65-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимга киришгунига қадар бажаради.
66-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгариги сайлов Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Сенат Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида, ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.
13-боб. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари 67-модда. Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови Қонунчилик палатаси беш йил муддатга сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат бўлади.
Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади.
68-модда. Депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган ва ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.
Белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.
Битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.
69-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;
имзо варақалари.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжат қабул қилиб олинган сана ва вақт қайд этилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.