254-модда. Тижоратбоп топилма бонуси
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тижоратбоп топилма бонуси тегишли лицензияда кўрсатилган ер қаъри участкасида фойдали қазилма конларининг ҳар бир тижоратбоп топилмаси учун, шу жумладан дастлабки белгиланган ажратиб олинаётган захираларни кўпайтиришга олиб келувчи конларни қўшимча қидириш ўтказиш чоғидаги фойдали қазилмалар топилмаси учун тўланадиган тўловдир. Тижоратбоп топилма бонуси, агар аввал мазкур кон бўйича тижоратбоп топилма бонуси тўланмаган бўлса, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳуқуқини олишда ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан ҳам тўланади.
(254-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 декабрдаги ЎРҚ-379-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 49-сон, 579-модда)
Фойдали қазилма конларини кейинчалик уларни кавлаб олишни назарда тутмайдиган қидириш ўтказишда тижоратбоп топилма бонуси тўланмайди.
Ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган конда фойдали қазилмаларнинг қазиб олинадиган захиралари ҳажми солиқ солиш объектидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати солиқ солинадиган базадир. Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:
Товар бозорларида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган ер қаъридан фойдаланувчилар учун — фойдали қазилманинг мазкур тури учун тасдиқланган декларация қилинган нархи бўйича;
Олдинги таҳрирга қаранг.
бошқа ер қаъридан фойдаланувчилар учун — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро биржада белгиланган биржа нархи бўйича, жаҳон бозорида нарх мавжуд бўлмаган тақдирда эса, фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қиймати — белгиланган тартибда келишилган тегишли конни саноат йўсинида ўзлаштириш бўйича техник-иқтисодий асосларда назарда тутилган кавлаб олишнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб, уни 20 фоиз оширган ҳолда.
(254-модда тўртинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-417-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 598-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фойдали қазилмалар захираларининг қазиб олинадиган ҳажмининг қийматини аниқлаш ва тижоратбоп топилма бонусини тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Тижоратбоп топилма бонусининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олинган кундан эътиборан йигирма беш кундан кечиктирмай солиқ тўловчи томонидан тақдим этилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 27-моддаси.
Тижоратбоп топилма бонусини тўлаш фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензия олинган кундан эътиборан тўқсон кундан кечиктирмай амалга оширилади.
(254-модданинг бешинчи — саккизинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-417-сонли Қонунига асосан бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 598-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |