3. Кўп қаватли саноат биносининг темир-бетон
конструкцияларини лойиҳалаш намунаси.
3.1. Каркаси йиғма темир-бетон ромлардан иборат кўп қаватли саноат биносининг конструктив схемасини ишлаб чиқиш.
3.1.1. Устунлар тўрини режалаштириш ва бино каркаси конструктив элементларининг ўлчамларини аниқлаш
Берилган вазифага кўра кўп қаватли саноат биноси тарҳда қуйидаги ўлчамларга эга: 18х66 м қаватларининг сони 3 та, ҳар бир қават баландлиги 4,2 м.
Бино ромли схема бўйича юк кўтарувчи тўла каркасли қилиб лойиҳаланади. Бинонинг каркаси бикр тугунли кўндаланг ва бўйлама йўналишлардаги ромлардан ташкил топган. Кўндаланг ромнинг устунлари ва ригеллари йиғма темир-бетондан, бўйлама ромнинг ригеллари эса яхлит қуйма темир-бетондан иборат.
Бинониг фасади, тарҳи ва ораёпма плиталарининг монтажга оид схемалари 1-расмда келтирилган.
Бинонинг кўндаланг ва бўйлама қирқимлари 2 ва 3-расмларда келтирилган.
Кўп қаватли саноат биноси қаватлари ўртасидаги ораёпмалар, ораёпмаларнинг I тури бўйича лойиҳаланади, яъни бунда ораёпма плиталар ригелларнинг токчаларига таянади.
Бино ораёпмасининг конструктив элементлари қўйидаги ўлчамларга эга:
Ораёпма плиталар: 5550 х 1489 мм (П-2), 5050 х 1489 мм (П-1).
Плиталарнинг баландлиги – h= 400 мм.
Ригеллар трапециясимон кўринишда бўлиб, плиталарнинг таяниши учун кўзда тутилган токчаларга эга. Ригелнинг ўлчамлари қўйдагича:
узунлиги – l=5280 мм;
эни – b= 630 мм;
баландлиги h=800 мм.
Устунлари – йиғма темир-бетондан, кўндаланг кесимининг ўлчамлари: 400 х 400 мм, баландлиги бўйича бир ёки икки қаватга мўлжалланган.
Ёпма ва ораёпмалар йиғма темир-бетон плиталардан лойиҳаланади. Бу плиталар бикр диск ҳосил қилади, чунки плиталар йиғма темир-бетон ригелларга пайвандлаш воситасида бириктирилади ва плиталар орасидаги чоклар синфи В15дан кам бўлмаган майда шағалли ёки чақиқ тошли бетон билан тўлдириб яхлитланади. Бетон қоришмаси чокларга вибрациялаш ёрдамида жойлаштирилади. Бўйлама яхлит қуйма темир-бетон ригелларга туташувчи плиталар тўртта бурчагидан пайвандланиб, ундан кейингилари эса 3 бурчагидан пайвандланиб қотирилади. Бунда ўртадаги плита ҳар бир ячейкада пайвандланмасдан жойлаштирилиши мумкин. Бино ораёпма плиталарининг монтаж схемаси 4-расмда келтирилган.
Бинонинг ҳисобий сейсмиклиги 9 баллга тенг бўлганда йиғма плиталарнинг бўйлама қовурғаларида бетон парчинлар (шпонкалар) учун ариқчалар кўзда тутилади.
Бино қаватларининг баландлиги битта қаватнинг полидан кейинги қаватнинг полигача қабул қилинади ва 3,6 м ни ташкил қилади. Полнинг қалинлиги 100 мм.
Томнинг консрукцияси ясси. Қулочларининг сони 3та, бинонинг баландлиги 3 қаватли, устунлар тўри 6х6 м.
Четки қатор устунларининг ва ташқи девор панелларининг бўйлама режалаш ўқларига ҳамда чекка деворларининг режалаш ўқларига боғланиши “нол”ли. Чекка устунларнинг ва антисейсмик чоклар олдидаги устунларнинг геометрик ўқлари кўндаланг режалаш ўқларидан 500 мм га сурилган бўлади. Одатда, антисейсмик чоклар ҳароратга оид чоклар билан бирлаштирилади. Антисейсмик чокларсиз бинонинг максимал эни ва узунлиги 60 м.
Бинонинг кўндаланг йўналишдаги устиворлиги кўндаланг темир-бетон ромлар билан, бўйлама йўналишдаги устиворлиги эса бўйлама ромлар билан таъминланади. Ромларнинг тугунлари бикр ҳисобланади. Бино каркасининг кўндаланг ромлари йиғма темир-бетон устунлар ва яхлит қуйма ригеллардан ташкил топади. Яхлит қуйма ригеллар устунлар тўрининг бўйлама ўқлари бўйича плиталарнинг ҳам вазифасини бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |