Gigabit Ethernet стандартини ишлаб чиқарувчиларнинг асосий ғояси Ethernet технологиясининг битли тезлигини 1000 Мбит/с ошириб ундаги асосий ғояларни сақлаб қолишдан иборат бўлган.
Gigabit Ethernet технологиясини Ethernet ва Fast Ethernet технологиялари билан солиштирганда унда қандай умумий белгилар борлигини кўриб чиқамиз:
- Ethernet технологиясининг барча кадр форматлари сақланади;
- CSMA/CD эркин фойдаланиш усулини қўлловчи ярим дуплекс протоколи ишлайди;
- Ethernet ва Fast Ethernet технологияларида ишлатилувчи барча турдаги кабеллардан фойдаланиш мумкин, яъни булар: оптик тола, 5 тоифадаги ўрама жуфт, экранлаштирилган ўрама жуфт.
Хусусиятларнинг сақланиб қолиши эвазига Ethernet, Fast Ethernet ва Gigabit Ethernet сегментларини битта умумий тармоққа боғлаш содда амалга оширилади. Бундай тармоқларда алоҳида қисмлар ва боғламалар тезкор бўлиши мумкин, шундай экан локал тармоқнинг барча соҳаси бўйлаб юқори тезлик талаб қилмайди. CSMA/CD кириш усулини сақлаш Ethernet ва Fast Ethernet сегментлари боғланган жойда протоколларни ўзгартиришни инкор этади. Келишув турли хил тезликларда маълумотлар алмашганда, яъни концентраторлар билан боғланган жойларда керак бўлади.
Қисқа квитанцияларни узатиш учун жуда узун кадрлардан фойдаланганда қўшимча харажатларни камайтириш мақсадида стандартни ишлаб чиқарувчилар охирги боғламаларга муҳитни бошқа станцияларга бермасдан бир неча кадрларни кетма-кет узатишга рухсат беришди. Бу ҳолат узилишли (пульсация) ҳолати деб ном олди. Станция ўлчами 65536 бит ёки 8192 байтдан катта бўлмаган кетма-кет бир нечта кадрларни узатиши мумкин.
802.3z стандартида қўйидаги физик муҳит турлари мавжуд:
- 1000 Base –SX. Узунлиги 500 метргача оптик тола қўлланилади;
- 1000 Base-LX. Узунлиги 500 метргача кўп модли оптик толали кабель ва 2000 метргача узунликда бир модли кабель қўлланилади;
- 1000 Base-CX. Қурилма хонаси ёки телекоммуникацион бино доирасида узунлиги 25 метргача экранлаштирилган ўрама жуфт кабели қўлланилади;
- 1000 Base-T. Узунлиги 100 метргача тўртта жуфт қилиб бириктирилган экранлаштирилмаган ўрама жуфт кабели қўлланилади. Сигнал бир вақтнинг ўзида тўртта жуфт ўтказувчи бўйича узатилади, бундан ташқари тўлиқ дуплекс бўлиш учун ҳар бир жуфт икки томонлама маълумот узатади.
Gigabit Ethernet технологияси Ethernet оиласининг тезлик иерархиясига 1000 Мбит/с тезликдаги янги поғона қўшди. Бу поғона серверлар ва тармоқнинг қуйи поғонасидаги магистраллар 100 Мбит/с тезликда ишловчи катта локал тармоқларини муваффақиятли қуриш имконини беради. Бунда Gigabit Ethernet магистрали юқори ўтказувчанлик хусусиятини таъминлаган ҳолда уларни бирлаштиради.
Gigabit Ethernet технологиясини яратувчилар Ethernet ва Fast Ethernet технологиясининг кўпгина хусусиятларини сақлаб қолишган. Gigabit Ethernet технологиясида Ethernet технологиясининг олдинги турларидаги каби кадр формати бир хил; Gigabit Ethernet ажратиладиган муҳитларда минимал ўзгартиришлар билан CSMA/CD эркин фойдаланиш усулини қўллаган ҳолда дуплекс ва ярим дуплекс ҳолатларида ишлайди.