Сув тошқинидан сўнг қандай ҳаракат қилиш керак?
Бинога киришдан аввал, унинг ҳолатини текшириб кўринг. Хоналарни шамоллатинг (газ тўпланиб қолган бўлиши мумкин). Хоналарни тўла шамоллатиб бўлмагунингизча ва газ таъминоти тизимини текшириб кўрмагунча электр ёритгичларни ёқманг, очиқ оловдан фойдаланманг, гугурт ишлатманг. Электр симлари, газ қувурлари, сув ва маиший чиқинди тармоғининг созлигини текширинг. Мутахассислар билан биргаликда ушбу тизимларнинг созлигига ишонч ҳосил қилмасдан улардан фойдаланманг. Хоналарни қуритиш учун барча эшик ва деразаларни очиб ташланг, пол ва деворларни чиқиндилардан тозаланг, ертўлалардаги сувни тортиб чикаринг. Нам теккан озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг. Қудуқларни тозалаб, улардаги сувни чиқариб ташланг.
Сел оқимларини узоқ давом этган кучли жала, қор ёки музликларнинг жадал эриши, зилзила ва вулқон отилишлари келтириб чиқаради. У тўсатдан юзага келади, катта тезлик (10 м/сония ва ундан ортиқ) билан ҳаракатланади, одатда ўн дақиқадан бир неча соатгача бўлган оралиқ билан бир неча тўлқинлар шаклида ўтади. Сел тўлқини олдинги қисмининг баландлиги 15 м ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Ҳаракатланаётган сел оқимининг гулдураган овози узоқ масофадан эшитилиб туради. Одамлар (сайёҳлар, тоғ разведкачилари, чегарачилар, маҳаллий аҳоли), турар жой бинолари ва йўл иншоотлари табиий офатнинг қурбонига айланишлари мумкин.
Селга қандай тайёрланиш керак?
Одатда сел оқимлари келиши мумкин бўлган жойлар маълум бўлади. Тоққа чиқишдан аввал ҳаракатингиз йўналишида мавжуд бўлган шундай жойларни ўрганиб чиқинг, уларни, айниқса кучли ёғинлардан сўнг четлаб ўтинг. Сел оқимига тўқнаш келиб қолинганда қутулиб қолишнинг иложи жуда камлигини доимо ёдда тутинг.
Эвакуация олдиндан ўтказиладиган бўлса, турар жойни ташлаб чиқиб кетишдан аввал электр, газ, сув манбаларини беркитинг. Эшик, дераза ва шамоллатиш тизимларини яхшилаб ёпинг.
Аввалдан ўтказиладиган селнинг олдини олувчи чора-тадбирлар: селдан хавфли ҳудудларда селга қарши дамба ва тўғонлар, сув йўлини ўзгартириб юборувчи каналлар қурилади, тоғ кўллари сатҳи пасайтирилади, ёнбағирлардаги тупроқ қатлами дарахт ўтказиш йўли билан мустаҳкамланади, кузатув ишлари олиб борилади, хабар бериш тизими яратилади ва эвакуация режалаштирилади.
Сел вақтида қандай ҳаракат қилиш керак?
Келаётган сел оқимининг шовқинини эшиттач, зудлик билан камида 50-100 м баландликка чиқиб олиш керак. Бунда шиддат билан келаётган оқимдан катта масофага оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тошлар отилиб чиқиши мумкинлигини ёдда тутиш лозим.
Сел оқими ўтиб кетгандан сўнг жабрланганларга, сел оқими ўтган жойлардаги вайрона уюмлари ва лойқаларни тозалаётган қутқарувчиларга кўмаклашинг. Шикастланган бўлсангиз, ўзингизга биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинг. Танангизнинг шикаст топган жойларини, иложи борича юқорироқ кўтарган ҳолда тутинг, шикаст жойларига муз (намланган мато) қўйинг, қаттиқ боғланг. Тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг.
Қор кўчкисига узоқ муддат қор ёғиши, қорнинг шиддатли эриши, зилзила, портлаш ва тоғ ёнбағирларининг тебранишини келтириб чиқарувчи инсон фаолиятининг бошқа турлари, ҳаво муҳитининг тебраниши сабаб бўлиши мумкин. Қор кўчкиси бинолар, муҳандислик иншоотларини вайрон қилиши, зичланган қор билан йўл ва тоғ сўқмоқларини ёпиб қўйиши мумкин. Кўчкига тўқнаш келган тоғ қишлоқлари аҳолиси, сайёҳлар, альпинистлар, геологлар, чегарачилар ва аҳолининг бошқа тоифаси жароҳат олиши ёки қалин қор қатлами остида қолиши мумкин.
Қор кўчкиси тушиши мумкин бўлган ҳудудда ҳаракат қилишнинг асосий қоидаларига риоя қилиниши лозим:
қор ёғаётган ва об-ҳаво бузилган вақтда тоққа чиқманг;
тоғда бўлган вақтингизда об-ҳаво ўзгаришларини кузатиб боринг;
тоққа чиқа туриб, қор кўчкиси тушиши эҳтимол бўлган жойларни билиб олинг;
қор кўчкиси тушиши мумкин бўлган жойларни четлаб ўтинг.
Қор кўчкиси, одатда, ёнбағирлар нишаблиги 300 дан ошган, агар ёнбағир яйдоқ бўлса, нишаблик 200 дан ошган жойларда тушади. Нишаблик 450 дан ошган жойларда қор кўчкиси ҳар қор ёққан вақтда юзага келиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |