1-боб бўйича хулоса
Иқтисодий адабиётларда “таркибий ўзгариш” категорияси кенг талқин этилган. Уларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, иқтисодиётнинг таркибий тузилиши – бу миллий иқтисодиётнинг ички тузилиши, иқтисодий бутунлик ва мавжуд бутунликни ташкил қилувчи ижтимоий, ҳудудий тармоқ тўпламларининг ўзаро нисбати ва ўзаро алоқасидир. Иқтисодиёт таркиби доимий эмас, уни ташкил этувчи эментлари узлуксиз ўзгариб боради.
Таркибий ўзгаришлар назариясини ривожлантириш унинг элементлари, кўлами ва омилларини тартибга келтириш ва таснифлашга боғлиқдир. Ушбу нуқтаи назардан таркибий ўзгаришлар бирор индивид ёки уй хўжалиги (нанодаражада), корхона ёки фирма (микродаражада), тармоқ ёки ҳудуд (мезодаражада), миллий ёки жаҳон иқтисодиёти (макродаражада) бўлиши мумкин.
Хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ушбу жараёнларга ўхшаш ёндашувларни мамлакатимиз шароитига мослаштириб ишлаб чиқишда, айрим ҳолларни ҳисобга олиш керак. Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга бўлган саноат тармоқларнинг инновацион характердаги таркибий ўзгаришларини амалга оширишда давлатнинг ролини кучайтириш ва минтақалар даражасида уларни амалга оширишнинг узоқ муддатга мўлжалланган, кўп босқичли давлат дастурларини амалга ошириш лозим.
Иқтисодий тадқиқотларда қўлланадиган миллий даромад, ялпи миллий маҳсулот, жамғарма ва истеъмол фонди, инвестициялар ва бошқа кўрсаткичлар, мазмун моҳияти бўйича макродаражада нафақат ишлаб чиқаришнинг технологик даражаларини, балки ижтимоий-иқтисодий механизмнинг, бутун ишлаб чиқариш муносабати тизимининг самарадорлигини ифодаловчи, иқтисодий тизимини таърифловчи таркибий кўрсаткичлар ҳисобланади. Юқоридаги кўрсаткичлардан ташқари таркибий ўзгаришларни умумлаштирилган ҳолда минтақа таркибий ўзгаришларни амалга оширишда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни баҳолаш мақсадида “алмаштириш нормаси” кўрсаткичини жорий этиш таклиф этилади.
II БОБ. МИНТАҚА ИҚТИСОДИЁТИДА ТАРКИБИЙ ЎЗГАРИШЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҲОЛАТИНИ БАҲОЛАШ
2.1 Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш билан боғлиқ кўрсаткичлар таҳлили
Миллий иқтисодиёт ривожланишини баҳолаш мезонларидан бири сифатида иқтисодий ўсиш кўрсаткичи қабул қилинган. Ушбу кўрсаткич муайян давр мобайнида реал ЯИМ ҳажмининг ўтган даврдагига нисбатан ошиши, тўлa бандлик шароитига мос келувчи потенциал ишлаб чиқариш даражасини узоқ муддатли кўпайиши тенденциясини англатади. Иқтисодий назарияда иқтисодий ўсиш даромадларни қандай нисбатларда истеъмол ва инвестицияларга бўлинишига боғлиқ деб қаралади.
Одатда бирон-бир мамлакат иқтисодий ўсишини ЯИМ мутлақ ҳажмининг ортиши орқали ўлчаш, унинг иқтисодий салоҳиятини баҳолашда, аҳоли жон бошига реал ЯИМ миқдорининг ортиши орқали ўлчаш эса мамлакатдаги турмуш даражасини таққослашда қўлланилади. Ўзбекистонда ЯИМ кўрсаткичининг 1993-2021 йилларда ўзгариши кўрсаткичлари 2.1-расмда келтирилган
Do'stlaringiz bilan baham: |