Мактабгача таълим муассасаларда чиниқишнинг мазмуни, тамойиллари ва хусусиятлари, чиниқтиришда анъанавий ва ноанъанавий турлари. Мавзу режаси: Болаларни чиниқтириш.
Чиниқтиришнинг асосий тамойиллари, хусусиятлари.
Организмни чиниқтириш – организмнинг ноқулай иқлим шароитлари (ҳавонинг паст ва юқори ҳарорати, паст атмосфера босими ва бошқалар) таъсирига чидамини ошириш тадбирлари. Организмни чиниқтиришни болаликдан бошлаш муҳим.
Одам организми ўзгариб турадиган ташқи муҳит шароитларига мувофиқлашган ҳолда (қ. Адаптация) чиниқиб боради. Бирор омил (совуқ, иссиқ ва бунинг мунтазам, кўп марта таъсир этиши ва улар дозасини тобора ошира бориш йўли билан чиниқтирувчи эффектга эришилади, чунки шундай шароитлардагина организмда мосланадиган ўзгаришлар ривожланади: нейрогуморал ва моддалар алмашинуви жараёни такомиллашади, атроф муҳитдаги нохуш омиллар таъсирига организмнинг умумий қаршилиги ошади. Организмни чиниқтиришга организмнинг муайян физик омиллар таъсирига сезувчанлигини аста-секин пасайтириш орқали эришилади. Чунончи, маълум даражадаги совуқ билан мунтазам таъсир кўрсатиш, асосан, паст ҳарорат таъсирига, иссиқ билан таъсир кўрсатиш эса юқори ҳарорат таъсирига чидамликни оширади. Организмнинг совуққа чидами оширилган бўлса-да, иссиққа ёки паст атмосфера босими ва бошқа(лар)га чдаш бера олмайди. Чиниқтирувчи муолажалар тўхтатилгандан сўнг чиниқиш кучи пасаяди ва, одатда, 1-1,5 ойдан кейин бирор хил физик омилга чидамлилик йўқолади.
Организмни совуққа чидамли қилишнинг амалда аҳамияти муҳим, чунки совқотиш жуда кўп ҳолларда ўткир респиратор касалликларга сабаб бўлади. Совқотиш даражасини аста-секин ошира бориш йўли билан организмни совуққа чидамли қилинади. Совуққа ўрганган кишилар организмида иссиқлик ҳосил бўлиши бирмунча жадал боради, бу – терининг қон билан яхшироқ таъминланишига имкон беради ва юқумли касалликларга ҳамда совуқ уришига чидамини оширади. Тери мугуз қаватининг бироз қалин тортиши ҳисобига ҳам совуқ сезиш пасаяди, натижада терининг иссиқликни изоляция қилиш хоссаси кучаяди. Совуққа ўрганмаган кишиларда тананинг ҳатто озгина қисмининг совқотиш ва умумий совқотиш бурун шиллиқ пардаси томирларининг кенгайишига, унинг яллиғланиб, секретар суюқликнинг кўп ажралишига, яъни юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор касалликларига олиб келади. Совуққа чиниккан кишиларда юқори нафас йўллари шиллиқ пардасида бундай реакция кузатилмайди. Офтоб, ҳаво (қ. Ҳаво ва қуёш ванналари) ва сувдан оқилона фойдаланиш йўли билан ҳам организмни совуққа чиниқтириш мумкин. Ҳўл сочиқ билан артиниш, бошдан сув куйиш, душ қабул қилиш, чўмилиш энг қулай ва таъсирчан сув муолажаларидан ҳисобланади. Уларни дастлаб уй ҳароратидаги сувдан бошлаш, сўнгра ҳароратни аста-секин пасайтириб, муолажа муддатини ошира бориш лозим.
Атроф муҳит иссиқ бўлганда бундай ҳ-рага одатланмаган одам организми иссиқлаб кетиши мумкин. Кўп марта ва узоқ муддат иссиқ таъсир этиши натижасида организмнинг юқори ҳарорат таъсирига чидами ошади, ғарак-ғарак терлаш ва тер таркибининг ўзгариши ҳисобига организм кўп иссиқлик ажрата бошлайди. Юқори ҳароратга чидамли кишиларда иссиқлик ажралишининг яхшиланиши туфайли иссиқ иқлим шароитида ишлаганда томир ўртача тезликда уриб, меҳнат қобилияти пасайиб кетмайди. Организмни паст атмосфера босимига чиниқтириш мақсадида аксари тоғларга чиқилади.
Организмни чиниқтириш режимини кишининг ёши, шахсий хусусиятлари ва соғлигига қараб шифокор белгилайди. Касаллик белгилари пайдо бўлган тақдирда организмни чиниқтириш вақтинча тўхтатилиб, киши соғайгандан сўнг яна давом этгирилади.
Кекса ёшдаги кишиларни чиниқтиришни эҳтиётлик билан бевосита шифокор назоратида ўтказиш лозим. Бу ёшда организмни чиниқтиришда жисмоний таъсирларга мослашувнинг ёмонлашишини ва муолажалардан кейин физиологик фаолияларнинг бирмунча секин тикланишини ҳисобга олиш лозим. Бу ёшдаги кишилар учун ҳаво билан организмни чиниқтиришнинг хар хил турлари – хоналарда, раволарда, дов-дарахтлар соясида ҳаво ванналари қабул қилиш, енгил кийимларда аста-секин сайр этишга ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Жисмоний машклардан кейин ҳўл сочиқ билан артиниш, бошдан сув куйиш ёки душга тушиш, ёзда эса сув ва ҳаво ҳарорати камида 20-22° бўлганда чўмилиш лозим.
Болаларни чиниқтириш ёш авлодни соғлом қилиб тарбиялашга имкон берадиган асосий профилактик тадбирдир. Болалар соф ҳаво етишмаслигига жуда сезувчан бўлади. Узоқ муддатгача яхши шимоллатилмайдиган хоналарда бўлган болалар ланж, инжиқ бўлади. Уйқуси бузилади, иштаҳаси бўлмайди, боши оғрийди, кўнгли айниб туради, камқонлик рўй беради. Гўдак атроф муҳитнинг физик омиллрига аста-секин мослашади, чунки унинг муҳофаза реакциялари суст ривожланган бўлади. Болани ҳаётининг биринчи кунларидан бошлаб эҳтиётлик билан мунтазам чиниктира бориш, лекин бунда унинг аъзо ва тизимлари функционал жиҳатдан ҳали етилмаганлигини ёддан чикармаслик керак. Гипотрофия, рахит, каталаб турадиган ёки сурункали касалликлардан кучсизланган болалар организми чидамини оширадиган муолажаларга, айниқса, муҳтож бўлади. Соф ҳаво ҳар қандай касалликларда самарали таъсир кўрсатади. Нимжон ва касалманд болаларга асосан суст таъсир этадиган сув муолажалари ҳўл сочиқ билан артиб туриш, оёғига сув куйиш тавсия қилинади. Сув ҳ-рти (35-36°) аста-секин пасайтириб борилади ва боланинг умумий ҳолати яхшиланганда соғлом болалар учун тавсия этиладиган даражага еткзилади.
Болани чиниқтириш учун риоя қилинадиган анъанавий қоидалар қуйидагича:
Ҳар куни ва ҳар қандай об-ҳавода ҳам сайр қилиш (баъзи истиснолардан ташқари).
Ейишга мажбур қилмаслик.
Ҳар қандай жисмоний машқларни рағбатлантириш – бола фаол ҳаракат қиладиган ҳар қандай қизиқиш ва ҳар қандай ўйинлар тўғри келади.
Ҳар қандай шароитда ҳам болани шаҳардан ташқарига, табиат қўйнига чиқариб туриш.
Маиший кимёвий маҳсулотлар билан алоқани камайтиришга ҳаракат қилиш.
Ақлий меҳнат талаб қилинадиган машғулотларни оқилона жойлаштириш (агар бола узоқ вақт ва тез-тез касал бўлиб турса, аслини олганда балки сиз уни ёздирган 2-3 та тўгарак ортиқчалик қилиши ҳам мумкин).
Болалар хонасида соғлом иқлимни тутиб туриш — мўътадил ҳарорат билан ва етарлича намликда.
Агар истасангиз — мунтазам равишда болалар билан бирга оддий чиниқтирувчи машқлар тўпламини бажариш.
Албатта, бундай яшаш тарзини яратиш ота-оналардан жиддий ҳаракатларни талаб қилади: ахир болани ҳадеб кун бўйи ўрмонга ёки дарё бўйига олиб бориш учун отанинг ҳам, онанинг «иссиқ жойидан қўзғалиши»га тўғри келади-да...
Лекин натижа кўринганидан ҳам ёқимлироқ — нафақат боланинг бир ўзи, балки бутун оила аъзолари ҳам соғлом бўлади!
Енгил касалликдан сўнг чиниқтиришни 7-10 кундан кейин бошлаш мумкин. Агар боланинг ҳарорати 4 кундан ортиқ тушмаган бўлса - 2 ҳафтадан кейин, агар 10 кун тушмаган бўлса - 3-4 ҳафтадан кейин бошлаш мумкин