3. Бозор муносабатлари шароитида миллатлараро маданий-маънавий муносабатларнинг кенгайиши ва чуқурлашуви. Бозор муносабатларига ўтиш даврида кўп миллатли давлатлар учун миллий сиёсатни тўғри, аниқ кўзланган мақсад асосида олиб бориш жуда муҳимдир. Бу эса тараққиётнинг жадаллашувига ёрдам беради. Миллатларнинг ва улар маданиятларининг бир-бирига таъсир кўрсатиши кўп миллатли давлатларда яшаётган халқларнинг маънавий-ақлий бойиши учун яхши манба бўлиб хизмат қилиб келган.
Миллатлар ўртасидаги турли муносабатларни уйғунлаштириш собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида янги мустақил миллий давлатлар қарор топаётган даврда, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу масалага зийраклик ва нозиклик билан ёндашишни талаб қиладиган долзарб масаладир. Кўп миллатли давлатларда миллий масалани барча миллат ва халқлар манфаатларини ҳисобга олмасдан ҳал этишга уриниш ёмон, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, кўп элатли давлатлар жумласига кирувчи Ўзбекистон Республикаси учун ҳам миллатлараро муносабат жуда муҳимдир. Бу ҳудудда асосий миллат – ўзбеклар билан бир қаторда ўз маданияти, анъаналари ва маънавиятига эга бўлган юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қиладилар. Уларнинг мамлакат аҳолиси умумий таркибидаги улуши 20 фоиздан ошиқни ташкил этади. Бозор муносабатларига ўтиш даврининг дастлабки босқичларида демократик ва сиёсий ислоҳатларнинг боришини умумий баҳолаб, айтиш мумкинки, Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар масаласига алоҳида, эҳтиёткорлик билан ёндашилмоқда.
Ўзининг таркиби ва мазмуни жиҳатидан хилма-хил халқлар бирлигидан ташкил топган бизнинг жамиятимизда миллатлараро тотувликни сақлаб қолишда бизнинг қонун базамиз яқиндан ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида: «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади», -деб таъкидланади. Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни Ўзбекистон Республикасининг ҳамма фуқароларига «...ижтимоий келиб чиқишидан, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллатга мансублигидан...қатъий назар» тенг сайлов ҳуқуқини беради.
Ўзбекистон ҳудудида яшайдиган этник озчиликнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш давлат концепцияси Ўзбекистон Конституциясида яққол белгилаб берилган. Унда айтилганидек, «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади». Мустақиллик йиллари миллатлараро маънавий ва маданий-маърифий муносабатларнинг кенгайиши ва чуқурлашуви ана шу қонун доирасида ривожлантирилиб келинмоқда. Шу йиллар мабойнида миллий уйғониш жараёни фақат ўзбеклар орасидагина кечиб келмаётир. Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллатларнинг вакиллари орасида ҳам этник - маданий, маънавий асосларда жипслашиш жараёнлари фаол юз бермоқда. 1989 йилдаёқ жамоат ташкилотлари - миллий-маданий марказлар ташкил этила бошлаган эди. Ҳозир Республикада 80 дан ортиқ миллий-маданий марказ мавжуд. Булардан баъзиларининг рўйхатини келтирамиз:
Ўзбекистон Республикасининг корейс маданий марказлари ассоциацияси (1993 й); қозоқ маданий маркази (1995 й); қирғиз маданий маркази (1995 й); Ўзбекистон немисларининг «Видегербурт» маданий маркази (1994 й); рус маданий маркази (1994 й); Ўзбекистон «Ахисха» турк маданий маркази (1997 й) ва бошқалар. Ўзбекистоннинг кўп миллатли жамиятини сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий жиҳатдан қайта қуриш жараёнида ижобий рол ўйнамоқда.
Бизнинг жамиятимиз этник гуруҳлар ва миллатлар ўртасида шу ҳудудда яшайдиган ҳар қандай одамга ўзини эркин ва тенг ҳуқуқли деб ҳис қилиши имконини берадиган ўзаро муносабатлар ўрнатишга интилмоқда. Юртимизда миллий айирмачиликнинг ҳар қандай кўринишлари қоралаб келинмоқда. Миллий калондимоғлик ғоят зарарли, биз улардан йироқ бўлишимиз керак... Чунончи миллий калондимоғлик касалига йўлиққан кишилар ўз миллий маънавиятини билиб, бошқа миллат маънавиятини тан олмайдилар. Бундай муносабат тамомила нотўғри. Улар жаҳон халқлари маънавий мероси ўртасидаги алоқадорликни, бир-бирини бойитишини билмайдилар.
Миллий маҳдудлик, худбинлик касалига чалинган кимсалар эса - менинг миллатим маънавияти, маданияти бўлмаганда жаҳон маданияти, маънавияти бўлмас эди, деган ғоят зарарли қарашни, ғояни илгари суриб, ҳимоя этадилар. Мустақиллик шароитида бундай зарарли ғояларни илгари суриш ва ҳимоя этишга интилиш миллатлараро муносабатларнинг негизига путур етказади, миллий тотувликка раҳна солади. Биз қанчалик ўз маданиятимиз, маънавиятимизни ҳурмат қилмайлик, шу билан бирга бошқа миллатлар, жаҳон халқлари маънавиятига ҳам ҳурмат билан қарашимиз лозим.
Бизнинг мақсадимиз «Юртимизда истиқомат қилувчи барча инсонлар учун миллати, тили ва динидан қатъий назар, муносиб ҳаёт шароити яратиб бериш, ривожланган демократик мамлакатлардаги кафолатланадиган турмуш даражаси ва эркинликларини таъминлаш»1.
Do'stlaringiz bilan baham: |