30. Жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топшириш тартиби. Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 314-318-бандларига асосан нотариус жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини олиб бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади. Аризалар топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга олганлиги ҳақида имзоси қўйилиб топширилади. Аризалар телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиб ҳам узатилиши мумкин. Аризаларни узатиш учун техник воситалардан фойдаланишга кетган харажатларни нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраган шахс тўлайди.
Нотариус нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ (ишончномани бекор қилиш ҳақидаги ариза, қарз шартномаси бўйича қарздорга аризани топшириш, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга аризани топшириш ва ҳоказо) бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаларини олиб бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ҳам топшириши мумкин.
Аризалар нотариал идорага камида икки нусхада тақдим этилади. Улардан бири топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга имзо қўйилиб топширилади. Иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.
Ариза почта орқали юборилган тақдирда, у олувчига нотариуснинг кузатув хати билан юборилади. Кузатув хатининг давлат нотариал идорасида қоладиган нусхасига шу аризанинг берилганлиги қайд этилган реестрнинг рақами кўрсатилади ва давлат божи тўланганлиги ёзиб қўйилади.
Ариза берган шахснинг илтимосига кўра унга аризанинг топширилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.
Гувоҳномада аризанинг мазмуни кўрсатилиши лозим. Аризалар ва гувоҳномалар берилганлиги ҳақида реестрга ёзиб қўйилади.
31. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш тартиби. Нотариус томонидан депозитга қабул қилинган пул суммаларининг сақланиш муддати. Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг
74-моддаси ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 319-340 бандларига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади. Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 249-моддасига мувофиқ қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:
мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;
кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;
мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан, бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;
кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки у томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.
Пул суммалари ва қимматли қоғозларни нотариуснинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.
Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш мажбурият бажариладиган жойдаги нотариус томонидан амалга оширилади.
Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.