18-боб. Якунловчи қоидалар
101-модда. Сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби
Сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу Кодекс талаблари бузилганлиги ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши, ушбу мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиши ва уч кунлик муддатда уларга ёзма жавоблар бериши, сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатларни эса дарҳол кўриб чиқиб, жавоб қайтариши шарт.
Мурожаатлар қайдлов дафтарида рўйхатга олиниши лозим.
Сайлов комиссиясининг раиси мурожаатни кўриб чиқиш ва унга доир қарор қабул қилиш учун тегишли комиссияни ушбу Кодексда белгиланган муддатларда чақиради ва унинг мажлисини ўтказади. Мажлисга манфаатдор шахслар таклиф этилиши мумкин.
Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколатига кирмайдиган участка сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаат уч кунлик муддатда тегишли органларга мурожаат юборган шахс бу ҳақда хабардор қилинган ҳолда юборилади.
Мурожаатни кўриб чиққан сайлов комиссиялари аъзолари уни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарор тўғрисида мурожаат юборган шахсни хабардор қилиши шарт.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида низом»нинг 12-боби, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида низом»нинг 13-боби.
102-модда. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.
(102-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Do'stlaringiz bilan baham: |