Одам олий асаб фаолияти хусусиятлари Ташқи оламнинг бевосита сигналларини анализ ва синтез қилиш ҳайвонлар ва одам учун умумий хусусиятдир. Сезги аъзолари рецепторларига бевосита келувчи таъсиротлар (эшитиладиган ва кўриладиган сўзлардан ташқари) воқеликнинг биринчи сигнал тизими бўлиб, биз билан ҳайвонларда умумийдир. Биринчи сигнал тизими таъсирлагичларига ёруғлик, ранг, турли шовқинлар, хидлар, овқат таъми, иссиқ, совуқ, оғриқ в.б. киради.
Одамнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ривожланиши натижасида нутқ сигналлари, нутқ билан боғланган иккинси сигнал тизими вужудга келган. Бу сигналлар тизими — эшитиладиган, талаффуз этиладиган ва кўриладиган (уқиладиган) сўзларни қабул қилиш, идроқ этишдан иборатдир. Болада сўзларни тушуниш ва кейинчалик талаффуз этиш қобилияти ташқи объектлар ҳақидаги кўрув, тактил ва бошқа таассуротлар билан алоҳида товушлар (сўзлар) ассоциацияланиши – боғланиши натижасида ривожланади.
Иккинчи сигнал тизими ривожланишининг биринчи белгилари болада ҳаётнинг биринчи йили иккинчи ярмида пайдо бўлади. Уч ёшгача бўлган давр нутқ ривожланиши ва шаклланишининг энг оптимал давридир.
Одам ўз рецепторлари ёрдамида идроқ қиладиган нарсаларнинг ҳаммасини сўздан иборат сигналлар билан ифодалайди. “Сигналлар сигнали“ бўлган сўз муайян нарса ва ҳодисалардан йироқлашишга имкон беради. Иккинчи сигнал тизими одамнинг ижтимоий ҳаётига чамбарчас боғлиқ бўлиб, нутқ сигналлари, нутқ, тил кишиларнинг ўзаро алоқа воситаларидир. Жамиятдан ташқарида – бошқа кишилар билан алоқа қилмаган тақдирда иккинчи сигнал тизими тарраққий этмайди. Ёввойи ҳайвонлар олиб қочган болаларда нутқ ривожланмайди.
Одам бошқа кишилар билан бирга бўлганда шахсга айланади. Шахснинг ички мазмуни одамлар билан мулокот туфайли пайдо бўлган ва одамларга хизмат қилади.
Нутқ ҳам шартли рефлекс йўл билан ривожланади. Болада аста-секин турли предметлардан сигналлар қабул қилувчи пўстлок марказлари билан мазкур предметларни билдирувчи сўзларни қабул қилувчи нутқ марказлари орасида мустахкам боғланишлар пайдо бўлади. Биринчи сигнал тизими сигналларини қабул килувчи мия соҳаларидан қўзғалиш сўзларни қабул килувчи соҳаларга ўтказилади ва тескари. Бу ҳодисага электив иррадиация дейилади. Электив иррадиация иккинчи сигнал тизими фаолиятида намоён бўладиган ва унинг биринчи сигнал тизими билан алоқасини тавсифлайдиган янги физиологик тамойилдир.
Одам сўзни айрим товуш ёки товушлар йиғиндиси сифатида эмас, балки муайян тушунча сифатида идроқ этади, яъни унинг маъносини тушунади. Бирор сўзга масалан “сукмок” сўзига шартли рефлекс ҳосил қилгач, бу сўзни унинг синоними “йўлча” билан алмаштирганда шартли рефлекс такрорланади.
Фақатгина инсон тушунчаларга эга бўлиб, шу тушунчалар билан фикрлайди, фақат инсонда мавхум фикрлаш қобилияти бор.
Биринчи ва иккинчи сигнал тизимлар ўзаро ажралмасдир. Одамда барча таъсуротлар, тасаввурлар ва кўпчилик сезгилар сўзларда ифодаланади. Бундан келиб чиқадики, биринчи сигнал тизимида борликдаги нарсалар ва ҳодисалардан келган муайян сигналлар ҳосил қилган қўзғалишлар иккинчи сигнал тизимига узатилади.
Атрофдаги борликни фикрловчи мия томонидан акс эттирилишининг турли формалари мавжуд. Сезгилар, идроқлар ва тасаввурларда намоён бўладиган борликнинг конкрет-сезгиларда акс этилиши нисбатан соддароқдир. Ташқи дунёнинг мавхум-умумлаштирилган акси анча мураккаброқ бўлиб, мантиқий фикрлаш орқали тушунчалар, фикр-мулохаза ва хулосаларда намоён бўлади. Булар ҳаммаси инсон миясининг мавхумлаштирувчи иши оқибатидир.
Ташқи дунё сезги аъзоларига таъсир қилганда бош мияда сезгилар пайдо бўлади. Улар нарсалар ва ҳодисаларнинг алоҳида хоссаларини акс эттиради ва биринчи сигнал тизими орқали ҳосил бўлади. Сезгилар аста-секин йиғилиб нарсаларнинг бутун хоссалари мажмуасига айланади. Борликнинг сезгилар орқали конкрет акс эттирилишининг такомиллашган формаси тасаввурлардир. Тасаввурлар мия пўстлоғидаги тахлил ва синтез натижаси бўлиб, нарса ёки ходисанинг конкрет образидир.
Талаффуз этилган, ёзилган ёки хаёлимиздаги сўзларда ифодаланган мавхум тушунчалар билан фикрлаш қобилияти одамда борликнинг абстракт – умумлаштирилган аксини вужудга келтирган.
Нутқ функцияси катта ярим шарлар пўстлоғининг муайян структуралари томонидан амалга оширилади. Оғзаки нутқни таъминловчи нутқнинг ҳаракат маркази, Брок маркази сифатида маълум бўлиб, пешона пастки пуштасининг асосида жойлашган. Шу пуштанинг ўзида мазкур марказдан орқароқда нутқнинг артикуляция маркази мавжуд. Бу марказлар хасталанганда оғзаки нутқни таъминловчи ҳаракат реакцияларининг бузилиши кузатилади.
Нутқнинг эшитиш маркази (акустик марказ ёки Вернике маркази) чакка юқориги пуштасининг орқанги учдан бир қисмида ва унга яқин соҳада жойлашган. Бу марказнинг шикастланиши эшитилган сўзлар маъносини тушуниш қобилиятидан махрум этади. Нутқнинг куриш маркази (нутқнинг оптик маркази) бурчак пуштаси ( qyrus angularis) да жойлашган, бу марказ хасталикларида одам ёзилган сўзларни таниёлмай қолади, яъни ўқиш қобилиятини йўқотади.
Инсон тафаккури (интеллект) билан боғлиқ олий асаб функцияларининг турли формалари мияда муайян локализацияга эга. Иккинчи сигнал тизими фаолиятига жавобгар бўлган асаб структураларини аниқлаш усуллари асосан мияси хасталанган кишини клиник кузатиш ва унинг натижаларини миядаги патолого-анатомик ўзгаришлар билан таққослаш, нейрохирургик операциялар вақтида ёки даволаш учун мияга киритилган микроэлектродлар орқали мия турли структураларини таъсирлашдан иборат.
Шундай йўллар билан иккинчи сигнал тизими функцияларида чап ва ўнг яримшарлар турли аҳамиятга эга эканлиги аниқланди. Ўнг қўли устунлик қилувчи кишиларнинг кўпчилигида чап яримшар доминантлик қилади. Айнан чап яримшарлар турли қисмларининг хасталаниши (шикастланиши, қон қуйилиши, ўсма шиш) нутқ функциялари, таниш товушларни аниқлаш ва мақсадга йўналтирилган фаолиятнинг, яъни иккинчи сигнал тизими билан боғлиқ бўлган махсус инсоний функцияларнинг бузилишига олиб келади.
Қадоқсимон танани кесиб яримшарларни бир-биридан тўла ажратганда (эпилепсияни даволаш учун баъзан шундай қилинади) интеллект, темперамент в.б. сезиларли даражада ўзгармайди. Аммо бундай кишиларни чуқур физиологик текшириш орқали ҳар бир ярим шар функциясининг хусусиятлари аниқланган.
Текширишларнинг кўрсатишича, ўнг қўли устунлик қиладиган кишиларда ва 70% чапакайларда мавхум мантиқий фикрлаш (иккинчи сигнал тизими сигналларини қабул қилиш, қайта ишлаш, тахлил ва синтез қилиш) нинг ривожланишини чап яримшар таъминлайди.
Ўнг яримшар борликни бевосита қабул қилиш, яъни биринчи сигнал тизими сигналларини қабул қилиш, қайта ишлаш, тахлил ва синтез қилиш учун жавобгардир.
Биринчи ва иккинчи сигнал тизимларининг ўзаро чамбарчас боғланиши, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги фақатгина иккала яримшарларнинг биргаликда, ўзвий боғланиб ишлаганида мумкиндир.
Нутқнинг ривожланиши ва мантикий фикрлаш мия структуралари кўпчилигининг иштирокини талаб этади. Иккинчи сигнал тизими функциялари бузилишлари орасида энг кўп тарқалганлари қуйидагилар :
Агнозия (юн.гнезис-билим) – предметларни танимаслик ярим шарлар энса бўлаги хасталанганда кузатилади, аммо бунда одам предметларни кўради, уларни четлаб ўтади.
Эшитиш агнозияси – товушни эшитиш, аммо унинг ниманинг товуши эканлигини таниёлмаслик чакка бўлаги ишдан чиққанда кузатилади.
Апраксия (юн.праксис-фаолият) – мақсадга йўналтирилган фаолият бузилиши, бундай кишилар гугуртни ёқиб билмайди в.к.
Афазия – нутқ бузилишлари. Ҳаракат афазиясида (пешона бўлагидаги Брок маркази хасталанганда) одам сўзларни талаффуз этиш қобилиятидан махрум бўлади.
Аграфия – езишни унутиш тепа бўлаги хасталанганда кузатилади.
Вернике афазиясида одам сўзларни эшитади, аммо мазмунини тушунмайди, алекcия – ўқишни унитиш, амнезия – сўзларни унитиш.
Иккинчи сигнал тизими функциялари марказлари тўғрисида маълумотлар бир мунча шартлидир, мия тури зоналари, хатто бири иккинчисидан анча узоқда жойлашган зоналар шикастланганда ҳам нутқ, ёзиш, ўқиш, ҳисоблаш каби мураккаб фаолиятлар бузилади.