Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.
Аввалги Конституцияда ушбу боб “Оила” деб аталган бўлса, янги таҳририда янада аниқ ва батафсил қилиб, “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланди. Демак, оила эр-хотиндан ташқари фарзандлардан ҳам иборат эканига алоҳида урғу берилди. Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, уни ривожлантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ПҚ-3808-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5938-сон Фармонларини мисол келтиришимиз мумкин. Янги таҳрирдаги Ўзбекситон Республикаси Конституциясининг мазкур моддаси оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясида жамиятда замонавий оила моделини ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини тўлиқ рўёбга чиқариш оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг пировард натижасига айланиши кераклиги белгиланган. “Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига…” асосланишининг белгиланишини халқимизнинг, жамиятимизнинг халқаро даражадаги муносабатларга билдирган қатъий жавоби деб ҳисоблаш мумкин. Алоҳида қайд этиш жоизки, келгусида олиб бориладиган барча ҳуқуқий ислоҳотларимизнинг йўналиши қатъий ва бевосита халқимизнинг соғлом тафаккурига асосланган ҳолда айнан Конституцияга мувофиқ ҳолда қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланади.
Янги таҳрирдаги Конституция барча фуқароларнинг орзу-истаклари, хоҳиш-иродаларини ўзида мужассамлаштирганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса, ёшлар борасида янги Конституциянинг 79-моддасида ёшларнинг ҳуқуқлари келтирилган бўлиб, жумладан, давлат томонидан ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик каби ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминланиши белгилаб қўйилган. Шу билан бир қаторда, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, шунингдек, ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш каби масъулиятини давлат кафолатлаб қўйилганлиги, ўз навбатида, давлатнинг ёшлар борасида катта конституциявий кафолат бериши, уларнинг манфаатини кўзлаб, келажаги йўлида фаолият олиб боришларидан далолат беради.
Ўйлаймизки, янги таҳрирдаги Конституция “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш ҳамда давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қўлланма Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси асосида тайёрланди.
Қўлланма муаллифлар жамоаси:
“МАДАД” ННТ Самарқанд шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети “Адвокатлик фаолияти” магистранти М.У.Толлибаева
Юридик фанлар номзоди, доцент Х.Т.Маматов
Қашқадарё вилояти Муборак туман кенгаши депутати А.Тўраев
Do'stlaringiz bilan baham: |