Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти “Махсус-ҳуқуқий фанлар” кафедраси бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Шомирзаев Саходулла Хасанбоевич
Божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни юритилиши ва кўриб чиқилишида прокурор назорати
Аннотация: Мазкур мақолада божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни юритилиши ва кўриб чиқилишида прокурор назоратининг аҳамияти ва ўзига хос хусусиятлари ёритилган бўлиб, амалиётдан келиб чиқиб асосланган таклифлар илгари сурилган.
Таянч сўзлар: маъмурий ҳуқуқбузарлик, божхона органи, прокурор, қарор, протест, божхона қонун ҳужжатлари, иш юритиш, иш қўзғатиш, товар, маҳсулот.
Аннотация: В статье подчеркивается важность и специфика прокурорского контроля при ведении и рассмотрении дел об административных правонарушениях в сфере таможенного дела, а также даются обоснованные рекомендации, основанные на практике.
Ключевые слова: административное правонарушение, таможенный орган, прокурор, постановление, протест, таможенное законодательство, делопроизводство, возбуждение дел, товар, продукция.
Annotation: The article emphasizes the importance and specificity of prosecutorial control in the conduct and consideration of cases of administrative offenses in the field of customs, and also provides sound recommendations based on practice.
Key words: administrative offence, customs authority, prosecutor, decision, protest, customs legislation, proceedings, initiation of case, goods, production.
Божхона органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўртта йўналишда, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритиш ва кўриб чиқиш, терговга қадар текширув, суриштирув ҳамда тезкор-қидирув фаолиятида наомён бўлади. Мазкур йўналишларнинг барчасида ҳам прокурор назорати муҳим аҳамият касб этади. Бунинг ҳуқуқий асоси сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуни
4-моддасини кўрсатиш мумкин1. Унда прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлар белгиланган бўлиб, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг ҳарбий тузилмаларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат қилиш; тезкор-қидирув фаолиятни, терговга қадар текширувни, суриштирувни, дастлабки терговни амалга оширадиган органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш ҳамда уларнинг жиноятчиликка қарши кураш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш кабилар келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 275-моддасида2 прокурор маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш чоғида қонунларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириши белгиланган, мазкур назорат жараёнида прокурор маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатишга, иш материаллари билан танишиб чиқишга, иш юритиш вақтида органлар (мансабдор шахслар)нинг ҳаракатлари қонунийлигини текширишга, ишни кўриб чиқишда қатнашишга, ишни кўриб чиқиш вақтида вужудга келган масалалар хусусида илтимосини баён этишга, хулосалар беришга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тегишли органлар (мансабдор шахслар) таъсир кўрсатиш чораларини тўғри қўлланганлигини текширишга, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилинган қарорга ёки шикоят юзасидан чиқарилган қарорга протест келтиришга ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳаракатлар қилишга ҳақли эканлиги белгиланган. Мазкур ваколатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида божхона органларида соҳага оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан иш юритилишида ҳам прокурор назорати самарали йўлга қўйилган.
Божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар иккита катта гуруҳдан иборат бўлиб, биринчи гуруҳ таркибига божхона қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри бузиш орқали содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар киради. Бу гуруҳдаги ҳуқуқбузарликлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227-22727-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар ўрин олган. Иккинчи катта гуруҳига эса божхона қоидаларини бузмаган ҳолда ҳам, муайян товар турларини божхона чегарасидан олиб ўтилишининг ўзи маъмурий ҳуқуқбузарликни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳуқуқбузарликлар сирасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 901-моддасида (Ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш), 93-моддасида (Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтиради деб топилган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф равишда олиб келиш), 1711-моддасида (Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битим тузиш), 1842-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш), 1851-моддасида (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи), 189-моддасида (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш), 1891-моддасида (Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар киради.
Хусусан, 2021 йилнинг 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан 6,7 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан иш юритилган бўлиб, шундан аксарият қисми кўриб чиқишлик учун суд идораларига юборилган. Бу эса биргина божхона органлари томонидан юритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ҳамда улар устидан прокурор назорати ҳажми кенг эканлигини, ваколатли прокурор томонидан сифатли ва самарали назорат олиб бориш улкан ақлий меҳнатнинг бир қисмини ташкил этишини кўрсатади.
Прокурор назоратининг моҳияти божхона органларида юритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларда қонунчиликка, хусусан, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, қабул қилинаётган қарорларнинг миллий қонунчиликка мувофиқлигини текширишдан иборатдир. Прокурор назорати божхна соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида ҳам муҳим роль ўйнайди, яъни прокурор назорати орқали нафақат қонунга риоя қилиниши таъминланади, балки содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилиши ҳолатларининг шаклланиш вақтидаёқ олди олинади, божхона органлари томонидан бузилиши мумкин бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинади. Шунинг учун ҳам прокурор назоратидан асосий мақсад божхона органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти билан боғлиқ муносабатлар субъектларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳисобланади.
Божхона органларида маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича юритилаётган ишлар устидан туман (шаҳар) прокурорлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар прокуратураларида ДХХ органларида ва божхона идораларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлимларининг ваколатли прокурорлари томонидан прокурор назорати олиб борилади. Шунингдек аэропортларда ва темир йўлларда жойлашган божхона постларида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни юритилишида қонунчиликка риоя қилиниши эса транспорт прокурорлари томонидан назорат қилинади. Мазкур назорат тизими Бош прокуратуранинг Қуролли кучлар, ДХХ органларида ва божхона идораларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан мувофиқлаштириб борилади. Божхона органларида маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича юритилаётган ишлардаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокурор томонидан уч турдаги таъсир чоралари қўлланиши мумкин, яъни чиқарилган қарорга протест келтириши, тегишли қарор қабул қилиши (жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш тўғрисида) ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига имкон яратиб бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритиши мумкин.
Бу борада божхона соҳасидаги прокурор назорати бўйича хорижий тажриба сифатида Россия тажрибаси ўрганилганда, Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг Божхона органларида қонунлар ижросини назорат қилиш бошқармаси мавжуд бўлиб, уларнинг функциялари қаторига божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ қонунлар ижросини назорат қилиш ҳам киради3. Мазкур ваколат ва вазифалар ўз навбатида Федерация таркибидаги республикалар, ўлкалар, вилоят ва туманлардаги ваколатли прокурорларга ҳам ўз ҳудудида тегишли тартибда амалга оширилади. Шунингдек Беларусь Республикаси прокуратурасининг ҳам айни шу йўналишда ихтисослашган тузилмалари бўлиб, унда фаолият олиб бораётган прокурорлар фаолиятининг устувор йўланлишларидан бири божхона соҳасидаги жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларни, хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, давлатнинг иқтисодий манфаатларини, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу борада прокурор ваколатлари Беларусь Республикасининг “Беларусь Республикаси прокуратураси тўғрисида”ги Қонунининг 3-бобида божхона соҳасида аниқланадиган ҳуқуқбузарликларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларининг ҳуқуқий асоси сифатида келтирилган4.
Божхона органлари амалиётида божхона соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича юритилган ишлар устидан прокурор назорати унификация қилинмаганлиги, ушбу йўналишни такомилллаштириш лозимлиги алоҳида муаммо сифатида кўрилади. Хусусан, айрим ҳолларда судга юборилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш ҳужжатларига прокурор хулосаси олинади, яна бошқа ҳолларда эса божхона органи томонидан чиқарилган қарорга ваколатли прокурор томонидан “РОЗИМАН” дея имзоланиши прокурор назоратидан ўтганлигини тасдиқлайди. Бундан ташқари, божхона органлари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан ишларни ваколатли прокурор томонидан икки йилда камида бир марта текширилиши йўлга қўйилган бўлиб, текширши давомида бир қатор камчиликлар аниқланиши мумкин. Агар ҳар бир ана шундай маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича юритилган ишлар якунида прокурор назоратидан ўтказилса, ушбу текширувларга эҳтиёж қолмайди, айни пайтда мавжуд камчилик ўз вақтида баратарф этилиши таъминланади. Бу борада Давлат божхона қўмитаси томонидан Бош прокуратура келишилган ҳолда ушбу йўналишда прокурор назоратини тизимли йўлга қўйилиишини таъминлаш мақсадида алоҳида тартиб ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |