Экспертиза объекти – ўзида далилий маълумот сақловчи, экспертга тадқиқот учун юбориладиган предметдир.
Экспертиза предмети – бу махсус билимлар асосида аниқланадиган фактик маълумотлар (фактлар, жиноят ҳолати) бўлиб, ЖПК 172-моддаси асосида шундай хулосага келиш мумкин.
Экспертиза тадқиқоти усуллари – бу муайян кетма-кетликда танлаб қўлланиладиган экспертиза мақсадига эришиш йўлидаги тегишли йўл-йўриқлар тизими ҳисобланади. Демак, экспертиза усули деганда, илмий асосланган усуллар тизимини ва техник воситаларни (аппаратура, мослама, қурилмалар) тушуниш лозим. Экспертиза усули – илмий асосланган ва махсус объектларни ўрганишга ва суд экспертизаси предмети борасида юзага келадиган саволларни ҳал қилишга қаратилган усул бўлиб, ҳар бир экспертиза тури усули ўзига хосдир ҳамда ўрганилаётган объектлар табиати ва суд, терговчи олдига қўйилган саволлар доираси билан аниқланади.
Экспертиза тайинлаш ва ўтказиш шарт бўлган ҳолатлар – ЎзР ЖПК 173-моддасига биноан, 1) ўлимнинг сабабини, етказилган тан жароҳатларининг хусусияти ва оғирлик даражасини; 2) жинсий алоқада бўлганликни, ҳомиладорлик ҳолатини ва ҳомилани сунъий йўл билан тушириш белгиларини; 3) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жабрланувчининг ёшини, агар бу ҳақда ҳужжатлар бўлмаса ёки ҳужжатлар шубҳа туғдирса; 4) гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг, устидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллашга доир иш юритилаётган шахснинг руҳий ва жисмоний аҳволини ҳамда уларнинг ғайриҳуқуқий қилмишни содир этаётган пайтда ўз ҳаракатларини идрок этиш ва идора қилиш лаёқатини, шунингдек жиноий жавобгарликнинг аҳамиятини тушуниш, жиноят процессида кўрсатувлар бериш ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қила олиш лаёқатини; 5) жабрланувчининг, гувоҳнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини ҳамда улар иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни идрок қилиш, эсда сақлаш ва сўроқ қилганда ифодалаб бериш лаёқатига эга эканликларини, шунингдек жабрланувчининг жиноят процесси чоғида ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қила олиш лаёқатини; 6) таносил ва бошқа юқумли касалликларга чалинган, сурункали ичкиликбозликка ва гиёҳвандликка дучор бўлган шахсларни даволаш зарурлигини ва имкониятларини; 7) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар уларнинг турлари мавжудлигини; 8) пул белгилари, қимматли қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар қалбакилаштирилганлигини; 9) портлашлар, ҳалокатлар ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг техникавий сабабларини аниқлаш зарур бўлган ҳолатлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |