Таянч сўз ва тушунчалар:
Библия, Муқаддас Руҳ, пасха, чўқинтириш, хоч, икона, патриарх, епископ, диакон, папа.
Такрорлаш учун саволлар:
Христианлик биринчи бўлиб қайси даврда ва қаерда тарқалди?
Христианликнинг асосий ақидаси қандай?
Христианликнинг қандай асосий оқимларини биласиз?
Христианликнинг муқаддас китоби қайси?
Иисус Христос шахси ҳақида нималар биласиз?
Ҳозирги пайтда христианликнинг асосий марказлари қаерда?
Христианликнинг қандай манбаларини биласиз?
Библиянинг таркибига қандай китоблар кирган?
Адабиётлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: «Ўзбекистон», 2003, 4-6, 8-9, 14-27-бетлар.
Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Асарлар, 6-жилд, –Т.: «Ўзбекистон», 1998, 136-144, 149-162-бетлар.
Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: “Маънавият”, 2008 йил.
Авесто. Тарихий-адабий ёдгорлик. –Т.: «Шарқ», 2001.
Абдусамедов А. Динлар тарихи. –Т.: 2004.
Жабборов И, Жабборов С. Жаҳон динлари тарихи. –Т.: «Ўзбекистон», 2002.
Жўраев У., Саиджонов И. Дунё динлари тарихи. Ўқув қўлланмаси. –Т.: 1998.
Мўминов А, Йўлдошхўжаев Ҳ, Раҳимжонов Д ва бошқ. Диншунослик –Т.: «Меҳнат»-2004.
7.5. Ислом дини
Режа:
Ислом таълимоти.
Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳаётлари.
Ислом Макка даврида.
Мадинада ислом давлатининг вужудга келиши.
Жоҳилия. Бу сўз араб тилида (жаҳула-билмаслик) жоҳиллик, билимсизлик, нодонлик маъносини беради. Жоҳилия сўзи Арабистоннинг исломдан олдинги даврига нисбатан ишлатилади. Чунки бу даврда араблар орасида ал-Васаниййа - кўпхудолик ҳукм суриб, улар яккахудоликдан бехабар эдилар. Бундан ташқари халқ орасида қизларни тириклайин кўмиш, майхўрлик ва бошқа ахлоқий бузуқликлар кенг ёйилган бўлиб, ислом дини уларга чек қўйди.
Арабистон ярим оролининг Макка, Мадина, Тоиф, Хайбар сингари бир қанча энг муҳим шаҳарларини ўз ичига олган қисмини қадимдан Ҳижоз деб аташган. Бу ярим оролнинг катта қисмида ислом вужудга келгунига қадар кўпхудолик ҳукм сурарди. Арабларнинг энг қадимги динлари жумласига тотемизм, фетишизм, анимизм ва ўтмиш авлодларга сиғинишни киритиш мумкин. Тотемизмнинг яққол далили сифатида кўп араб қабилаларининг номини келтириш кифоя; асад (арслон), калб (ит), бакр (бўталоқ), саълаб (тулки), зиъб (бўри) ва ҳ.к.
Арабистонда ҳар хил худоларнинг тимсоли - санамлар қачон пайдо бўлганлиги ҳақида конкрет тарихий маълумотлар йўқ. Ҳарқалай, бут-санамларга сиғиниш - диннинг янги босқичи бўлди. Эрамиздан аввалги VIII асрдаёқ ҳар бир араб қабиласининг ўз санами бўлган. Икки қабила урушидан сўнг, одатда, мағлуб қабила ғолиб қабила санамига сиғина бошларди. Баъзида ғолиб қабила мағлуб қабиланинг санамини ҳам ўз санами ёки санамлари сафига қабул қилиши мумкин эди. Арабистоннинг турли ерларида муайян санамларнинг қароргоҳи мавжуд бўлиб, улар зиёратгоҳлар сифатида маълум эди. Макка Арабистоннинг диний марказига айлангач, у ердаги Каъба санамларнинг пантеонига (тўпланган жойига) айланиб қолди. Ислом арафасида араблар орасида бутпарастлик шунчалик авжида эдики, ҳатто ҳар хонадоннинг ўз санами бор эди, дейиш мумкин. Сафарга отланган киши бундай санамни қўли билан ишқаб, сўнг йўлга тушарди, сафардан қайтгач эса, биринчи навбатда у яна санамини силаб-сийпарди.
Ибн ал-Асирнинг уқтиришича, 630 йили Муҳаммад с.а.в. Маккани забт этганларида Каъба ичида 360 та санамни кўрганлар ва уларни синдириб ташлашни буюрганлар. Санамларнинг сони учун бу рақам жуда катта кўринади, аммо муайян санам бир неча қабилада эҳтиром қилинган бўлса, у Каъбага шунча нусхада қўйилган бўлиши мумкин.
Ибн ал-Калбийнинг араб кўпхудолигига бағишланган «Китоб ал-асном» асарида тилга олинган датлабки 5 санамнинг номи (Вадд, Суво’, Яғус, Я‘уқ, Наср) Қуръонда ҳам зикр қилинган (Нуҳ, 22-23-оятлар). Уларнинг тасвири кўпчиликка маълум эди. Вадд – эркак киши, Суво‘ – аёл киши, Яғус – шер, Я’уқ - от ва Наср – бургут қиёфасида ифодаланар эди.
Қуръонда зикр қилинган энг қадимги санамлар жумласига Манот, Аллот ва ал-‘Узза ҳам киради. Жоҳилия арабларининг тасаввурида бу уччала санам ҳам аёл худолар бўлган.
Ислом вужудга келиши арафасида Жанубий Арабистон аҳолисининг этиқодида катта ўзгаришлар юз берди. Арабистон ярим оролининг жанубида ҳам, шимолида ҳам аксарият аҳоли ҳар хил бут-санамларга сиғинарди, яъни кўпхудолик эътиқодида эди. Аммо арабларнинг бутпарастлиги фақат тотемизм, фетишизм каби ибтидоий, илк дин шакллари эмас, балки узоқ йўлни босиб ўтган, нисбатан ривожланган кўпхудолик эди.
Исломдан олдин Арабистоннинг кўп жойларида яҳуд жамоалари мавжуд бўлгани ҳақида маълумотлар кўп. Яҳудлар билан бирга Арабистон ярим оролига яҳудий дини ҳам кириб келди. Арабистон яҳудийлар ҳақида, асосан, Қуръон, Ҳадис, Тафсир, Сира ва аҳборлар китоблари хабар беради. Бу мавзуга аниқлик киритадиган ҳозирга қадар топилган ҳужжатларнинг энг қадимийси – Янги Бобил подшоҳи Набонидга (эр.ав.555-539) тегишли хроникадир. Унда айтилишича, эрамиздан аввалги 552-542 йиллар Шимолий Арабистондаги Тейма шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олган Набонид бу ердаги шаҳарларни ўзлаштириш мақсадида Бобилдан талайгина аҳолини кўчирган; улар орасида кўпчиликни яҳудлар ташкил қилган. Маълумки, бундан олдинроқ (эр.ав. 586 й.) Навуходоносор II Қуддусни забт қилганида салкам 30 минг яҳудийни асир қилиб, Бобилга келтирган ва «Бобил асирлиги» 50 йил давом этганди. Шундан сўнг ҳам баъзи яҳудлар Фаластинга қайтмай Бобилда қолиб кетгандилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |