3-боб. Комиссияни шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш
9. Комиссия аъзолари фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловидан сўнг бир ой ичида камида 15 кишидан иборат таркибда 5 йил муддатга сайланади.
Комиссия таркибига фуқаролар йиғини ҳудудига бириктирилган туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек ҳаётий тажрибага, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган ҳамда ўзининг тарбиявий таъсирини ўтказа оладиган фаол фуқаролар киритилади.
Комиссияга раҳбарлик фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркибига номзод сифатида кўрсатилган шахс, агар фуқаролар йиғини мажлисида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.
Комиссия аъзоси муддатидан аввал Комиссия таркибидан чиқса, Комиссиянинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.
10. Комиссия раиси:
Комиссия фаолиятини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;
ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг Комиссия аъзолари томонидан бажарилишини таъминлайди;
мажлисларни чақиради ва ўтказади;
фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисларида унинг номидан вакил бўлади;
Комиссия номидан чиқадиган ҳужжатларни имзолайди.
Комиссия ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан Комиссия раисининг ўринбосарини ва Комиссия котибини сайлайди.
11. Комиссиянинг йиллик, чораклик иш режалари Комиссия йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.
Комиссия иш режаси ижроси юзасидан Комиссия аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда Комиссия йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.
12. Комиссия ўз фаолиятини олиб боришда фуқароларнинг мурожаатлари, Комиссия раиси ва аъзоларининг таклифлари, ҳудуддаги ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига қараб йиғилиш ўтказади ва тегишли қарорлар қабул қилади.
13. Комиссия йиғилиши, агар унинг ишида Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия йиғилишида иштирок этаётган аъзоларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган қарор қабул қилинган ҳисобланади.
14. Комиссиянинг котиби йиғилишларнинг баёнини юритади ва қарорлар ижросини назорат қилади.
15. Комиссия ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)га ҳисобот бериб боради.
16. Комиссияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, шунингдек Комиссия аъзоларини моддий рағбатлантириш учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маблағлардан ташкил топган фуқаролар йиғини мулки ҳисобидан фуқаролар йиғини кенгаши қарорига асосан пул маблағлари ажратилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |