109-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликдан озод қилиш
Шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:
солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги фактининг йўқлиги;
солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилишида шахснинг айби йўқлиги.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекс 110-моддасининг биринчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 26-бандининг биринчи — учинчи хатбошилари.
Ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолатлар ҳам мавжуд бўлган тақдирда, шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекс 110-моддасининг иккинчи қисми.
Солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъекти қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда йўл қўйилган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган, шу жумладан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаган тақдирда, унга нисбатан жарималар ҳамда молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилиши мумкин эмас.
(109-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
110-модда. Шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини ва уни жавобгарликка тортишни истисно қиладиган ҳолатлар
(110-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-241-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 556-модда)
Шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини истисно қиладиган ҳолатлар деб қуйидагилар эътироф этилади:
солиққа оид ҳуқуқбузарлик белгилари бўлган қилмишнинг табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар оқибатида содир этилганлиги (мазкур ҳолатлар ҳаммага маълум фактларнинг мавжудлиги, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар ва исботлаш учун махсус воситалар талаб этилмайдиган бошқа усуллар билан белгиланади);
солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган қилмиш бундай қилмиш содир этилган пайтда касаллик оқибатида ўз ҳаракатларини ўзи идора этолмайдиган ёки бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган (мазкур ҳолатлар мазмуни, моҳияти ва санаси бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган ўша солиқ даврига тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этиш орқали исботланади) жисмоний шахс — солиқ тўловчи томонидан содир этилганда;
ваколатли органлар ёки улар мансабдор шахсларининг солиққа оид қонун ҳужжатларининг қўлланилиши масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида берган ёзма тушунтиришлари солиқ тўловчи томонидан бажарилганда (мазкур ҳолатлар ушбу органларнинг тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда белгиланади, ушбу ҳужжатлар маъноси ва мазмунига кўра, ҳужжатлар қабул қилинган санадан қатъи назар, солиққа оид ҳуқуқбузарлик юз берган солиқ даврига тааллуқли бўлиши лозим).
Шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортишни истисно қиладиган ҳолатлар деб қуйидагилар эътироф этилади:
ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ўн олти ёшга тўлмаган жисмоний шахс томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганда;
солиқ мажбуриятлари бўйича даъво муддатлари тугаганда.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Кодекснинг 38-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги 210-сонли «Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси Умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарори 7-банди, 26-бандининг тўртинчи хатбоши.
Do'stlaringiz bilan baham: |