37. Умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартирани) бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда нотариус нималарни тушунтирмоғи лозим.
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг 75-бандига асосан нотариус уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш шартномасини тасдиқлашда, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидаларига риоя қилади. Ушбу шартномани тасдиқлаш пайтида уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчи шахснинг меҳнатга лаёқатсизлиги (ёши ёки соғлиғи бўйича) текширилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилиши лозим. Мазкур шартномада уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга берувчига моддий таъминотнинг қандай турлари берилиши, уларни ҳар ойдаги пуллик баҳоси ва уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмининг қиймати ҳам кўрсатилган бўлиши керак.
Бошқа шахсга ўтказилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва моддий таъминотнинг қиймати тарафлар келишувига биноан белгиланади.
Шахс вояга етмаган бўлса, у уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга берувчи бўла олмайди.
Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси Фуқаролик кодексининг 530 ва 534-моддалари талаблари асосида амалга оширилиши ва уларнинг мазмуни тушунтирилганлиги шартномада кўрсатиб ўтилиши лозим.
38. Корхонани сотиш шартномасини расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари. Шартномага қандай ҳужжатлар илова қилинади?
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090, 30.03.2010 й.)нинг
93-101-бандларига кўра корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариус Фуқаролик кодексининг 489-496-моддалари ва ушбу шартномага тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.
Корхонани сотиш шартномасига мувофиқ сотувчи сотиб олувчига бутун корхонани мулкий комплекс сифатида топшириш мажбуриятини олади, сотувчи бошқа шахсларга беришга ҳақли бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлари бундан мустасно.
Фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва сотувчини ҳамда унинг маҳсулотини, у бажарадиган иш ёки кўрсатадиган хизматларни шахсийлаштирадиган бошқа воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари, агар корхонани сотиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, сотиб олувчига ўтади.
Сотувчининг тегишли фаолият билан шуғулланиши учун берилган махсус рухсатнома (лицензия) асосида олган ҳуқуқлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, корхонани сотиб олувчига берилмайди. Шартнома бўйича топшириладиган корхона таркибига махсус рухсатнома (лицензия)га эга бўлмагани туфайли сотиб олувчи бажара олмайдиган мажбуриятларни киритиш сотувчини кредиторлар олдидаги тегишли мажбуриятлардан озод қилмайди. Бундай мажбуриятларни бажармаганлик учун сотувчи ва сотиб олувчи кредиторлар олдида солидар жавобгар бўладилар.
Корхонани сотиш шартномаси мазкур корхона жойлашган ҳудуддаги давлат нотариал идорасида тасдиқланади. Ваколатли давлат органининг қарорига биноан танлов (тендер) асосида тузиладиган корхонани сотиш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт эмас, тарафлардан бирининг нотариал тасдиқлаш тўғрисида талаби бўлган ҳоллар бундан мустасно.
Корхонани сотиш шартномасини тасдиқлашда, нотариусга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
корхона сотувчисининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
корхона сотувчиси ва сотиб олувчиси ваколатли органларининг корхонани сотиш ёки сотиб олиш тўғрисидаги қарори (умумий мажлис баённомаси ёки кузатув кенгашининг қарори ёхуд буйруқ ва ҳоказо);
тарафларнинг ваколатларини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;
мулкдорнинг розилиги (агар мулк хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган юридик шахсга тегишли бўлса);
инвентаризация далолатномаси;
баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ва хулосаси (сотилаётган корхонада давлат улуши бўлган ҳолларда);
давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);
корхона сотувчиси – юридик шахснинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган оралиқ баланснинг асл нусхаси;
аудиторнинг корхона таркиби ва унинг қиймати тўғрисидаги хулосаси;
тарафлар томонидан тузилган, кўриб чиқилган ва имзоланган кредиторлар, улар қўяётган талаблар хусусияти, миқдори ва муддатлари кўрсатилган ҳолда корхона таркибига киритиладиган барча қарзлар (мажбуриятлар) рўйхати;
кредиторларга юборилган хабарнома ва уларнинг корхона қарзларини бошқа шахсга ўтказишга розилиги ҳақидаги нотариус ёки Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган аризалари (кредиторлар юридик шахс бўлган ҳолларда, уларнинг розилиги расмийлаштирилган хатлари);
корхона таркибидаги бино ва иншоотлар учун «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси;
ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;
давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси;
тарафлар ўртасидаги тўлов мажбурияти бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
соф активлар ҳақида маълумот;
давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция).
Тарафлар ўртасидаги тўлов мажбуриятини кечиктириш йўли билан корхонани сотиш шартномаси расмийлаштирилган тақдирда, тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар корхонани бошқа шахсга ўтказишга тегишли тартибда тақиқ қўйилади.
Тарафлар шартномада харидорга топширилаётган корхона таркибидан алоҳида элементларни олиб ташлаш ҳуқуқига эгалар (алоҳида буюмлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятлар).
Корхона таркибида бино ва иншоотлар мавжуд бўлса, юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар билан бирга бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномаси ҳам бўлиши лозим.
Тадбиркорлик субъектлари нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан мурожаат этса, мазкур банднинг учинчи, тўққизинчи, ўн тўртинчи ва ўн олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжатлар нотариус томонидан тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан идоралараро сўров орқали олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |