3. Тафаккур шакллари. мантиқ қонунлари
Тафаккур тил воситасида шаклланади. Тафаккур оламни мавҳумлаштириб, умумлаштириб акс эттиради. Мавҳумлик, умумийлик тил воситасида конкретлашади. Тил ёрдамида билимлар ҳосил қилинади, тўпланади, авлоддан-авлодга етказилади. Тил-кенг маънода олиб қаралганда, ахборот белгилари тизимини ташкил этади. Унинг асосий вазифаси-ахборотни шакллантириш, тўплаш, етказиш. Тил кишилар орасида муҳим алоқа воситаси ҳисобланади. Тиллар табиий ва сунъий тилларга бўлинади.
Табиий тиллар ёки миллий тиллар тарихан шаклланган товушлар ва графика (ёзув)нинг ахборот белгилари тизимидан иборат. Тафаккур шакллари табиий тиллар асосига қурилади. Табиий тиллар кўп функцияларни бажаради: кишиларнинг илмий ва амалий фаолиятлари жараёнида ўзаро бир-бирлари билан алоқа ва муносабатлар боғлаш имконини беради. Тил туфайли билим, кўникма ва малакалар авлоддан-авлодга ўтади, тил ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Сунъий тиллар табиий тиллар негизида яратилган ахборот белгилари тизимини ташкил қилади. Сунъий тил хабар, ахборотни аниқ, қисқа, тежамли баён этиш ва узатишга хизмат қилади. Математика, символик мантиқ, химия, мусиқа, ЭХМ учун алгоритмларда сунъий тиллардан фойдаланилади. Сунъий тил аниқ мазмунга эга бўлган фикрларни белгилар билан алмаштириш ва шу асосда ахборотни ихчамлаштириш, алгоритмлаш имконини беради. Мантиқда ҳам табиий, ҳам формаллаштирилган сунъий тиллардан фойдаланиб, фикрлар баён этилади. Масалан: «Тошкент - Ўзбекистоннинг пойтахти». Бу фикрни «S-Р»дир формуласи орқали ифодалаш мумкин.
Инсоннинг олам ҳақидаги фикрлари қанчалик турли-туман бўлмасин, уларнинг мазмуни ва тузилишида муайян умумийлик бўлади. Фикрлар тузилиши ва мазмунидаги бундай умумийлик мантиқий шакл деб юритилади.
Мантиқий шаклларда фикрлардаги умумийлик табиий (тушунча, мушоҳада, хулосаларнинг сўз ва гаплар воситасида ифодаланиши) ҳамда сунъий (шартли белгилар, формулалар, алгоритмлаш) тарзда ифодаланиши мумкин. Масалан: «Ўсимлик - организм», «Яхшилик - эзгуликнинг боши», «Ўзбекистон – мустақил давлат». Бу берилган мисоллар мушоҳада (ҳукм) ҳисобланади. Улар ҳар хил мазмунга эга. Лекин, улар мазмун жиҳатидан ўзаро бир-биридан қанчалик фарқланмасинлар, муайян умумийликка эгалар. Ўар уч фикр тасдиқ ҳукм (мушоҳада)га мисол бўла олади ва уларни «S-Р»дир мантиқий шаклида ифодалаш мумкин.
Фикрларнинг тузилишидаги ва боғланишидаги умумийлик мантиқий шаклларда ўз ифодасини топади. Масалан: «Агар электр токи берилмаса, трамвай тўхтайди», «Агар сув танқис бўлса, экин яхши ривожланмайди». Бу ҳар икки мушоҳада мазмун жиҳатидан ўзаро бир-биридан фарқ қилади, лекин мантиқий тузилишида умумийлик (ўхшашлик) бор. Хар икки ҳукм «агар» сўзи билан бошланган ва уларда S билан Р муносабати шарт борлигидан далолат беради.
Шунинг учун ҳам бу ҳар икки ҳукмни; Агар S-Р бўлса, S1-P1 дир формуласи орқали ифодалаш мумкин. Шундай қилиб, мантиқий шакллар фикрларнинг умумий томонларини ифодалайди. «S - Р» дир формуласи тасдиқ мушоҳадани, «S -Р эмасдир» инкор мушоҳадани ифодалайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |