Фуқаронинг ҳуқуқ ва муомала лаёқати. Унинг вужудга келиши. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга сабаб бўлган асослар.
Фуқаролик кодексининг 17-моддасига кўра барча фуқароларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади. Фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва вафот этиши билан тугайди.
Фуқаронинг муомала лаёқати эса ўз ҳаракатлари билан фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади. Вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаро никоҳдан ўтган вақтдан эътиборан тўла ҳажмда муомала лаёқатига эга бўлади.
Никоҳ тузиш натижасида эга бўлинган муомала лаёқати ўн саккиз ёшга тўлмасдан туриб никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳам тўла сақланиб қолади. Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганида суд вояга етмаган эр (хотин) суд белгилаган пайтдан бошлаб тўла муомала лаёқатини йўқотганлиги ҳақида қарор қабул қилиши мумкин (ФК 22-моддаси).
Фуқаролик кодексининг 30-моддасига асосан руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади.
Васийлик ва ҳомийлик. Васийлик ва ҳомийлик органлари.
Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли;
Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин (“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).
Фуқаронинг бедарак йўқолган деб топилиши, оқибатлари ва фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарорнинг бекор қилиниши. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ва бунинг оқибатлари.
Агар фуқаронинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин. Йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган кунни аниқлаш мумкин бўлмаса, бедарак йўқолган деб ҳисоблаш муддати йўқолган шахс тўғрисида охирги маълумотлар олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан, бу ойни белгилаш мумкин бўлмаган тақдирда эса – кейинги йилнинг биринчи январидан бошланади (ФК 33-моддаси).
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш оқибатлари кодекснинг
34-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади. Ушбу мол-мулкдан бедарак йўқолган шахс қонунга мувофиқ боқиши керак бўлган фуқароларга таъминот берилади ва унинг солиқлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарзлари тўланади. Васийлик ва ҳомийлик органи йўқолган фуқаронинг қаердалиги тўғрисида маълумот олинган кундан бошлаб бир йил ўтганга қадар ҳам унинг мол-мулкини муҳофаза қилувчи шахсни белгилаши мумкин.
Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор фуқаро қайтиб келган ёки унинг турар жойи аниқланган тақдирда, суд томонидан бекор қилинади. Суднинг қарори асосида фуқаронинг мол-мулкини бошқариш бекор қилинади (ФК 35-модда).
Фуқаролик кодексининг 36-моддасига кўра агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин. Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.
Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади. Ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган фуқаро вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, суд унинг тахмин қилинган ҳалокат кунини ушбу фуқаронинг ўлган куни деб топиши мумкин. Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.
Юридик шахс тушунчаси ва турлари. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати.
Ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилот юридик шахс ҳисобланади (ФК 39-модда).
Юридик шахслар тижоратчи ташкилот ёки тижоратчи бўлмаган ташкилот бўлиши мумкин. Тижоратчи ташкилот бўлган юридик шахс хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда тузилиши мумкин. Тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд ва мулкдор томонидан молиявий таъминлаб туриладиган муассаса шаклида, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқача шаклда ташкил этилиши мумкин. Тижоратчи бўлмаган ташкилот ўзининг уставда белгиланган мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин (ФК 40-модда).
Юридик шахс ўзининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган фаолияти мақсадларига мувофиқ фуқаролик ҳуқуқ лаёқатига эга бўлади. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва уни тугатиш якунланган пайтдан эътиборан тугатилади. Юридик шахснинг махсус ҳуқуқ лаёқати унинг устави, низоми ёки қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Юридик шахсларнинг ташкил этилиши, таъсис ҳужжатлари ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш.
Юридик шахслар мулкдор ёки у вакил қилган шахс томонидан ёхуд ваколатли органнинг фармойиши асосида, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этилади. Мулкдорлар, хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи субъектлари ёхуд улар вакил қилган шахслар юридик шахсларнинг муассислари ҳисобланади (ФК 42-модда).
Юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин. Юридик шахснинг таъсис шартномаси унинг муассислари томонидан тузилади, устави эса – тасдиқланади (ФК 43-модда).
Юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги маълумотлар барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ бўлган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритилади. Юридик шахсни ташкил этишнинг қонунда белгилаб қўйилган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мос келмаслиги юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади. Давлат рўйхатидан ўтказишнинг хабардор қилиш тартиби белгиланган юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахсни ташкил этиш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади. Юридик шахс қонунда белгиланган ҳоллардагина қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим (ФК 43-модда).