Битирув малакавий ишнинг тузилиши ва хажми. Тадқиқот иши кириш, боб, хулоса, фойдаланилган илмий адабиётлар рўйҳати ва иловадан иборат.
I-БОБ. АНТИК ДАВРИ ШИМОЛИЙ БАҚТРИЯ МЕМОРЧИЛИГИНИНГ ЎРГАНИЛИШИ
1.1. Ёзма манбаларда Шимолий Бақтрия тарихининг ёритилиши
Шимолий Бақтрия Амударёнинг юқори ҳавзасида, яъни Ўрта Осиёнинг жанубий-шарқида жойлашган йирик тарихий-маданий ўлка ҳисобланади. Қадимги юнон муаллифлари унинг шимолий чегарасини Амударё билан (Страбон, Птолемей), кейинги давр тадқиқотчилари эса археологик маълумотларга таяниб, унинг шимолий чегарасини Хисор тоғлари билан, жанубини Ҳиндиқуш тоғ тизмалари билан боғлайдилар (Дьяконов, Стависский, Пьянков, Массон).
Қадимги Бақтрия тарихини ўрганишда ёзма манбаларнинг ҳам ўрни муҳим ҳисобланади. Ёзма манбаларда ҳам Бақтриянинг қадимги даври тарихи, ижтимоий-иқтисодий муносабатлари тўғрисида маълумотлар келтириб ўтилган. Ўрта Осиёнинг, жумладан Бақтриянинг қадимги жамияти тарихи тўғрисида маълумотлар ёзма манбалар - “Авесто”, Аҳамонийлар даври қадимги форс ёзма ёдгорликлари ва қадимги юнон тарихчиларининг асарларида қайд қилинган. Ўлкамизнинг қадимги давр тарихини ёритишда “Авесто” муҳим манба бўлиб хизмат қилади. “Авесто” – Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари халқларининг бебаҳо бойлиги бўлиб, у жаҳон тарихида диний, ҳуқуқий, ахлоқий, ижтимоий тасаввурларнинг манбаи сифатида эътироф этилади.
Маълумки, “Авесто” дастлаб, 1771 йилда француз олими Анкетил Дюперрон томонидан таржима қилинган. Ғарбий Европада “Авесто”ни ўрганишга Ф. Альтхейм, В.Б. Хеннинг, Е. Херцфельд, И. Гершевич, М. Бойс, Р. Фрай ва бошқалар муҳим ҳисса қўшганлар12. ХIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб манбанинг рус тилидаги нашрлари пайдо бўлди. ХХ аср мобайнида “Авесто” тўғрисида берилган Е.Э. Бертельс, М.М. Дьяконов, В.И. Абаев, И.С. Брагинский, В.А. Лившиц, И.М. Оранский, И.В. Рака ва И.В. Пьянков бошқа олимларнинг асарларида келтириб ўтилган13.
“Авесто” ва умуман илк ёзма манбалардан фойдаланишда, уларни доимий равишда танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқиш зарур, чунки баъзи бир маълумотлар афсоналарга асосланган14. Шунга қарамасдан, илк ёзма манбалар жаҳон тарихида биринчи бўлиб, минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузум тўғрисидаги энг қадимги маълумотларни ўз ичига олган бўлиб, уларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
“Авесто ”да ўз аксини топган географик, ҳудудий номлар, манбада келтирилган вилоятлар рўйхати асосида “Авесто” халқлари ва уларнинг ҳудудий жойлашуви чегаралари тўғрисидаги муаммо таҳлил қилинган.
“Авесто” да қадимги вилоятларнинг номлари Яшт китобининг учинчи ва Видевдатнинг биринчи бобида санаб ўтилган. Бақтрия Видевдат фаргардида “Бахди” шаклида учрайди: “... Биринчидан, одамлар яшаши учун энг яхши мамлакатни, Ванхви Датьё дарёсидаги Арёнам Вайжога асос солдим. Иккинчидан, мен, Ахурамазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган Гава Сўғда маконига асос солдим. Учинчидан, мен, Ахуромазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган қудратли Моуруга асос солдим. Тўртинчидан, мен, Ахуромазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган, баланд байроқли гўзал Бахдига асос солдим”15.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, “Авесто” нинг энг қадимги қисмлари (“Яшт” ва “Гатлар”, тахминан мил. авв. IX-VIII асрлар) ёзув пайдо бўлганга қадар даврни ёритишда муҳим саналади. “Авесто” да тасвирланган жамият ва ижтимоий жараёнлар кўп ҳолларда, мил. авв. VIII-VII асрларда Ўрта Осиёда содир бўлган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан ўхшашликка эга. Ушбу жамият “ҳарбий демократия”, яъни илк давлатчиликка ўтиш босқичидаги турли ижтимоий гуруҳлар ва тоифалардан иборат бўлган16.
“Авесто” бўйича жамият тўрт қисмга бўлинган - оила, уруғ, қабила, қабилалар иттифоқи (“нмана”, “вис”, “занту”, “дахию”). Ушбу тушунчаларни
С.П. Толстов, И.М. Дьяконов, В.И. Абаев, В.А. Лившиц, И.М. Оранский, И.М. Стеблин-Каменский ва бошқа олимлар уй, қишлоқ жамоаси, туман, вилоят ва мамлакат тушунчалари билан боғлалайди17.
“Авесто”да қадимги жамоа пойдеворини оила - “нмана”, “дмана” ташкил этган. Шарқшунос И.М. Дьяконов биринчилар қаторида “нмана” атамасини “уй-жой”, “уй-қўрғон” тушунчалари билан боғлаган.
Бир неча қўшни уй-жойлар (оилалар) патриархал уруғ (“вис”) жамоасига бирлашган бўлиб, ушбу жамоа аъзолари яйловлар, ҳосилдор ерлар, кичик суғориш иншоотларига биргаликда эгалик қилганлар. И.В. Пьянков, “Авесто” да Спитама, Наутара ва бошқа уруғлардан келиб чиққан шахслар ва йўлбошчиларнинг мавжудлигига ўз эътиборини қаратган18.
“Авесто” нинг қадимги қисмида акс этган давлатчилик атамасининг яна бир кўриниши – занту бўлиб, у қабилавий уюшмани англатади. Қабила уюшмаси бир неча висларни бирлаштирувчи, бир неча уруғ жамоалари устидан назорат қилиб турувчи бошқарув органи ҳисобланган.
Авесто жамияти таркибининг энг юқори босқичи – дахъю – бу нафақат йирик ҳудудий бирлик, балки маълум бир этник бирликнинг маъмурий ҳудуди ҳамдир. Шундай ҳудудий этник бирликлардан 16 тасининг номлари Авестода тилга олиниб, уларнинг ҳар бири ўз навбатида муайян халқлар номи билан боғлиқ этник бирликлар ҳисобланади.
Авесто жамиятининг ҳудудий таркибида бир неча дахъюларни сиёсий жиҳатдан уюштирган дахъюлар конфедерацияси бўлган. Уларнинг тепасида дахъю састи турган.
Сув манбалари, ҳосилдор ерлар, ўсимлик ва боғларни қамраб олган қишлоқ хўжалиги ҳудуди “шойтра” деб аталган. “Шойтра” деҳқончилик қилиш мақсадида шудгор қилинган далалар ва чорва боқиш учун фойдаланилган ем-хашак майдонларидан иборат бўлган. Ўрта Осиёнинг турли вилоятларида чорвачилик катта аҳамиятга эга бўлиб, чорва жамоаларнинг асосий бойлигига айланган.
Авестода асосий бойлик сифатида чорва эътироф этилган. Заратуштра ўз таълимотида “Чорвага яхши эга керак, чорва эгаларига мен эркин юришни ва эркин ҳаётни таъмин қиламан” дейди (Ясна, 24. Гатлар). Авестодаги чорвадорлар тоифаси бу коҳинлар ва жангчи орийларнинг мол-қўйлари ҳамда йилқиларини боқувчи чўпонлар ҳисобланган.
Яшт китобининг ўнинчи бобида оила бошлиғи (уй эгаси), уруғ оқсоқоли, қабила йўлбошчиси ва мамлакат сардори каби тушунчалар учрайди19. Оила, уруғ ва қабила бошлиғини англатиш учун “пати” атамаси ишлатилган (“нманопати”, “виспати”, “зантупати”). Мамлакатни идора қилган шахс - “кави”, қабилаларнинг ҳарбий йўлбошчиси - “састар” деб аталган.
Уруғ бошлиғи - “виспати” суд ва диний функцияларни амалга ошириб, қишлоқ оқсоқоли вазифасини бажарган. И.В. Пьянков қадимги бошқарув тизими ва илк давлатчиликка тегишли атама ва тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилиб ўз хулосаларини берган. Жумладан, “зантума” (диний бошқарув), “ханжамана”, “въяха” (жамоа, “халқ” йиғилиши), “дахиюсасти” (вилоятлар уюшмаси), “хшатра” (барча вилоятлар бирлашмаси)20.
