Kamtarlik haqida
Garchi shuncha magʻrur tursa ham,
Piyolaga egilar choynak.
Shunday ekan, manmanlik nechun,
Kibru havo nimaga kerak?
Kamtarin boʻl, hatto bir qadam
Oʻtma gʻurur ostonasidan.
Piyolani inson shuning-chun
Oʻpar doim peshonasidan.
(Erkin Vohidov)
***
Хайрлашдик… ўйнар капалак…
Биз асир бўлмадик лаҳзага.
Хайрлашдик бесўз, беюрак,
Бу боғ, бу гул келди ларзага.
Шабнамнинг соф қадаҳи синди…
Кулимизни совурди фалак —
Сен мендан айрилдинг, мен сендан.
Ўйин тушар рангин капалак.
Ўйнар, ўйнар, ўйнар капалак.
Бир лаҳзанинг фармони қолди.
Хайрлашдик. Бесўз. Беюрак.
Буюк севги армони қолди…
Қандай гўзал, рангин капалак…
***
Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар,
Тонг отмоқда, қуёш — замбарак.
Яраланган Ер шари ётар,
Бошларида яшил чамбарак.
Тонг отмоқда, мусаффо тонгга
Юрагини тутар одамлар,
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонг дея ўтар одамлар.
Тонг отмоқда…
(Рауф Парфи)
***
Nafaqat o’tsang yozib,
Kuz yanglig’ so’lib, ozib,
Bozillagan cho’g’ bosib,
Qo’rdayam hayqirolsang,
Demakki, Sen shoirsan!
Oltinmi yo olmosda,
Tig’da yurolsang, rost-da,
Itqitsa, oyoq ostda,
To’rdayam hayqirolsang,
Demakki, Sen shoirsan!
Nafaqat ko’tarsa xalq,
Ko’ksingdan itarsa xalq,
Peshonang namakob, talx,
Sho’rdayam hayqirolsang,
Demakki, Sen shoirsan!
Nafaqat zar, zo’rlarni,
Uzsang, to’sin, to’rlarni,
Chayqaltirsang go’rlarni,
Go’rdayam hayqirolsang,
Demakki, Sen shoirsan!
“ESKI O’ZBEK TILI”ga
Mening tig’ tilgan tilim,
Mening kesilgan tilim,
Bahaybat to’g’on tushib,
Yo’li to’silgan tilim.
Qushning unut patiday
To’kilgan unut jonim,
Kitoblarning qatida
Rangi-ro’yi somonim.
“Eski o’zbek tili”mas,
Dedilar eskirgan til,
Qo’rqib chiqarmoqqa sas,
Sandiqlarga kirgan til.
Senda bodom isi bor,
Senda bobom isi bor,
Bolam na rus, na o’zbek,
Arosat belgisi bor.
Besh yuz yillar avvalgi
Xatni men anglayman, bas,
Men bugun aytganimni
Bolam ba’zan tushunmas.
Ko’kragimda dod qotgan,
Yaqinlashar katta xavf,
O’z tilini yo’qotgan
Xalq bo’lmasmi yerdan daf.
Oldga, safarbarlikka
Qanday yaraydi bolam,
Ortidagi jarlikka
Qanday qaraydi bolam.
Uni kim qilib qo’ydim,
Kim bo’ldi og’am-inim,
Tomir-tomirim kuydi,
Sindi bo’g’in-bo’g’inim...
Umrimning shom, kechiga
Shu o’y sanchilib turib,
“Lug’atit-turk” ichiga
Yoshim tomchilab turib,
Dedim: — Tig’ tilgan tilim,
Mening kesilgan tilim.
(Halima Xudoyberdiyeva)
ОЛАМОНГА
Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.
Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошога бунчалар ўчсан?
Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан ,эй сен,оламон?
ОНА ТИЛИМГА
Минг йилларким булбул каломи,
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
(Абдулла Орипов)
ОТА ЎГИТИ
Ҳар битта сўз — сувдек азиз,
Ҳар битта сўз — нондек увол.
Тил бойлигин боғ деб билсак,
Ҳар битта сўз — битта ниҳол.
Бирон сўзни исроф қилмоқ
Бир кўчатни юлмоқликдир.
Бора-бора, отамерос –
Боғни хароб қилмокликдир.
Э болам, ёт юртга борсанг,
Не аталур элинг, дерлар.
Қай миллатнинг вакилисан,
Борми она тилинг, дерлар.
Шунда, менинг қутлуғ тилим –
Навоийнинг шеъри, дегил.
Юртим — Улуғбегу Бобур,
Амир Темур ери, дегил.
Айт ғурур-ла Берунийлар,
Фарғонийлар аждодим, деб.
Кошғарийлар дарсин тинглаб,
Ўткирланган саводим, деб.
Мақтанма ҳеч қиммат кийим,
Олтинлару қасринг билан.
Фахр эт доим қудратли юрт,
Бой тил, насаб-наслинг билан.
Обрўйингни баланд тутмоқ,
Э болам, ўз қўлингдадир.
Сенинг оламдаги нархинг
Ватан, миллат, тилингдадир.
***
Туғилдингми — самар қолдир,
Ўзлигингдан хабар қолдир:
Хоқон эрсанг, шаҳар қолдир,
Зобит эрсанг, зафар қолдир,
Олим эрсанг, асар қолдир,
Ҳофиз эрсанг, лапар қолдир,
Чўпон эрсанг, отар қолдир,
Косиб эрсанг, ҳунар қолдир.
Лоақал тинч рўзғор қуриб,
Юртингга бир аскар қолдир.
(Анвар Обиджон)
***
Она, келганингизда
Кўйлак олиб бермадим...
Пулим йўқ эди, она.
Она, келганингизда,
Очилиб гаплашмадим...
Вақтим йўқ эди, она.
Она, келганингизда
Кулиб-кулиб юрмадим...
Бахтим йўқ эди, она.
Она, келганингизда
Йиғламадим ўксиниб...
Ҳаққим йўқ эди, она.
Она, бахтиёр бўлинг!
Сизни қўлласин тақдир.
Она, бахт ўзи нима,
Она, бебахтлик надир?..
***
Ташқарида ёмғир ёғар,
Кўз ёшдан ҳам оғир ёғар.
Бу юраксиз дунё узра
Юрак ёғар, бағир ёғар.
Айрилиққа кўним йўқдир,
Наҳот, ишққа ўлим йўқдир.
Кўз ёшингни артмоқликка
Қўлим йўқдир,
Кўнглим йўқдир...
(Усмон Азим)
Do'stlaringiz bilan baham: |