6. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий бурчларини тушинтириб беринг. Фуқароларнинг асосий бурчлари Конституция ва бошқа қонунларда ўз ифодасини топган бўлиб, уларда фуқаролар Конституцияга риоя қилиш билан бирга, ундаги ҳар қандай қоидалар бузилишининг олдини олиши, бошқа шахсларнинг қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги ўз ифодасини топган.
Фуқароларнинг бурчлари Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг
11-бобида белгиланган бўлиб, улар:
- барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар (47-модда);
- фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар (48-модда);
- фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир (49-модда);
- фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар (50-модда).
- фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар (51-модда);
- Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар (52-модда).
7. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари тизимини тушунтиринг. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишни давлат томонидан таъминлашга ёрдам берадиган воситалар, усуллар ва шарт-шароитлар мажмуи кафолат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасига кўра, “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.
Кафолатлашнинг асосий мақсади – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган тўсиқларни бартараф этиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашдир.
Кафолатларни мазмунан қуйидагича туркумлаш мумкин:
1) юридик (ҳуқуқий);
2) ижтимоий-сиёсий (мафкуравий);
3) ижтимоий-иқтисодий (моддий).
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда юридик кафолатлар алоҳида ўрин тутиб, бошқа барча кафолат турлари юридик жиҳатдан тартибга солиниши тақозо этилади. Юридик кафолат фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг қонунлар асосида ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланишидир. Юридик кафолатларнинг реал амалга ошиши фақат демократик режим шароитида кузатилади.
Юридик кафолатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш мумкин бўлган ҳаракатларни тақиқлаш ва чегаралашнинг юридик меъёрларини мустаҳкамлаш;
фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида давлат идоралари ва мансабдор шахслар масъуллигини белгилаш;
тажовуздан ҳимоя этилишни, мустаҳкамлашни таъминловчи махсус меъёрлар (шикоят қилиш ҳуқуқи, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи) мавжудлиги;
ҳуқуқни бузганлик учун юридик жавобгарликнинг белгиланганлиги (мулкий, интизомий, маъмурий, жиноий).
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини махсус кафолатлаш Конституция асосида қабул қилинган қонунлар орқали ҳам амалга оширилади. Ушбу қонунларга “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик ва тадбиркорлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Ижтимоий-сиёсий кафолатлар давлатда амал қилиб турган сиёсий тизим орқали намоён бўлади. Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ижтимоий-сиёсий кафолатланиши қуйидагиларга бевосита боғлиқ:
мамлакат миқёсида олиб борилаётган давлат сиёсатининг мақсади;
сиёсий плюрализм даражаси;
жамиятдаги мавжуд сиёсий мафкураларнинг мазмун-моҳияти;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати;
оммавий ахборот воситаларининг фаолияти.
Ижтимоий-иқтисодий кафолатлар жамиятда вужудга келган ишлаб чиқариш муносабатлари мазмуни ҳамда иқтисодий тизимнинг аҳволига боғлиқ бўлади. Ўзбекистон бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик ва фуқаролик жамиятини барпо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тизими – давлат иқтисодий ҳаётининг асосини қамраб олиб, мавжуд бўлган мулк шаклларининг хусусиятини, ижтимоий йўналишга қаратилган ишлаб чиқариш мақсадини, ижтимоий маҳсулотнинг адолатли тақсимоти тамойилини ва халқ хўжалигини бошқариш асосларини белгилаб берадиган мулкий муносабатлардан иборат. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини иқтисодий кафолатлаш давлатда амал қилиб турган иқтисодий тизим орқали намоён бўлади.
Иқтисодий кафолатларга:
адолатли истеъмол саватининг давлат томонидан расмий равишда мустаҳкамланиши;
ойлик иш ҳақининг энг кам миқдорининг белгиланиши;
давлат томонидан аҳолининг кам таъминланган қатлами, вояга етмаганлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояланиши;
барча мулк шаклларининг тенглиги ҳамда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларининг таъминланиши киради.
Ўзбекистондаги мазкур тизимда бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўзининг муносиб ўрнини топди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг носудлов тизими асосини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий давлат ташкилотларига қуйидагилар киради:
1) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
2) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази;
3) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти.
Мазкур миллий давлат ташкилотларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган бўлиб, доимий равишда такомиллашиб бормоқда.