Эзгулик худоси Аҳурамазда яратган мамлакатларда оқсоқоллар кенгаши “варзана”, “ханчамана”, умумжамоа мажлиси эса “вьяха” деб юритилган. Авестода шаҳар ёки шаҳар жамоаси деган тушунчалар учрамайди. Айрим замонавий тадқиқотларда ва “Авесто” бобларининг ўзбек тилига таржималарида “шаҳар” сўзи келтирилади, мисол учун, А. Қаюмовнинг “Яшт” бобларининг таржималарида: “Мен Ахурамазда ўз қудратим билан Анахитани яратдим, уй ва қишлоқ, шаҳар ва мамлакатни...”21. Д. Қодированинг таъкидлашича, “Авесто” китобида “шаҳар” деган “соф урбанистик тушунча йўқ”, лекин манбада тилга олинган вара, яъни қалъа шаҳарнинг номига кўчган, деб хулоса чиқарилган.
Авесто қадимги жамият аъзоларини тўрт тоифага бўлади: коҳинлар, жангчи аскарлар, чорвадорлар ва ҳунармандлар (Ясна китоби, 19-боб). Авестода тилга олинган “баланд уйлар”, “устунлар” иборалари, Авесто жамиятининг ижтимоий-иқтисодий асосида бронза даври деҳқончилик жамоларининг ҳаётий манзараси ётади. Авестога кўра деҳқончилик минтақаларида дастлаб бошқарув тизимининг тепасида коҳинлар турган. Ҳунармандлар тоифасини эса кулолчилик, заргарлик ва тўқимачилик касбини зироатчиликдан ажралмаган ҳолда олиб борган деҳқончилик жамоалари ташкил этган. Аммо, Авестонинг Ясна ва Яштларида деҳқончилик ҳақида маълумотлар учрамайди, бундай маълумотлар Видевдат китобига киритилган22.
Шунга ҳам эътибор бериш керакки, тадқиқотчи Р. Абдукомиловнинг фикрига кўра, “Авесто ”даги уй, оила - “нмана”, “дмана”, қишлоқ жамоаси - “вис”, қабила, туман - “занту”, вилоят - “дахию” атамалари, ягона давлат “Арянам Хшатрам” нинг таркибий қисмларини англатади23. И. В. Пьянков, аксинча, “арянам” атамасини “эроний” маъносида таржима қилиб, “хшатра” атамаси турли тушунчалар (жумладан “ҳокимият”, “мулк”) ни англатиб, сиёсий бирлик - “подшолик, давлат” тушунчалари билан боғлиқ эмас, деб қайд қилган24.
“Авесто”даги маълумотлар асосида қуйидагича жадвални келтириб ўтиш мумкин25:
Бақтрия ҳақида маълумотлар аҳамонийлар битикларида, жумладан, Беҳистун қояларида ҳам учрайди. Доро I даврида ёзилган мазкур қоялардаги ёзувда Доро I давлати қарамоғида бўлган 23 мамлакат орасида Бақтрия ҳам тилга олинади. Ушбу ёзувда Доро I нинг қуйидаги хабарлари битилган: “Марғиёна номли давлат мендан ажралиб чиқиб кетди. Марғиёналик Фрада исмли бир одам ўзини вилоятнинг ҳокими, деб эълон қилди. Кейин мен, Бақтрия сатрапи, бўйсунувчи одамим форс Дадаршишни чақириб, унга гапирдим: Менга бўйсунмаганларни тор-мор қилиш керак. Дадаршиш қўшинлари билан отланиб, марғиёналиклар билан жанг қилди. Ахурамазда менга ёрдам кўрсатди. Ахурамазда иродаси билан менинг қўшинларим қўзғолончиларни бутунлай мағлубиятга учратди... Мана менинг Марғиёнада қилганларим”26. Доро I Беҳистун ёзувларида Аҳамонийлар давлатининг асосан ғарбий вилоятларини кўрсатиб берган бўлса, Нақши Рустам ёзувларида мамлакатлар рўйҳати Мидия ва Эламдан сўнг шарқий вилоятлардан бошланади. Рўйҳатда Мидия, Элам ва Арьядан сўнг Бақтрия тилга олинади. Аҳамонийларнинг “Суза ёзуви” да эса, Сузадаги сарой қурилиши учун Сард ва Бақтриядан олтин, Сўғдиёнадан ялтироқ тошлар ва ложувард, Хоразмдан фируза тошлар, Арахозиядан кумуш ва бронза келтирилганлиги тилга олинади27.
Персеполда бақтрияликлар 15 жойда, идиш кўтарган ҳолда ва икки ўркачли Бақтрия туялари билан тасвирланган. Бу Аҳамонийлар империяси хазинасига ҳар йили унга қарашли сатрапликлардан келтириладиган бож ёки солиқларнинг моддий маданиятда кўринишидир. Бақтрия йилига Аҳамонийлар империясига кумуш билан 300 талант28 (бир талант 33.655 кг. кумушдир) қийматида бож тўлаган.
Бақтрия ҳақидаги хилма-хил маълумотлар қадимги юнон тарихчилари Геродот, Ктесий, Страбон, Диадор, Плиний, Арриан, Гекатей, Скилак ва бошқаларнинг асарларида учрайди. Геродот (мил. авв. 484-425) “Тарих” китобида Бақтрия, Бақтра ва боҳтарийлар ҳақида 13 марта, суғдларни 2 марта, хоразмликларни 3 марта, сакларни 11 марта, массагетларни 19 марта тилга олиб, уларнинг моддий маданияти, урф-одатлари, дини ва тарихи ҳақида ҳикоя қилган29. Масалан, Геродот аҳомонийлар подшоси Кир II Мидияни бўйсиндирганидан сўнг унинг йўли устида “Бобил, Бақтрия халқи, саклар ва мисрликлар тўсиқ бўлиб тургани” ҳақида хабар беради. Бундан келиб чиқадики, Бақтрия ва сак-массагетлар конфедерацияси Миср ёки Бобил сингари йирик муҳим давлатлар қаторида турган. Геродот маълумотларида берилган “Бақтрия халқи” тушунчаси маълум бир этник бирликни англатади. “Халқ” маъносини берувчи “этнос” сўзи Геродотнинг “Тарих” асарида жуда кўп учрайди (тадқиқотчилар ҳисобига кўра 145 марта) ва фақат икки жойдагина бу сўз Бақтрияга нисбатан ишлатилади30. Геродотдан олдин “Бақтрия халқи” тушунчасини буюк Эсхил “Форслар” фожеасида ишлатган. “Форслар” фожеасида ёш бақтриялик жангчилардан Тенагон ва Аритомларнинг исмлари тилга олинган. Улар Саламин жангида ҳалок бўлган (мил.авв. 480 йил). “Бақтрия халқи ҳалок бўлди” деб Эсхил ўз асарида хулоса қилган. Бундан ташқари Геродот асарида “Бақтрияликларнинг бошларига кийган қалпоқлари мидияликларникига жуда ўхшаган, улар қамишдан ясалган ўқ ва калта найзалар билан қуролланганлар”31 каби маълумотлар ҳам келтирилади. Бақтрия ҳақида кўплаб маълумотлар мил. авв. 414-398 йилларда аҳамоний шоҳ Артаксеркс саройида яшаган Ктесий томонидан ёзиб қолдирилган. Ктесий Кир II нинг бақтрияликлар билан тўқнашуви ҳақида, Бақтрияда жуда кўп истеҳкомлар мавжудлиги тўғрисида, уларнинг баланд ва мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўраб олингани, унинг пойтахти Бақтра қалъасида подшо қасри жойлашгани ҳақида маълумотлар беради. Ктесий томонидан тасвирланган халқлар орасида бақтрияликлар биринчилардан бўлиб тилга олинади. Бақтриянинг ўзини эса у шарққа жойлаштиради: Ғарб томонидан Бақтрия “текислигига” борадиган йўлни “тоғлар” тўсиб туради, улардан фақат “довонлар” орқали ўтиб борилади. Бақтрия Танаисдан Ҳинд дарёсигача чўзилган, Танаис уни Европадан ажратиб туради, Ҳинд дарёси эса – Ҳиндистондан32. Шуни таъкидлаш жоизки, Ктесий асарлари ўзининг асл ҳолича бизгача етиб келмаган. Аммо, юнон тарихчиси Диодор (мил.авв. 90-21 йиллар) “Тарихий кутубхона” асарида Ктесий ҳикояларига асосланган ҳолда Оссурия подшоси Ниннинг Бақтрияга қилган ҳарбий юришлари, Бақтрия подшоси Оксиарт ва унинг хазинаси ҳақида хабар беради.
Ктесий маълумотлари баъзида кўплаб мунозараларга сабаб бўлсада, бу маълумотлар ҳақиқатлиги археологик тадқиқотларда ҳам намоён бўлмоқда. Ҳозирга қадар Бақтрия тупроғида милоддан аввалги I-минг йилликнинг биринчи ярмига оид 240 дан ортиқ қишлоқ-қўрғонлар, қалъалар ва шаҳар қолдиқлари топиб ўрганилган. Биргина Сурхон воҳасида жойлашган Кучуктепа, Пшактепа, Бешқўтон, Талашкан, Жондавлат, Бандихон, Бўйрачи, Қизилча, Обишир, Шўртепа каби ёдгорликларни қайд этишнинг ўзи етарли. Геродот асарида келиб чиққан “Катта Хоразм” давлати масаласи, шунингдек Ктесийнинг Бақтрия подшолиги ҳақидаги маълумотлари юртимизда илк бор давлатларнинг пайдо бўлиши муаммосига асос бўлиб хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |