Марказий банк унинг вазифалари ва функциялари
Марказий банк – кредит тизимининг бош банки бўлиб, мамлакатда пул-кредит сиёсатини, эмиссия жараёнларини олиб боради.
Биринчи Марказий банклар бундан қарийб уч юз йил олдин тижорат банкларининг ривожланиши натижасида вужудга келган. Булар 1668 йилда ташкил қилинган Швед Рикс Жиро банки, 1694 йилда ташкил қилинган Англия банкларидир.
Европа мамлакатларида Марказий банклар анча кечроқ, асосан XVIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фаолият кўрсата бошлаган.
Банклар пайдо булишининг бошланғич даврларида улар марказий (эмиссия) ёки тижорат банклари тариқасида юзага келган эмас, яъни банклар ўртасида ҳозиргидек бўлиниш бўлмаган. Банк иши ривожланишининг биринчи босқичларида ривожланган мамлакатларда тижорат банклари капиталларни йиғиш мақсадида муомалага банкнотлар чиқарганлар. Банкларнинг йириклашуви, банк ишининг ривожланиши натижасида банкноталарни муомалага чиқариш йирик тижорат банклар қўлига ўта борган ва кейинчалик бирор йирик банк ихтиёрига берилган. Бу банк миллий ёки эмиссион банк кейинчалик марказий банк деб аталган. Марказий банк яъни кредит тизимини бошқариб турувчи, барча банклар фаолиятини назорат қилиб турувчи кредит институти сифатида намоён бўлади.
Жаҳон амалиётида марказий банклар вужудга келишининг икки асосий йўли мавжуд:
Биринчи йўл– бу узоқ давр давомида тижорат банкларининг ривожланиши натижасида, уларни милллийлаштириш йўли билан Марказий банкларнинг ташкил қилиниши. Бунга мисол қилиб, Англия банкини(1844 йил), Франция банкини(1848 йил), Испания банки(1874 йил), Германия Рейхсбанки(1875 йил), Италияда(1893 йил), Испанияда (1874 йил) мавжуд банкларнинг эмиссион марказ сифатида фаолият кўрсатишга мослашганлигини келтириш мумкин.
Иккинчи йўл ташкил қилингандаёқ Марказий банк – эмиссион марказ сифатида қабул қилинган банклар. Бундай банкларга АҚШнинг Федерал банклари, 1913 йилларда кўпгина Лотин Америкаси мамлакатларида ташкил қилинган банклар, Австрия банки ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
АҚШда Марказий банк функциясини 12 та Федерал Захира банкларидан иборат Федерал Захира тизими бажаради. Федерал Захира банклар акционер банклар бўлиб, бу банкларнинг акционерлари сифатида миллий тижорат банклари фаолият кўрсатади. Тижорат банклар акционер сифатида дивиденд олишади.
Марказий банклар ижрочи ташкилотлар таъсирисиз, ўз фаолиятини олиб боришлари керак.
Жаҳонда ўз фаолиятини олиб боришда энг мустақил бўлган банклардан бири бу Немис Федерал банки ва Бундес банки ҳисобланади. Баъзи бир давлатларда Марказий банк Парламентга ҳисобот беради. Кўпгина ҳолларда Марказий банклар ўз фаолиятида мустақил бўлса-да, шу билан бирга, давлат банки ҳисобланади:
Марказий банк қуйидаги асосий функцияларни бажаради:
– банкнотлар (нақд пуллар) эмиссияси;
– давлатнинг олтин валюта-захираларини сақлаш;
– пул-кредит сиёсати инструментлари ёрдамида иқтисодиётни
мувофиқлаштириш;
– кредит институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
– давлат банки сифатида фаолият кўрсатиш;
– тўлов-ҳисоб муносабатларини ташкил қилишни белгилаб
бериш;
– валюта курсини мувофиқлаштириш.
Жаҳоннинг барча мамлакатларида банкноталарни муомалага чиқариш функцияси марказий банкларнинг асосий функцияларидан бири ҳисобланади ва бу соҳада монопол ҳуқуқга эга. Кредит пуллар Марказий банк томонидан қонунда белгиланган равишда чиқарилади ва Марказий банк муомалага чиқарилган пулларнинг қайтиб банкка келиб тушиши чораларини ишлаб чиқишга зарур.