13. Ёнма-ён тизилган саф – бўлинмалар бир ёки икки шеренгали сафга (машиналар чизиғига) фронт бўйлаб бир чизиқда тизилган ёхуд колонналар чизиғига, мазкур Низомда белгиланган ёки командир томонидан тайинланган интервал қолдирган ҳолда тизилган саф.
Ёнма-ён тизилган саф йўқлама, саноқ, кўрик, парад ўтказиш учун ва шу каби, бошқа зарурий ҳолларда қўлланилади.
14. Юриш сафи – бўлинма колоннага тизилган ёки колоннага тизилган бўлинмалар кетма-кет, мазкур Низомда белгиланган ёки командир томонидан тайинланган дистанция қолдирган ҳолда жойлашган саф.
Юриш сафи бўлинмалар марш давомида ҳаракатланиши, тантанали юриши, саф қўшиғи билан ўтиши учун ва шу каби, бошқа зарурий ҳолларда қўлланилади.
15. Етакчи – тайинланган йўналишда бош бўлиб бораётган ҳарбий хизматчи (бўлинма, машина). Қолган ҳарбий хизматчилар (бўлинма ёки машиналар) ўз ҳаракатини етакчига қараб мослаштиради.
Охирда борувчи – колоннанинг охирида бораётган ҳарбий хизматчи (бўлинма, машина).
16. Саф бошқариш амаллари оғзаки, сигнал воситасида ёки командир томонидан шахсан кўрсатиб бериладиган, шунингдек, техник ва ҳаракатчан воситалар орқали узатиладиган команда ва буйруқлар орқали бажарилади.
Команда ва буйруқлар колонна бўйича бўлинма командирлари (машина катталари) ва тайинланган кузатувчилар орқали узатилиши мумкин.
Машинада бошқариш амали оғзаки бериладиган ёки алоқа воситалари орқали узатиладиган команда ва буйруқлар орқали бажарилади.
Сафда катта командир саф бошқариш учун ўзига қулай бўлган жойда бўлади. Қолган командирлар командаларни мазкур Низомда белгиланган ёки катта командир тайинлаган жойда қолиб беришади.
Батальон ва бригаданинг юриш сафидаги взвод ва ундан катта бўлинма командирларига сафдан чиқишга фақат команда бериб, унинг ижросини текшириш учунгина рухсат берилади.
17. Команда дастлабки ва ижро командаларига бўлинади. Фақат ижро командаси ҳам бўлиши мумкин.
Дастлабки команда аниқ, баланд ва сафда турганлар командир қандай ҳаракат бажарилишини талаб қилаётганини англаб етишлари учун чўзиқ берилади.
Сафда турган ҳарбий хизматчилар ҳар қандай дастлабки командага биноан қад ростлайди, юриш давомида эса шахдам қадам ташлай бошлашади, сафдан ташқарида бўлишса, бошлиқ томон ўгирилиб, қад ростлаб туришади.
Ижро командаси (мазкур Низом матнида ижро командаси бош ҳарфлар билан ёзилган) дастлабки командадан кейинги танаффусдан сўнг, баланд, қисқа ва аниқ берилади. Ижро командаси зудлик билан, аниқ бажарилади.
Бўлинма ёки алоҳида ҳарбий хизматчининг эътиборини жалб этиш учун дастлабки командада, зарурат бўлса, бўлинма номи ёки ҳарбий хизматчининг ҳарбий унвони ва фамилияси айтиб чақирилади. Мисол учун, «Гуруҳ, ТЎХТА», «Оддий аскар Тўраев, орт-ГА».
Саф амаллари қурол билан бажарилаётган бўлса, дастлабки командада, зарурат бўлса, қурол номи айтилади. Мисол учун, «Автомат кўкрак-КА», «Пулемёт тасма-ГА» ва ҳоказо.
Команда бераётган командирнинг овози саф эни ва узунлигига мутаносиб бўлиши, командани ижро этаётган ҳарбий хизматчи эса овозни кескин кўтармай, аниқ билдирув бериши лозим.
18. Саф бошқариш ва машина бошқариш сигналлари мазкур Низомнинг 1- ва 2- иловаларида келтирилган.
Зарурат бўлса, командир қўшимча саф бошқариш сигналларини жорий этади.
19. Барча бўлинмаларга тааллуқли командалар жамики бўлинма командирлари ва машина катталари (командирлари) томонидан қабул қилиниб, зудлик билан бажарилади.
Команда сигнал воситасида бериладиган бўлса, дастлаб «ДИҚҚАТ» сигнали узатилади. Агар команда бўлинмалардан фақат биттасига тааллуқли бўлса, тегишли бўлинма рақамини англатадиган сигнал узатилади.
Командани сигнал воситасида қабул қилишга шай ҳолат ҳам «ДИҚҚАТ» сигнали узатилган ҳолда билдирилади.
Сигналнинг қабул қилинганлиги, уни такрорлаш ёки ўз бўлинмасига тегишли сигнал узатиш орқали тасдиқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |