Бадиий матннинг лексик-семантик хусусиятлари
Адабиётнинг сўз санъати эканлиги ҳақидаги ҳақиқат жуда қадим замонлардан бери такрорланиб келинади. Демакки, адабиётнинг бош унсури сўз, умуман, тилдир. Адабий асарнинг абадий асар даражасига кўтарила билиши унинг лисоний таркиби ва асар муаллифининг бадиий ифода балоғатига боғлиқ эканлиги шубҳасиз. Шундай экан, ҳар қандай адабий асарнинг моҳиятини холис баҳоламоқ учун, энг аввало, унинг лисоний таркибининг ўзига хослиги таҳлил этилмоғи лозим.
Тил ва ёзувчи ўртасидаги муносабатни шахмат ва шахматчи ўртасидаги муносабатга қиёслаш мумкин. Шаҳматда ҳар бир донанинг мавқеи, даражаси, шахмат тахтаси устидаги ҳаракатланиш қоидалари аввалдан белгиланган. Ана шу қоидаларни тугал эгаллаш оқибатида юзага келган юксак маҳорати туфайли шахматчи тамоман янги, кутилмаган юришлар қилади, бетакрор комбинациялар яратадики, бу унга рақибини мағлуб ва мухлисини мафтун қилиш имконини беради. Тилда ҳам ҳар бир унсурнинг ўз вазифаси, маъно доираси, бошқа унсурлар, бирликлар билан боғланиш қонуниятлари мавжуд. Ана шу қонуниятлардан мукаммал бохабар бўлган, бадиий диди, сўз сезгиси ва маҳорати юксак ёзувчи бетакрор тасвир, кутилмаган, оҳорли бадиий лавҳалар, сўз чақинларини пайдо қила оладики, китобхон адибнинг нафақат ғояси, балки гўзал тилининг асирига айланади. Бунда ёзувчи умумхалқ тилидаги бадиий тасвирга фавқулодда мувофиқ бирликларни танлаш, саралаш ва сайқаллаш асосида, лисоний-бадиий қонуниятлардан келиб чиққан ҳолда уларга юкланган хилма-хил бадиий-эстетик маънолар ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Сўз қўллашнинг санъат даражасида ёки санъат даражасида эмаслигини баҳолаш учун, энг аввало, сўз, унинг маъноси ва бу маънонинг тузилишини аниқ тасаввур этиш лозим. Албатта, сўзнинг қўлланиши билан боғлиқ ҳолда юзага чиқадиган қўшимча маъно нозикликлари, мазмун ўзгачаликлари турли тасвир усуллари ва воситалари орқали реаллашиши мумкин. Аммо таъкидлаш жоизки, бундай қўшимча маъно нозикликлари аксар ҳолларда, аввало, сўз маъно қурилишининг ўзида имконият сифатида мавжуд бўлади, улар сўзнинг маъно қурилиши таркибида илгаридан қайд этилган бўлади.
Тилдаги номинатив бирликларнинг маъно тузилишини ўрганишда тилшуносликда семантиканинг коннотатив жиҳати тушунчасига алоҳида эътибор қилинади. Бу масалани монографик тарзда тадқиқ этган В.Н.Телия таърифича, «коннотация – тил бирликлари семантикасига узуал ёки оккозионал равишда кирадиган, нутқ субъектининг борлиқни жумлада ифодалашида унинг айни шу борлиққа бўлган ҳиссий – баҳолаш ва стилистик муносабатини ифодалайдиган ҳамда шу ахборотга кўра экспрессив қиммат касб этадиган мазмуний моҳият»дир.53 Коннотация, таърифидан кўриниб турганидай, сўзловчининг борлиқни ифодалаш воситаларига муносабатига дахлдор бўлган жиҳатдир. Масалан, юз, бет, чеҳра, рухсор, афт, башара, турқ каби сўзлар қаторидан тегишли нутқ вазияти ва субъектив нуқтаи назарга мувофиғини танлаш сўзловчининг ўзига берилган имконият эканлиги маълум. В.Н.Телия таъкидлаганидек, бундай сўзлар семантикасида «сўзловчининг ифодаланмишга бўлган муносабати ҳақидаги информация кодлаштириб қўйилган бўлади ва жумла қурилар экан, худди сиқилган пружина қўйиб юборилганидай, бу информация дарҳол ишга тушади», демак, луғат бирликлари фақат номинатив фаолият учунгина эмас, балки прагматик фаолият учун тайёр материал бўлиши мумкин. Тадқиқотчи айни шу ўринда ана шу мулоҳазаларга асосланган ҳолда сўзнинг семантик қурилишида номинатив жиҳатга қўшимча коннотатив жиҳатнинг бўлиши нутқий тежамкорлик учун ёрдам беришини ҳам таъкидлайди.54 В.Н.Телия сўзнинг лексик маъносини, камида, уч макроузвнинг комбинацияси сифатида тасаввур этиш мумкинлигини айтади: 1) маънонинг борлиқдаги муайян реалликни ифодаловчи денотатив узви; 2) категориал-грамматик узви; 3) нутқ субъектининг сўз орқали ифодаланган нарсага муносабатини англатадиган эмотив-модал узви.55 Ана шу учинчи узв экспрессив бўёқ, услубий бўёқ, эмоционал бўёқ, субъектив баҳо каби тушунчаларни умумлаштирувчи коннотатив маънолардир. Бундай узвнинг мазмун-моҳияти ўзбек тилшунослигида ҳам анча кенг очиб берилган. Масалан, «Ўзбек тили лексикологияси» китобида сўз нарса-ҳодисани ифодалаши баробарида кўпинча шу нарса-ҳодисага сўзловчининг субъектив муносабатини ҳам англатиши алоҳида таъкидланган: «...Луғат составидаги сўзларни кузатиш уларнинг баъзилари бирор нарса, ҳодисаларни атабгина қолмай, айни пайтда сўзловчининг ифодаланаётган тушунчага ўз баҳосини, муносабатини ифодаланишини ҳам кўрсатади. Бу муносабат доирасига ғазаб, эркалаш, қойил қолиш, нафратланиш, жирканиш, киноя каби хилма-хил эмоционал муносабат кўринишлари киради. Хусусан, азамат, ўктам, қойилмақом, сўлқилдоқ, бопламоқ, олчоқ, малъун, разил, сатанг, санқи, асфаласофилин, миянқи, қойил, дўндирма, момоқаймоқ каби сўзлар, маълум тушунча англатишдан ташқари, сўзловчининг шу тушунчага лоқайд қарамаслигини, аксинча, ижобий ва салбий эмоционал муносабатда эканлигини ҳам кўрсатиб туради. Бу баҳо элементи тингловчи томонидан ҳам одатда сўзловчи назарда тутгандагидек идрок этилади. Тилшуносликда бундай хусусиятга эга бўлган лексика эмоционал - экспрессив лексика, экспрессив - стилистик лексика терминлари остида ўрганилмоқда».56
Бадиий матнни лисоний таҳлил қилиш жараёнида ёзувчининг тилдан фойдаланиш маҳоратини намоён этадиган, эмоционал-экспрессив ифода семалари қабариқ ҳолда реаллашган лексик бирликларни аниқлаш ва улар адибнинг бадиий-эстетик мақсадига қай даражада хизмат қилгани ҳақида мулоҳаза юритиш талаб қилинади. Бунинг учун бадиий асар тилидаги маънодош, шаклдош, зид маъноли, кўп маъноли, тарихий ва архаик сўзлар, янги ясалмалар, шевага оид сўзлар, чет ва вульгар сўзлар ажратиб олинади ва асарга нима мақсад билан олиб кирилганлиги изоҳланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |