Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Ҳамма уйқудан уйғонган вақт сутканинг қайси вақти бўлади?
2. Биз ҳозир Фаолият ўтаётган вақтимиз қайси вақт?
3. Боғчадан уйга бориб овқатланасиз, ўйнайсиз ва телевизорда «Эртаклар, яхшиликка етаклар» кўрсатувида мультфильм кўрган вақтингиз қандай айтилади?
4. Барча одамлар қайси вақтда ухлайди?
5. Қуёш қачон чиқади?
6. Ой қачон чиқади?
7. Юлдузлар қачон осмонни тўлдириб чиқади?
Фаолият якунида болаларни рағбатлантириш.
Мавзу: 10 гача бўлган сонларда олдин ва кейин келадиган сонни топиш
Мақсад:
Болаларда 10 сони ичида олдин ва кейин келадиган сонлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш.
Кутилаётган натижа:
Болалар 10 гача бўлган сонларни олдинги ва кейинги сонлар билан боғланиш тартибини билиб оладилар.
Керакли жиҳозлар:
Стол театри асосида: мушук, бола, товуқ, жўжалар (10 та), тухумлар шакли (10 та)
1 дан 10 гача рақам ёзилган овал шакли (ҳар бир болага 10 та)
1 дан 10 гача рақам ёзилган жўжа тасвири (ҳар бир болага 10 та)
1 дан 10 гача рақам ёзилган карточкалар (2 комплект)
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болалар, биз аввалги Фаолиятларимиздан бирида 1 дан 10 гача бўлган сонларни тартиб билан ва тескари санашни ўрганган эдик. Ҳозир доира бўлиб ўтириб оламиз ва ўтирган ҳолатда коптокни қўлма-қўл узатамиз. 1-бола 1 сонини айтиб, 2-болага коптокни беради, 2-бола 2 сонини айтиб, 3-болага коптокни беради ва шу тартибда 10 та бола сонларни тартиб билан айтиб чиқади. 11- бола 10 сонини айтиб коптокни 12- болага беради, 12-бола 9 сонини айтиб 13-болага беради ва шу тартибда 10 та бола 10 дан 1 гача бўлган сонларни тескари айтиб чиқади.
Тарбиячи: Болажонлар, бугун сизларга бир эртак айтиб бераман. Қадим замонда бир мушуквой яшаган экан. Мушуквой жўжаларни ейишни яхши кўрар экан. Мушуквой яшайдиган уйда Акмал исмли бола жўжа очириш учун 10 та тухумни товуғига бостириб қўйибди. Товуқ тухумларни меҳр билан асрабди. Мушуквой, жўжалар қачон тухумдан чиқар экан, деб ҳар куни пойлар экан. Ниҳоят жўжалар бирин-кетин тухумларни очиб чиқа бошлабди. 10 кун давомида ҳар кун биттадан жўжа тухумни очиб чиқибди. Акмалжон 1-куни тухумдан чиққан жўжага 1 рақамини, 2-куни чиққан жўжага 2 рақамини, 3-куни чиққан жўжага 3 рақамини ва ниҳоят 10- куни чиққан жўжага 10- рақамини ёзиб қўйибди. Қани болажонлар, ўйлаб кўрингларчи, нега Акмалжон жўжаларга рақам ёзиб қўйди экан? Чунки Акмалжон, олдин қайси жўжа, кейин қайси жўжа тухумни очиб чиққани, яъни жўжаларнинг қайси бири акаси ёки укаси эканлигини белгилаб қўймоқчи бўлибди. Акмалжоннинг бу ишини Мушуквой ҳар куни кузатиб борибди ва у ҳам жўжаларнинг қайси бири олдин, қайси кейин тухумдан чиққанлигини рақамлари орқали билиб олибди. Товуқ ҳар куни жўжаларини ҳовлида айлантириб юрар экан. Мушук эса панада уларни пойлаб ётар экан, ҳар куни жўжаларни санар экан: олдин қайси тухумдан чиққан эди? Ҳа ана 1-рақамлиги, кейин 2-рақамлиги. 4- рақамликдан олдин қайси рақамлиги тухумдан чиққан эди? Ана топдим, у жўжа 3-рақамли эди. Шундай қилиб Мушуквой ҳар куни жўжаларни қайси бири олдин, қайси бири кейин туғилганини рақамлари орқали билиб олар экан. Мушуквой жўжаларни олдин ва кейин дунёга келганини аниқлаш билан овора бўлиб уларга меҳри тушиб қолибди. Натижада уларни ейишни хаёлига ҳам келтирмай қўйибди. Ҳовлида Акмалжон, Мушуквой, товуқ ва жўжалар бир-бирлари билан аҳил бўлиб ўйнашар, баъзида Акмалжон билан Мушуквой жўжаларнинг қайси бири акаси ёки укаси эканлиги ҳақида баҳслашар экан.
Келинглар болажонлар, биз ҳам уларнинг баҳсларига қўшиламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |