5-ИЛОВА
Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Қоидалар «Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўлчаш воситаларини калибрлашни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига қўйиладиган талабларни белгилайди.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
ариза берувчи — ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказишдан манфаатдор бўлган юридик ёки жисмоний шахс;
ижрочи — белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган метрология хизматлари;
ўлчаш воситаларини калибрлаш — маълум шароитларда, ўлчаш воситаси ёрдамида олинган катталик қиймати ва эталон билан қайта тикланадиган тегишли катталик қиймати ўртасидаги нисбатни аниқлаш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган операциялар мажмуи.
3. Калибрлаш маълум шароитларда калибрланадиган ўлчаш воситалари ёрдамида олинган катталик қийматлари ҳамда намунавий ўлчаш воситалари ва эталонлар билан қайта тикланадиган тегишли қийматлар ўртасидаги нисбатни аниқлайдиган операциялар мажмуини амалга ошириш орқали ўлчаш воситаларининг метрологик тавсифларини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
4. Ўлчаш воситаларини калибрлашда халқаро бирликлар тизимининг бирликларигача бевосита ёки билвосита метрологик кузатилувчанликка эга бўлган намунавий ўлчаш воситалари (эталонлар) ва ёрдамчи калибрлаш воситалари қўлланилади.
5. Ўлчаш воситаларини калибрлаш даврийлиги калибрлаш усуллари ва тартиб-таомилларида белгиланади, бунда белгиланган муддат тегишли ўлчаш воситаларининг қиёслашлараро интервал муддатидан ошмаслиги керак.
6. Калибрлаш жараёнида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда чоп этилган ёхуд нуфузли техник ташкилот ёки тегишли илмий мақола ёки журналларда баён этилган ёки ўлчаш воситасини ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган усуллар (кейинги ўринларда калибрлаш усули деб аталади) қўлланилиши тавсия этилади. Лаборатория томонидан сифат тизими менежменти ҳужжати шаклида ишлаб чиқилган ёки модификацияланган усуллар қўлланилиши мумкин.
Калибрлашни қандай амалга ошириш ҳақида етарлича ва аниқ ахборотга эга бўлган калибрлаш усуллари, агар бу усуллар калибрлаш лабораториясининг ходимлари томонидан ишда қўлланиши мумкин бўладиган тарзда ёзилган бўлса, усулда ҳаракатлар кетма-кетлигининг ҳужжатлаштирилиши ёки қўшимча аниқлаштирилиши зарур бўлганда — тўлдирилмаслиги ёки ички тартиб-таомиллар шаклида қайта ёзилмаслиги керак.
7. Ўлчаш воситаларини калибрлаш, калибрлаш тартиб-таомилига мувофиқ менежмент тизимларининг ҳужжатлаштирилган ахбороти (кейинги ўринларда калибрлаш тартиб-таомили деб аталади) шаклида ўтказилади.
Калибрлаш лабораториялари калибрлаш усулидаги ҳаракатлар кетма-кетлигининг ҳужжатлаштирилиши ёки қўшимча аниқлаштирилиш учун калибрлаш ва ўлчаш имкониятларидан келиб чиқиб калибрлаш тартиб-таомилини ишлаб чиқади.
8. Аккредитациядан ўтказилган метрология хизмати томонидан бажарилган ўлчаш воситаларини калибрлаш натижаларидан ўлчаш воситаларини қиёслашда фойдаланиш мумкин.
9. Ўлчаш воситаларини калибрлашни калибрлаш лабораториясининг аккредитациянинг маълум соҳасида ваколатли бўлган ходимлари ўтказади.
10. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ишлари учун ҳақ тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ ариза берувчи томонидан тўланади.
11. Ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
12. Ўлчаш воситаларини калибрлашнинг ҳар бир кейинги босқичи аввалги босқич натижалари ижобий бўлганда ўтказилади.