18. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйиш ва такикни бекор килиш тартиби. с.в.ў Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 64-моддасига асосан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш қонунларда белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширилади.
Нотариус:
гаров (гаров шартномасининг барча тури бўйича) шартномаларини тасдиқлашда, шартнома предмети бўлган мол-мулкни;
тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятини кечиктириш шарти билан кўчмас мол-мулкни, корхонанани ва автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлашда, тўлов тўлиқ амалга оширилгунга қадар битимларда кўрсатилган мулкни;
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг
248-249-моддаларига асосан суд (судья)нинг жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш тўғрисидаги ажримага асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг
290-моддасига асосан ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун суриштирувчи, терговчи ёки суднинг гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва фуқаровий жавобгарнинг мол-мулкини хатлаши тўғрисидаги қарорига асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг
76-77-моддаларига асосан суд (судья)нинг жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш тўғрисидаги ажримага асосан унда кўрсатилган мол-мулкни;
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан суд ижрочиси ундирувчининг қарздорнинг мол-мулкини рўйхатга олиб, уларни хатлаш тўғрисидаги қарорига асосан унда кўрсатилган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўяди.
Тақиқ ва хатлов базасини юритувчи давлат нотариал идорасига қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлаш ҳамда уларни олиб ташлаш ҳуқуқига эга органлар ва мансабдор шахслар томонидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлаш ёхуд уни бекор қилиш ҳақида хабарлар белгиланган тартибда юборилса, ушбу хабарларнинг давлат нотариал идорасига келиб тушган аниқ вақти (соат, дақиқа) ҳақида Ҳужжатларнинг кирим дафтарида қайд этади ва алифбо китобига ҳамда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритади.
Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 31-моддасига асосан манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш ўн кун муддатга кечиктирилганда, ушбу муддат ичида мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ҳақида нотариус томонидан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумот киритилади. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариус томонидан тақиқ олиб ташланганлиги ҳақида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумот киритилади ва нотариал ҳаракат амалга оширилади.
Бошқа шахсга ўтказиш тақиқланган ёки хатланган мол-мулк ҳақидаги маълумотлар зудлик билан “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилиши лозим.
Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумот “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади. Бунда, мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома чоп этилади ва тегишли ҳужжатлар йиғмажилди билан бирга тикилади.
Жисмоний ва юридик шахснинг талабига кўра унга тегишли мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ёки хатланмаганлиги ҳақида маълумотнома берилади.