23. Меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунга қадар харажатларни тўлаш ҳақидаги нотариуснинг фармойиши.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1155-моддаси, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 57-моддаси, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2090-сон, 30.03.2010 й.)нинг 228-229-бандларига асосан мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
24. Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш тартиби қандай? Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома учун ундириладиган давлат божи.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1114-моддасига асосан умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 226-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 27-28-моддаларида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса – бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Бунда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилган мол-мулк қисмидан, яъни мархумнинг умумий биргаликдаги мол-мулкдаги улушидан келиб чиқиб давлат божи ундирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “и” кичик бандига асосан меросга эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берганлик учун:
биринчи навбатдаги ворисларга мерос суммасининг 0,1 фоизи миқдорида;
иккинчи навбатдаги ворисларга мерос суммасининг 0,5 фоизи миқдорида;
қолган ворисларга мерос суммасининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Лекин, юқоридаги Давлат божи ставкаларида меросни васият бўйича эгаллаган меросхўрга нисбатан миқдор аниқ кўрсатилмаган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунини шарҳлайдиган бўлсак, васият бўйича ворислар бошқа ворислар қаторига киради ва улар мерос суммасининг 2 фоизи миқдорида давлат божи тўлашлари лозим бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |