Кўчкининг кўп учрайдиган сабабларидан бири ёнбағирнинг ювилиши, ёғин таъсирида намланиши, зилзила ёки инсон фаолияти (портлатиш ишлари ва бошқ.) бўлиши мумкин.
Кўчки ҳажми ўнлаб ва юзлаб минг куб метрга, айрим ҳолларда ундан ҳам ошиши мумкин. Кўчки тезлиги йилига бир неча метрдан, сониясига бир неча метр бўлиши мумкин. Кўчкининг энг катта тезлиги зилзила вақтига тўғри келади. Тупроқ сурилиши турар жой ва ишлаб чиқариш биноларига, муҳандислик ва йўл иншоотларига, магистрал қувурлари ва электр тармоқларига шикаст етказиши ва вайрон қилиши билан бирга, одамларга жароҳат етказиши ва қурбон бўлишларига олиб келиши мумкин.
Кўчки вақтида қандай ҳаракат килиш керак?
Кўчки эҳтимоли юзага келганлиги тўғрисидаги сигнални олгач, электр асбоблари, газ ва сув тармоғини ўчиринг, аввалдан ишлаб чикилган режага асосан зудлик билан ўтказиладиган эвакуацияга тайёрланинг. Кўчки жойи ва тезлигидан келиб чиқиб ҳаракат қилинг. Кўчки сурилиши секин (бир ойда метр) ҳаракатланаётган бўлса, имкониятдан келиб чиқиб, хавфли ҳудудда қолиши мумкин бўлган биноларни тарк этинг, мебель, буюмларни олиб кетинг ва ҳ.к. Кўчки тезлиги бир кеча-кундузда 0,5-1,0 м бўлса, аввалдан ишлаб чиқилган режага мувофиқ эвакуация тадбирларини амалга оширинг. Эвакуация вақтида ўзингиз билан ҳужжатлар, қимматли буюмлар, шароитдан келиб чиқиб ва маъмурият кўрсатмасига биноан иссиқ кийимлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олинг. Хавфсиз жойга зудлик билан кўчиб ўтинг ва зарурат бўлса, қутқарувчиларга кўмаклашинг.
Кўчки рўй берганидан сўнг омон қолган бино ва иншоотлар текшириб чиқилади, электр, газ ва сув тармоқларидаги шикастлар аниқланади. Жароҳатланмаган бўлсангиз, қутқарувчилар билан биргаликда жабрланганларга кўмаклашинг ва имконият доирасида биринчи ёрдамни кўрсатинг.
Сув тошқини кўприк, йўл, бино ва иншоотларни вайрон қилиши, катта моддий зарар келтириши мумкин. Сув тезлиги сониясига 4 метрдан ортган ва сув қатламининг баландлиги 2 метрдан ошган ҳолларда одамлар ҳамда жониворлар нобуд бўлиши мумкин. Вайроналикларнинг асосий қисмини келиб чиқиши бино ва иншоотларга сув массасининг гидравлик зарба бериши билан катта тезликда муз парчалари, сузувчи воситаларнинг турли бўлаклари ва бошқалар кириб келиши сабаб бўлади. Сув тошқини тўсатдан юзага келиб, бир неча соатдан 2-3 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Сув тошқинига қарши қандай тайёргарлик кўриш керак?
Агар ҳудудингиз сув тошқини хавфига тез-тез учраб турса, у ҳолда эҳтимолий сув тошиш чегарасини, шунингдек яшаш жойингизга яқин бўлган тепаликларни, уларга борувчи энг яқин йўлларни ўрганиб чиқинг ва эсда сақлаб қолинг. Оила аъзоларингизни уюшган ва якка эвакуация талаблари билан, тўсатдан кескин сув ҳажми ошиб борадиган ҳолларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари билан таништиринг. Қайиқ, сол ва уларни тайёрлаш учун ишлатиладиган қурилиш материалларининг турган жойини ёдда тутинг. Олдиндан эвакуация вақтида олиб чиқиб кетиладиган ҳужжатлар, мол-мулк ва дори-дармонлар рўйхатини тузиб қўйинг. Махсус жомадон ёки рюкзакка қимматбаҳо буюмларингиз, зарур иссиқ кийим, озиқ-овқат захираси, сув ва дори-дармонларни солиб қўйинг.
Сув тошқини вақтида қандай ҳаракат қилиш керак?
Сув тошқини хавфи юзага келганлиги ва эвакуация ўтказиш тўғрисидаги хабарни олгач, белгиланган тартибда хавфли ҳудуддан хавфсиз худудга ёки тепаликларга чиқинг. Ўзингиз билан ҳужжатлар, қимматбаҳо буюмларингиз ва уч кеча-кундузга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини олинг. Манзилга етиб келгач кўчирилувчиларни қабул қилиш пунктида рўйхатдан ўтинг.
Уйдан чиқишдан олдин электр, газ тармоғи ва иситиш печларидаги оловни ўчиринг, бинодан ташқаридаги сув олиб кетиши мумкин бўлган барча буюмларни маҳкамланг ёки уларни ёрдамчи биноларга жойлаштиринг. Вақтингиз етарли бўлса, қимматбаҳо уй жиҳозларини юқори қаватларга ёки чордоққа олиб чиқинг. Дераза ва эшикларни ёпинг, зарурат бўлса ва вақт имкон берса, биринчи қаватдаги дераза ва эшикларни ташқи томондан тахталар билан қоқиб қўйинг. Эвакуация уюшган ҳолда ўтказилмаётган бўлса, ёрдам етиб келгунга ва сув сатҳи пасайгунга қадар юқори қаватлар ва бинолар томидан, дарахтлар ва тепаликлардан жой эгалланг. Шу билан бирга мунтазам ҳалокат сигналини бериб боринг (кундуз куни узоқдан яхши кўринадиган очиқ рангли матони осиб қўйиш ёки силкитиш билан, тунда - ёруғлик сигнали ва овоз билан). Қутқарувчилар яқинлашганда, сузувчи воситага ўтинг. Бунда қутқарувчиларнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилинг, сузувчи восита устидаги юкнинг кўпайиб кетмаслигига эътибор беринг. Ҳаракат вақтида ўрнингиздан қимирламанг, қайиқ четига ўтирманг, экипаж аъзоларининг талабларини бажаринг. Сув остида қолган зонадан мустақил равишда чиқишга, фақатгина жиддий сабаблар (жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, сув сатҳининг кўтарилиб бориши, юқори қаватлар ва чордоқларни сув босиш хавфи) пайдо бўлганда тавсия этилади. Аммо ишончли сузувчи восита бўлса, ҳаракат йўналишини билсангизгина шундай йўл тутишингиз мумкин. Мустақил ҳаракат вақтида ҳалокат сигналини беришни тўхтатманг.
Сувда қолганлар ва чўкаётганларга ёрдам беринг. Одам чўкаётган бўлса, унга сузувчи восита ташланг, ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб туринг, бошқаларни ёрдамга чақиринг. Жабрланувчига яқинлашар экансиз, дарё оқимини ҳисобга олинг. Агар чўкаётган одам ўз ҳаракатларини назорат қилолмаётган бўлса, унга орқа томондан сузиб бориб сочидан ушланг ва қирғоққа қараб сузинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |