4.Ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш босқичлари
Компьютер техникасининг тараққиёти натижасида ахборот тизимлари мураккаблашиб, маълумотлар базаларининг ҳажми йириклаша борди. Ҳозирги даврда бунақа тизимларни ишлаб чиқиш махсус услуб ва воситалардан хабордор бўлган мутахассислар жамоасининг вазифасига айланиб бўлган. Ахборот тизимларини яратишни қуйидаги босқичларга бўлиш қабул қилинган:
предмет соҳасини таҳлил қилиш босқичи;
лойиҳалаш босқичи;
бевосита кодлаш босқичи;
синовдан ўтказиш ва кузатиб бориш босқичи.
Ахборот тизимларининг мураккаблашуви оқибатида уларни ишлаб чиқиш жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликлар эҳтимоли ҳам ошиб боради. Бундай хатоликлар жуда катта зарар келтиради. Масалан, аввалги босқичда йўл қўйилган хатоликни тузатиш, ушбу босқичда йўл қўйилган хатоликни тузатишга қараганда бир неча ўн баравар қимматга тушади. Шунинг учун, предмет соҳасининг таҳлили ва ахборот тизимини лойиҳалаш босқичлари алоҳида аҳамият касб этади.
Ахборот тизимлари, хусусан уларнинг негизи бўлган маълумотлар базаларини яратишда дастлабки уч босқич муштарак ҳолда, қисқа қилиб лойиҳалаш босқичи ҳам дейилади. Албатта, даставвал фойдаланиладиган маълумотлар модели танланади. Маълумотлар базасини лойиҳалаш жараёни, одатда қуйидаги асосий босқичлардан ташкил топади:
Предмет соҳасини таҳлил қилиш ва маълумотлар базасининг ахборот истеъмоли талабларини аниқлаш.
Маълумотлар базасида моделлаштирилиши лозим бўлган объектларни таҳлил қилиш. Ушбу объектлардан моҳиятлар ва уларнинг хусусиятларини ҳосил қилиш ҳамда уларнинг рўйхатини тузиш. Масалан, «номи», «ранги», «оғирлиги» ва бошқа хусусиятлар «деталь» моҳиятининг хусусиятлари сифатида келтирилиши мумкин.
Танлаб олинган МББТ (Paradox, dBase, FoxPro, Clipper, Access, InterBase, SyBase, Informix, Oracle ва ҳоказо) талқинида моҳиятлар ва хусусиятлар учун мос келувчи ахборот объектларини (масалан, жадваллар ва устунларни) белгилаш.
Ҳар бир объектни қайтарилмас тарзда белгилайдиган атрибутларни аниқлаш.
Маълумотлар бутунлигини белгилайдиган ва уни сақлаб туришга қаратилган қоидаларни ишлаб чиқиш.
Объектлар (масалан, жадваллар ва устунлар) орасидаги алоқаларни ўрнатиш.
Маълумотларнинг ишончлилиги ҳамда зарур ҳолларда маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш масалаларини режалаштириш.
Мураккаб тизимларни, жумладан ахборот тизимини, ишлаб чиқиш учун кетадиган вақтни тахминан ушбу тизимдан фойдаланишнинг даври билан қиёслаш мумкин. Ушбу вақтни қисқартириш эса муҳим масалаларидан бири бўлиб қолади. Бунга, кўпинча жамоавий иш ташкил этилиши эвазига эришилади.
Ахборот тизимини ишлаб чиқувчи мутахассис ҳаётда юз берадиган жараёнларни ҳисобга олиши ва уларни тўғри ифодалай билиши лозим. Бунинг учун қабул қилинган услуб тайёр лойиҳага ўзгартиришларни имкон қадар тезроқ киритишга йўл бериши лозим. Бунда лойиҳа ҳужжатларининг аниқлаштирилганлиги ҳам муҳим рол ўйнайди.
Шу нуқтаи назардан ахборот тизимларини автоматлаштирилган лойиҳалаш воситалари катта аҳамият касб этди.
Шунга қарамасдан, маълумотлар базаларини лойиҳалашнинг назарий-услубий масалалари билан яқиндан танишиш, ахборот тизимлари, хусусан маълумотлар базаларини лойиҳаловчи шахснинг амалий иш жараёни учун муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, маълумотлар базаларини лойиҳалаш босқичларини қисқача ёритишга эътибор қаратамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |