13-боб. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш 77-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйишнинг умумий қоидалари Давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритади. Солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш уларни ҳисобга қўйиш ва улар тўғрисидаги ҳисоб маълумотларини юритиш орқали амалга оширилади.
Солиқ тўловчи ҳисобга қўйилаётганда унга солиқ тўловчининг идентификация рақами берилади ҳамда солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисобга қўйиш маълумотлари Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.
Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан юритилади.
Давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчига берилган идентификация рақами берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида ҳисобга қўйилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир.
78-модда. Солиқ тўловчининг идентификация рақами Солиқ тўловчининг идентификация рақами муайян солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганда унга бериладиган рақамдир.
Солиқ тўловчининг идентификация рақами муайян солиқ тўловчига бир марта берилади. Солиқ тўловчининг идентификация рақами ўзгармайди ва бекор қилинганидан кейин бошқа солиқ тўловчига берилмайди.
Ушбу Кодекс 35-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган юридик шахснинг алоҳида бўлинмаларига мазкур алоҳида бўлинмани ташкил этган юридик шахснинг — солиқ тўловчининг идентификация рақами назорат белгилари қўшилган ҳолда берилади.
Солиқ тўловчининг идентификация рақами қуйидагиларда албатта ёзиб қўйилиши керак:
юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада, рўйхатдан ўтказиш давлат солиқ хизмати органларида ва давлат статистикаси органларида уларни ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади;
фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланишга доир лицензиясида;
чеклардан ташқари, пул билан ҳисоб-китоб қилинадиган тўлов ҳужжатларида, шунингдек уларнинг электрон шаклида;
давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган молиявий ва солиқ ҳисоботи ҳужжатларида;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ҳамда меҳнат шартномаларида;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар битимлар тузганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан ҳисобварақ-фактуралар ҳамда транспорт ҳужжатларида;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда қиймат ифодасига эга бўлган молиявий, мулкий ҳамда бошқа мажбуриятлар юзага келганлигини, шунингдек уларнинг бажарилишини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда.
LexUZ шарҳи Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 130-сон «Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғисида»ги қарори.