15.4. Корхонанинг тижорат сирлари
Бешафқат рақобат шароитида хўжалик юритувчи субъектлар − даромадни ошириш, ортиқча харажатларга йўл қўймаслик ҳамда товар (иш, хизмат)лар бозорида ўз мавқеини сақлаш имконини берадиган маълумотларнинг махфийлигини таъминлашни устувор вазифа деб билишади. Бунга эришиш учун улар − ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чораларни кўришади.
Ҳар бир корхона ўз мулкий манфаатларини ҳамда тижорат сири мавжуд бўлган ахборотлардан қонунга ҳилоф равишда фойдаланишларнинг олдини олишга мажбурдирлар. Акс ҳолда, корхонанинг инқирозга юз тутиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонуни (2014 йил 11 сентябрь) хўжалик юритувчи субъектларнинг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратади, тижорат сирини ҳимоя қилади, тижорат сирига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга оид муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Тижорат сирига кирувчи маълумотлар − тегишли қонунчиликда белгиланган илмий-техник, технологик, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт ёки бошқа турдаги, жумладан, ишлаб чиқариш сирига кирадиган (“ноу-хау”) ахборот манбаларидир.
Корхоналарда тижорат сирини самарали муҳофаза қилишнинг воситаларидан бири − тижорат сири режимини ташкил қилиш, яъни маълумотларни махфийлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирларни кўриш ҳисобланади.
Бугунги рақобатчилик муҳитида корхона тижорат ва ишлаб чиқариш сирларининг ошкор қилиниши унинг аҳволига салбий таъсир кўрсатиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар истеъмолчиларини йўқотишга олиб келиши мумкин.
Айрим манбаларда келтирилган маълумотларга кўра, тижорат сирларига мансуб маълумотларнинг тўртдан бир қисми йўқотилиши ҳам рақиблар учун катта имконият яратади ҳамда бир неча ой ичида маълумотлар четга чиқиб кетишига йўл қўйган фирмаларнинг ярми банкротга учрашига олиб келади.
Ҳозирги пайтда, корхоналарда тижорат сирларининг ҳуқуқий мақоми ва тоифасини аниқ белгилаш, уларни ошкор қилиш учун жавобгарлик механизмини ишлаб чиқиш ўта муҳим ишлар сирасига киради.
Шуни таъкидлаш лозимки, тижорат сирларини муҳофаза қилиш механизми − корхонанинг молиявий ва техник имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилишнинг ишончли тизими мавжуд бўлгандагина тўлиқ куч билан ишлайди.
Ўзбекистонда иқтисодиётга оид маълумотларни йиғиш ва улар билан ишлаш тизими учун зарур бўлган маълумотларнинг корхоналар томонидан тақдим этилиши қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.
Корхоналар ўз фаолиятлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан, йиллик балансни нашр қиладилар. Шунингдек, улар статистика хизмати, рақобат қўмитаси, ички ишлар, молия, солиқ, санитария, ёнғинга қарши кураш ва бошқа хизмат вакилларига айрим маълумотларни тақдим этишади. Бу маълумотлар, табиийки, тижорат сирларидан ҳоли бўлмоғи зарур.
Корхона тижорат сирларини мухофаза килиш механизми
Ҳужжатлардан нусха олиш ва кўпайтириш воситаларини назорат қилиш тизими
Тижорат сирларига киритилувчи маълумотлар рўйхати
Тижоратга оид маълумотларни ахборот воситалари ва ҳисоблаш техникаларида муҳофаза қилиш
Янги материаллар ва маҳсулотларни қўриқлаш тизими
Корхона ҳудуди ва унинг асосий бинолари ва иншоотларини қўриқлаш
Махфий маълумотларни узатишда очиқ каналлардан фойдаланиш
Корхонага бегона шахслар кириб-чиқишини назорат қилиш тизими
Корхона ходимларини тижорат сирларини муҳофаза қилиш усулларига ўргатиш ва уларнинг манфаатдорлигини таъминлаш тизими
Тижорат сирларига оид ҳужжатлар билан ишлаш тартиби
Тижорат сирларини ҳимоя қилиш бўйича махсус хизматлар
Корхона раҳбари ва масъул ходимлар тижорат сирларига оид маълумотларни у ёки бу субъектлар (жумладан, давлат бошқарув ва назорат идоралари ходимлари)га бермаслик ҳуқуқига эга. Бунинг учун, улар тижорат сирларининг четга чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида ўзларининг ваколатларини билишлари лозим.
Давлат бошқарув ва назорат идоралари ходимларига, улар талаб қилган исталган маълумотни эмас, балки фақат хизмат ваколатига доир маълумотларни тақдим этиш керак бўлади.
Корхона раҳбари ва масъул ходимлар тижорат сирининг ошкор этилиши сабабли корхонага етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш механизмини билиши ва унга амал қилиши муҳим масала ҳисобланади. Улар илмий-техник, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодий ишларга боғлиқ тижорат сирларининг четга чиқиб кетиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган реал йўқотишларни (қиймат шаклида) аниқ баҳолашни ўрганиб олишлари зарур.
Корхоналарнинг махфийлик шартларига риоя этмаслик натижасида кўрилган зарарларнинг умумий қийматини аниқ ҳисоблаш жуда мураккаб ва кўп меҳнат талаб қилувчи жараён ҳисобланади. Айрим ҳолатларда, баъзи ишончли маълумотлар йўқлиги сабабли, уларни ҳисоблашнинг имкони ҳам бўлмайди. Бундай ҳолатда зарарлар, экспертларнинг хулосалари асосида баҳоланади.
Маҳфийликни таъминламаслик корхоналарнинг рақобатчилик курашида эришиши мумкин бўлган муваффақиятлар имкониятини ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини пасайтиради.
Худди шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда тижорат сирларини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |