258-модда. Солиқ солиш объекти
Ер усти ва ер ости манбаларидан олиб фойдаланиладиган сув ресурслари солиқ солиш объектидир.
Сув ресурсларининг ер усти манбаларига қуйидагилар киради: дарёлар, кўллар, сув омборлари, турли хил каналлар ва ҳовузлар, ер устидаги бошқа сув ҳавзалари ҳамда сув манбалари.
Сув ресурсларининг ер ости манбаларига артезиан қудуқлари ва скважиналар, вертикал ва горизонтал дренаж тармоқлари ҳамда бошқа иншоотлар ёрдамида чиқазиб олинадиган сувлар киради.
259-модда. Солиқ солинадиган база
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фойдаланилган сувнинг ҳажми ушбу Кодекс 261-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиққа тортилмайдиган сув ҳажми чегирилган ҳолда солиқ солинадиган база ҳисобланади.
(259-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради)
260-модда. Солиқ солинадиган базани белгилаш тартиби
Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан олинган сув ҳажми сувдан фойдаланишнинг бухгалтерия (бирламчи) ҳисобга олиш ҳужжатларида акс эттирилган сув ўлчагич асбобларининг кўрсаткичлари асосида аниқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Сувдан ўлчагич асбобларсиз фойдаланилган тақдирда, унинг ҳажми сув объектларидан сув олиш лимитларидан, сув истеъмолининг технологик ва санитария нормаларидан, экинлар ҳамда дов-дарахтларни суғориш нормаларидан ёки маълумотларнинг тўғрилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
(260-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-240-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 555-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Солиқ тўловчилар ер усти ва ер ости манбаларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари ҳажмларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритади. Сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан сув келадиган водопровод тармоғидаги сувдан фойдаланилган тақдирда, солиқ солинадиган база манбанинг ҳар бир тури бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади. Сув етказиб берувчи юридик шахслар водопровод тармоғига сув ресурсларининг ер усти ва ер ости манбаларидан келадиган сув ҳажмларининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига жорий солиқ даврининг 15 январига қадар тақдим этишлари керак. Давлат солиқ хизмати органлари беш кун ичида ушбу маълумотларни солиқ тўловчилар эътиборига етказиши лозим.
(260-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-343-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 52-сон, 584-модда)
Солиқ тўловчи иссиқ сув ҳамда буғ ҳосил қилиниши бўйича солиқ солинадиган базани ишлаб чиқариш ва техник эҳтиёжлар учун ўзи фойдаланган сув ресурслари ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқлайди.
Биноларнинг бир қисми, алоҳида жойлар ижарага топширилганда солиқ солинадиган база сув етказиб берувчи юридик шахс билан шартнома тузган ижарага берувчи томонидан аниқланади.
Биноларнинг бир қисмини, алоҳида жойларни ижарага олган ва сув етказиб берувчи юридик шахс билан шартнома тузган юридик шахслар солиқ солинадиган базани мустақил равишда аниқлайди.
Солиқ тўловчилар юридик шахслар билан сув етказиб берилиши юзасидан солиштириб кўриш жараёнида олинган сувнинг ҳажмини аниқлаштиришда сув ҳажми фарқини солиштирув амалга оширилган даврдаги ҳисоб-китобларда акс эттиради.
Юридик шахсларнинг ҳудудида таъмирлаш-қурилиш ва бошқа ишларни бажарувчи солиқ тўловчилар бу ишларни бажариш жараёнида фойдаланиладиган сув учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўламайди. Таъмирлаш-қурилиш ва бошқа ишларни бажараётганда фойдаланиладиган сув ҳажми учун бу ишлар қайси юридик шахслар учун бажарилаётган бўлса, ўша юридик шахслар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди. Қурилиш ишлари янги қурилиш майдонида бажарилган тақдирда, қурилишда фойдаланиладиган сув ҳажми учун қурилиш ташкилоти сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлайди.
Ягона ер солиғи тўловчилари бўлмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари солиқ солинадиган базани солиқ даврида бир гектар суғориладиган ерларни суғориш учун сарфланадиган сувнинг бутун хўжалик бўйича ўртача ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқлайди.
Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликлари учун солиқ солинадиган база ушбу модданинг тўққизинчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари томонидан аниқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фаолият турлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчи сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш назарда тутилмаган фаолият турларини амалга оширган тақдирда, солиқ солинадиган база солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган сув ресурсларининг ҳажми ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш асосида аниқланади. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш имконияти бўлмаган тақдирда, солиқ солинадиган база фаолиятдан олинадиган соф тушумнинг умумий ҳажмида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш назарда тутилган соф тушумнинг солиштирма салмоғидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
(260-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонунига асосан ўн биринчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради)
Do'stlaringiz bilan baham: |