Тадқиқот мавзуси бўйича адабиётлар шарҳи (таҳлили).
Тижорат банклари кредит операцияларининг назарий-услубий асослари, шунингдек кредитлаш жараёнини ташкил қилишнинг амалий жиҳатлари хорижлик иқтисодчи олимлари Диана Мак Нотон, О.И.Лаврушин, Г.Н.Белоглазова, А.П.Аксенов, Е.Б.Герасимова, Н.Н.Мартыненко, Н.А.Агеева, Frederic S.Mishkin3 томонидан тадқиқ этилган.
Республикамиз олимлари Ш.Абдуллаева, У.Ў.Азизов, Т.И.Бобақулов, У.А.Абдуллаев, Ж.Я.Исаков, А.А.Омонов, Т.М.Қоралиев4нинг илмий асарларида молия-банк тизими ривожланишининг назарий ва методологик жиҳатларини ўрганган ҳолда тижорат банкларининг кредитлаш амалиёти масалалари тадқиқ қилинган.
Шу билан бирга, тижорат банкларининг кредит портфели сифатини яхшилаш, кредит сиёсатини такомиллаштириш борасида ҳали ҳал этилмаган муаммолар мавжуд ҳамда банкларнинг кредит сиёсатини амалга оширишда янги назарий ва амалий муаммолар вужудга келмоқда. Ўрганилаётган муаммонинг мураккаблиги ва ҳали ҳал этилмаган муаммоларнинг мавжудлиги магистрлик диссертацияси мавзусини танлаш, мақсад ва вазифаларни белгилашга сабаб бўлди.
Тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи.
Диссертацияда илмий абстракция, мантиқий ва қиёсий таҳлил, иқтисодий-статистик таҳлил, гуруҳлаш, илмий мушоҳада, тизимли ёндашув усулларидан фойдаланилди.
Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти.
Тадқиқот жараёнида шакллантирилган илмий таклиф ва амалий тавсиялардан тижорат банкларининг кредит амалиётига оид илмий-тадқиқот ишларини янада чуқурлаштиришда, банкларнинг кредит портфели сифатини яхшилашда, тижорат банкларининг кредит сиёсатини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин.
Диссертация тузилмасининг тавсифи.
Диссертация таркиби кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
I-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИНИНГ КРЕДИТ СИЁСАТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ НАЗАРИЙ-УСЛУБИЙ АСОСЛАРИ 1.1. Тижорат банклари кредит сиёсатининг таркибий тузилмасига қўйилган талаблар
Тижорат банкларида кредит сиёсати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида” ги Қонуни, Адлия вазирлигида 2000 йил 5 апрелда 916-сон билан рўйхатга олинган “Марказий банк томонидан тижорат банкларининг ички меъёрий ҳужжатларига қўйиладиган талаблар тўғрисида” ги, Адлия вазирлигида 2004 йил 30 январда рўйхатга олинган “Тижорат банкларида фоизларни ҳисоблаш тўғрисида”, Адлия вазирлигида 2015 йил 14 июлда 2696-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун заҳиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида” ги, Адлия вазирлигида 2020 йил 29 октябрда 3283-сон билан рўйхатга олинган “Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисида” ги Низомларга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги бошқа меъёрий ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади.
Кредит сиёсати кредитлар бериш ва уларни мониторинг қилиш жараёнини самарали ташкил этиб, муаммоли активлар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, филиалларда кредит хизматлари кўрсатиш ва улар билан ишлаш жараёнини тартибга солади ҳамда банкда кредит хизматларини кўрсатиш, кредитлар бўйича ишлашнинг амалдаги тартиб ва йўриқномаларини, шунингдек банк Бошқарувининг кўрсатмаларини ўз ичига олади.
Шуни алоҳида эътироф этиш зарурурки, кредитлаш билан боғлиқ вазиятлар хилма-хиллиги ҳамда кредитлашга доир барча жиҳатларни ҳисобга олишнинг имкони йўқлиги сабабли, сиёсат ҳар қандай учинчи шахс томонидан қўлланилгани ёки қўлланилмагани хусусида фикр билдириши, хулоса чиқариши ёки айблаши учун асос бўла олмайди. Кредит сиёсатида тартибга солинмаган масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ ҳал қилинади ҳамда унинг қоидалари қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига зид келиб қолган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонун ости ҳужжатлари устувор ҳисобланади.
Банкнинг кредит сиёсатига одатда қуйидагича таъриф берилади: «Банкнинг кредит сиёсати кредитлаш жараёнида юзага келувчи рискларни бошқаришда банк раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубларни белгиловчи ҳамда банк раҳбарияти ва ходимларини кредитлар портфелини самарали бошқаришга доир кўрсатмалар билан таъминловчи ҳужжатдир. Кредит сиёсати банкнинг кредит фаолияти мақсадларини аниқ ва тушунарли кўрсатиши, таснифлаб бериши шарт».
Банкнинг кредит сиёсати - кредитлаш жараёнида юзага келувчи таваккалчиликни бошқаришда банк раҳбарияти томонидан қабул қилинадиган чоралар ва услубларни белгиловчи ҳамда банк раҳбарияти ва ходимларини кредитлар портфелини самарали бошқаришга доир кўрсатмалар билан таъминловчи ҳужжатдир. Кредит сиёсати банкнинг кредит фаолияти мақсадларини аниқ кўрсатиши ва аниқлаб бериши шарт.
Тижорат банклари кредит сиёсати алоҳида ҳужжат сифатида ишлаб чиқарилади ва банк Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Ҳар бир банк ўз кредит сиёсатини ишлаб чиқиши ва амалга жорий этиши лозим. Кредит сиёсатини ишлаб чиқиш ва ижро этиш юзасидан жавобгарлик банк Кенгаши ва Бошқаруви аъзолари, банкнинг бошқа мансабдор шахсларига юклатилади.
Кредит сиёсатининг тавсифи кредит портфелининг таркибига, банк ўз фаолиятини амалга ошираётган ҳудуднинг иқтисодиётига қараб аниқланади. Кредит стратегиясини шакллантиришда ва тегишли кредит сиёсатини тайёрлашда, банк ушбу омилларни ҳисобга олиши шарт.
Банкнинг кредит сиёсати унинг жорий банк стратегияси ва иқтисодий ҳолатига мувофиқлигини таъминлаш учун банк Кенгаши томонидан йилига камида бир марта тегишли йилнинг 1 февралигача бўлган муддатда қайта кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши керак.
Кредит сиёсати банк фаолияти турларига қараб мазмуни ва тузилмаси жиҳатидан фарқ қилади. Банк мақоми ва у жойлашган манзилдан қатъи назар кредит сиёсатида акс эттирилиши лозим бўлган умумий масалалар рўйхатини белгилаб беради.
Бунда кредит сиёсатининг йўналишларида берилаётган кредитларнинг ҳажми ва шакли, қисқа ва узоқ муддатли кредитлар ўртасидаги нисбат, молиявий ахборотларни таҳлил этиш жараёни, кредит портфели ҳамда маблағларнинг қайтарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар акс эттирилиши лозим.
Ҳар қандай кредит сиёсатининг мақсади одатда қуйидагилардан иборат бўлади (1-чизма).
Do'stlaringiz bilan baham: |