20. Ўзбекистон Республикасида демократик жамиятни барпо этишда сиёсий партияларнинг роли ва вазифалари қандай?*
Ҳар қандай демократик давлатда фуқароларнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилади. Табиийки, эркин фикрлаш бор жойда ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади.
Президент Ислом Каримов 2005 йил 27 январда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида таъкидлаганидек, «Модомики, биз демократик жамият қурмоқчи эканмиз, жамиятимизда албатта кўппартиявийлик тизими бўлиши керак.
Бу тизим нима учун зарур деган саволга мен шундай жавоб берган бўлардим. Кўппартиявийлик, аввало, жамиятимизда ўз манфаат ва қарашларига эга бўлган ҳар қайси ижтимоий қатлам ва гуруҳнинг мақсад ва интилишларини тўлиқ акс эттириш учун керак. Чунки ҳаёт бор экан, инсон бор экан, ҳар қайси тоифа ўзининг манфаатларини қандайдир йўллар билан амалга оширишга ҳаракат қилади, бу ҳаётни қандай ташкил қилиш лозим, инсон, оила қандай шароитда тинч ва бахтли яшаши мумкин деган масалалар атрофида фикр юритади, керак бўлса, қонуний йўллар билан ўз мақсадларига эришишга интилади.
Шу маънода, ҳар бир партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Шунинг учун ҳам ҳар қайси партия — халқнинг маълум қатлами манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч десак, айни ҳақиқат бўлади».
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, сиёсий партиялар давлат ва жамият тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, сиёсий партияларсиз демократияни тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода мамлакатимизда ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шарти сифатида сиёсий партиялар фаолиятини ташкил қилиш ва ривожлантириш, кўппартиявийлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Шу жиҳатдан мамлакатимизда сиёсий партияларнинг ҳуқуқий мақомини таҳлил қилиш, хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Маълумки, сиёсий партиялар фаолият юритиши шакллари ва усулларининг мураккаблашиши, жамият ҳаётида тутган ўрнининг ўсиши уларни юридик институционаллаштиришга олиб келади. Сиёсий партияларнинг юридик институционаллашуви сиёсий партиялар мақомининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилишидир. Одатда, юридик институционаллашувда сиёсий партияларнинг қуйидаги элементлари ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади: сиёсий партия тушунчаси, унинг сиёсий тизимда ва давлат механизмида тутган ўрни; сиёсий партияларни тузиш ва тугатиш шартлари, сиёсий партиялар дастурлари ва ғояларига қўйиладиган талаблар; уларнинг молиявий-иқтисодий базаси; сиёсий партияларнинг ҳокимият органлари билан ўзаро муносабати ва ҳоказо.
Айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари изчил ва босқичма-босқич тарзда шакллантирилиб, такомиллаштирилиб келинмоқда. Жумладан, Конституциямизнинг 13 та (10-, 12-, 32-, 34-, 56-, 57-, 58-, 60-, 62-, 106-, 108-, 112-, 120-) моддасида сиёсий партиялар билан боғлиқ қоидалар мавжуд.
Конституциянинг 60-моддасида шундай дейилади: «Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар».
Айни вақтда «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонун ҳужжатлари ҳам аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ифода этувчи жамоат бирлашмалари, сиёсий партияларнинг ташкил этилиши ҳамда эркин ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.
1996 йилда қабул қилинган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида сиёсий партия тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: «Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир».
2004 йилда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонун сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва молиявий мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу қонуннинг 7-моддасида сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш назарда тутилган бўлиб, унда: «Сиёсий партия, агар у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунига мувофиқ Қонунчилик палатасида сиёсий партия фракциясини тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини олган бўлса, ўзининг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўлади», — деб белгиланган.
Мамлакатимизда сиёсий партиялар ролини оширишга хизмат қилувчи қонунлардан яна бири «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонун бўлиб, у 2007 йилда қабул қилинди. Ушбу қонун парламент фаолиятини самарали ташкил этиш, ижро ҳокимияти органларини шакллантириш ҳамда уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш билан боғлиқ меъёрларни назарда тутади.
Унинг қабул қилиниши, бир томондан, ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини оширган бўлса, иккинчи томондан, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантиришдаги ролини кучайтирди.
2014 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун мамлакатимизда сиёсий партиялар ролини кучайтириш ҳамда кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш бўйича охирги ўн йилликда амалга оширилган демократик ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлди.
Конституциянинг 32-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати институти жорий этилди. Бу фуқаролар, сиёсий партиялар давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишининг муҳим ҳуқуқий механизмларидан биридир.
Конституциянинг 78-моддасига киритилган ўзгартишга биноан парламент назорати конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди ҳамда сиёсий партияларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ этишнинг стратегик вазифаларини ҳал қилишдаги иштирокини сезиларли даражада кучайтириш имконини берди.
98-моддага киритилган ўзгартишларга кўра Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлисда унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади. Бу Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларга ҳукуматнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги энг муҳим вазифаларни амалга ошириш йўналишидаги сиёсатига нисбатан ўз позицияларини аниқ белгилаш имкониятини яратади.
Юқорида келтириб ўтилган қонунлар давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш учун мустаҳкам асос ҳисобланади.
Сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш ва фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш: биринчидан, ҳар бир давлатнинг демократик стандартларга қанчалик содиқлигини акс эттирувчи кўппартиявийлик тизимини изчил шакллантириб боришга; иккинчидан, жамиятимиз ҳаётида ижтимоий-сиёсий фаоллик ҳамда жамоатчилик назоратини оширишга; учинчидан, сиёсий партияларнинг ташаббускорлиги, роли, таъсири ҳамда масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Шу йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Сайлов мамлакатни сиёсий жиҳатдан модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қараганда, сайлов ҳар бир сиёсий партия фаолиятига холис баҳо бериладиган сиёсий жараён ҳисобланади. Демак, ҳозир мамлакатимиздаги сиёсий партиялар учун ўта масъулиятли, ҳал қилувчи даврдир. Яъни партияларнинг жамиятдаги ўрни, давлат бошқарувидаги иштироки қандай бўлиши, электорат манфаатларини қандай ҳимоя қилиши ана шу сайловдаги иштироки ва унинг натижасига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |