Керакли жиҳозлар:
Оқ қоғоз, рангли қаламлар
Баҳор, ёз, куз, қиш фасллари тасвирланган медальионлар
Йил фасллари тасвирланган мозаикалар
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Нечта фасл бор? Ҳозир қайси фасл?
Болалар мен ҳозир сизларга топишмоқ айтаман, сизлар яхшилаб эшитиб, ўйлаб жавобини айтинглар:
1. Ерни қор қоплар,
Сойни муз ёпар,
Аёз-беҳазил,
Бу қайси фасл?
(Қиш)
2. Қор эриб шошар,
Ариқлар тошар,
Гуллар кўп, асл
Бу қайси фасл?
(Баҳор)
3. Қиздирар қуёш,
Чўғдек ёнар тош,
Далада-ҳосил,
Бу қайси фасл?
(Ёз)
4. Бўм-бўш дала, қир,
Ёғади ёмғир-
Тинмай муттасил:
Бу қайси фасл?
(Куз)
Болалар, бир йилда тўрт фасл бор. Фасллар доим бирин-кетин келади. Қиш бўлмай туриб, баҳор келмайди, баҳор бўлмай туриб ёз келмайди, ёз бўлмай туриб куз келмайди. Улар доимо бир-бирига ўрнини навбат билан бўшатиб беради. Агар фаслларнинг ўрни алмашиб кетса нима бўлишини биласизларми? Келинглар сизларга фаслларнинг ўрни қандай алмашиб қолгани ҳақида эртак айтиб бераман.
Қадим-қадим замонларда бир жодугар кампир бўлган экан. Жодугар кампир бир куни уйида мазза қилиб ухлаб ётган экан. Бирдан шамол-тўполон бўлиб кампир уйғониб кетибди. Шамол Жодугар кампирнинг эшиклари, деразаларини очиб юборибди. Уйқуси бузилган кампирнинг жаҳли чиқиб кетибди-да тўғри Йилбобонинг уйига борибди. Йилбобо Жодугар кампирни яхши кутиб олибди. Кампир Йилбобога: ”Баҳор” исмли фарзандинг мени тинчимни бузди, энди уни жазолашим керак дебди-да, ”Баҳор”ни қўлидан ушлаб сафланиб турган акаларининг орқасига, яъни фаслларнинг охирига олиб бориб қўйибди. ”Қиш”нинг қўлидан ушлаб ”Баҳор”нинг орқасига олиб келиб ”Бир совқотгин” дебди.
Шундай қилиб Баҳор ва Қишнинг ўрнини алмаштириб қўйибди. Энди биринчи бўлиб Ёз фасли, иккинчи Куз, учинчи Баҳор ва охири Қиш фасллари келадиган бўлибди. Баҳорнинг ўрнига Ёз фасли бошланибди. Бирданига ҳаво исиб, гуллаб турган дарахтларнинг гуллари иссиқда қуриб тўкилиб кетибди. Баҳор фаслида очиладиган гуллар ҳам дарров сўлиб қолибди. Ёз фасли тугаб Куз фасли келибди, дарахтлар у ёқда турсин, ҳатто полизларда экинлар йўқ эмиш. Ўша йили одамлар мевалар ва сабзавотларсиз қолишибди. Куз фасли тугаб дарахтларнинг барглари сарғайиб тўкилибди. Куздан кейин Баҳор бошланиб энди уйқуга кетган дарахтлар яна уйғониб бир-бирига, «Яқиндагина ухлашга ётдик-ку», деб ҳайрон бўлишибди-да, яна куртак чиқариб гуллай бошлашибди. Баҳор фасли жуда қийналибди. Чунки орқасида Қиш фасли бўлганлиги учун жуда совқотибди. Йилбобонинг бундан аччиғи чиқиб жодугар кампирни ғорга қамаб қўйибди-да фаслларни яна ўз ўрнига тартиби билан қўйиб қўйибди. Баҳор, ёз, куз, қиш фасллари ўз навбати билан келадиган бўлибди ва ҳамма нарса ўз ўрнига тушибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |