлмаган психик жараёнлар, усуллар ва ҳолатлар йиғиндиси сифатида 18 асрда Г.В. Лейбниц томонидан ифодаланган эди. 19 асрда онгсизлик психологик тадқиқотларнинг предметига айланди (И.Ф. Герберт, Г.Т. Фехнер, В. Вундт). Уни ўрганишга ХИХ аср охирида психопаталогия соҳасида бажарилган З. Фрейд ишлари туртки берди. Унинг фикрига кўра онгда мавжуд бўлмаган онгсизлик психик мазмун сифатида унга катта таъсир кўрсатади.
З. Фрейд назариясига биноан инсон психикасида уч соҳа: онг, онгости ва онгсизлик мавжуд. Онг даражасига у инсон томонидан англанадиган ва назорат қилинадиганларнинг барчасини киритган. Онг ости соҳасига Фрейд яширин ёки латент билимларни киритган эди. Бу инсонга тегишли бўлган, лекин айни вақтда онгда мавжуд бўлмаган билимлардир. Билимлар муайян рағбатнинг юзага келишида долзарблаштирилади, масалан, Ер - сайёра. Шундай қилиб, онг – бу музтоғнинг кўзга кўринаётган қисми, унинг катта қисми эса инсон томонидан англанган назоратдан яширилган.
Онгсизлик соҳаси, Фрейд бўйича, умуман бошқа хоссаларга эга. Улардан бири бу соҳанинг мазмуни англанмаслигидан, лекин ҳулқ-атворимизга катта таъсир кўрсатишидан иборат. Онгсизлик соҳаси ҳаракатчандир. Бошқа хоссаси онгсизлик соҳасида жойлашган ахборотнинг онгга қийинчилик билан ўтишидан иборат. Бу икки механизм: сиқиб чиқариш ва қаршилик кўрсатишларнинг фаолияти билан тушунтирилади.
Онгсизлик соҳасини З. Фрейд, онг билан келишмайдиган мотивацион энергия манбаи деб ҳисоблаган эди. Ижтимоий соҳадаги тақиқлар, Фрейдга кўра, онг «назорат»ини ҳосил қилади, невротик асабийлашишларда намоён бўладиган онг ости майллар энергиясини сусайтиради. Индивид низоли вазиятлардан халос бўлишга интилиб, ҳимоя механизмлари – сиқиб чиқариш, сублимация (ўрин олиш), омилкорлик ва регрессияга мурожаат қилади.
Шундай қилиб, инсоннинг психик фаолияти, унинг психикаси бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган уч даража: онгсизлик, онг ости ва онглиликда фаолият кўрсатади. Психик фаолиятнинг онгсизлик даражаси туғма инстинктив-рефлексга асосланган фаолият ҳисобланади; онг ости даражаси – маълум индивид тажрибасидаги ҳулқ-атворининг умумлаштирилган, автоматлаштирилган бир қолипдаги нусхалари – малакалари, кўникмалари, одатлари, ички туйғулари.
Туш кўриш, аффект, ваҳима, гипноз, ишонч, умид, севги, турли кўринишдаги парапсихик ҳодисалар (башорат қилиш, телепатия, экстрасенсор ҳодисалар), фобиялар, қўрқувлар, асабий хаёллар, ўз-ўзидан пайдо бўладиган хавотирланиш ва олдиндан қувончни сезиш – санаб ўтилган бу ҳодисалар англанмайдиган ва онг ости ҳодисалари ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |