Диссертациянинг асосий мазмуни.
Кириш қисмида танланган тадқиқот йўналишининг долзарблиги илмий асосланган, диссертация мавзуси бўйича ватанимиз ва хорижий илмий тадқиқотлар материаллари бўйича ушбу муаммонинг ўрганилганлик даражаси тўғрисидаги ахборот тақдим этилган, тадқиқот мақсади, объекти ва предмети аниқланган. Илмий ишнинг фан педагогик технологияларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига мослиги кўрсатилган ва тадқиқотлар давомида олинган натижаларнинг илмий янгилиги ҳамда ишончлилиги назарий ва амалий аҳамияти, тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши, диссертация иши ҳажми ва тузилиши тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган.
Диссертациянинг “Ҳаракат тайёргарлиги жисмоний тарбия бўйича таълим жараёнининг таркибий қисми сифатида” деб номланган биринчи бобида жисмоний тарбия жараёнини ихтисослаштириш масалалари ёритилган бўлиб, у амалий жисмоний тайёргарликда тўлиқ намоён бўлади ва муҳим амалий аҳамиятга эга.
Махсус амалий жисмоний тайёргарлик умумий жисмоний тайёргарликнинг ўрнини боса олмайди, зеро умумий жисмоний тайёргарлик жисмоний тарбия тизимининг асосини ташкил этади. Амалий жисмоний тайёргарликда кенг тарқалган спорт турларидан олинган машқларни, шунингдек махсус тренажёрларда ва бошқа спорт анжомларида бажариладиган машқларни кенг қўллаш тавсия этилади.
Амалий жисмоний тайёргарлик вазифалари барча тан олинган шаклларда, айнан жисмоний тарбия машғулотларида, дарсдан ташқари вақтларда, эрталабки гигиеник гимнастика жараёнида, танланган спорт турлари бўйича секция машғулотларида, шунингдек мақсадга йўналтирилган спорт машғулотлари цикли сифатида махсус шаклдаги жисмоний тайёргарлик давомида ҳал этилиши керак. Организмнинг физиологик функцияларини машқлантириш жисмоний тайёргарлик асосини ташкил этиши, зеро улар ихтисослаштирилган лицейларда ўқиш муваффақиятини белгилаб беради. Қуролли Кучлар сафида ҳизмат қилишга ва келгусида олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга самарали тайёргарлик кўриш сифати ҳамда тезлиги бевосита жисмоний тайёргарликнинг ривожланиш даражаси ва динамикасига боғлиқ.
Диссертациянинг “Педагогик тадқиқотларнинг методлари ва ташкил қилиниши” деб номланган иккинчи бобида тадқиқотларни ташкил қилиниши тўғрисидаги маълумотлар, илмий-методик адабиётларнинг таҳлилий шарҳи, анкета сўрови методи ёрдамида социологик тадқиқотлар, антропометрик ўлчашлар, ҳаракат қобилятларини педагогик тестлаш, педагогик тажриба ва математик статистика методлари баён қилинган.
Диссертациянинг “Ўзбекистон Республикаси Темурбеклар мактаби ҳарбий-техника лицейлари ўқувчиларининг жисмоний мақоми” деб номланган учинчи бобида ихтисослаштирилган лицей ўқувчиларининг жисмоний тайёргарлик бўйича назарий билимларини аниқлашга қаратилган социологик тадқиқотлар натижалари баён қилинган бўлиб, унда 36.6% биринчи курс ўқувчилари ва 43.3% иккинчи курс ўқувчилари умумий жисмоний тайёргарликни кўрсатиб ўтишган.
Ўқувчилар ҳаракат тайёргарлигининг асосий кўрсаткичларини 20.1% биринчи ва 24.8 % иккинчи курс ўқувчилари санаб бера олганлар, 16.4% биринчи ва 5 % иккинчи курс ўқувчилари жавоб беролмаганлар.
“Лицей ўқувчиларининг жисмоний тайёргарлиги бўйича ўқув дастурида кўзда тутилган меъёрларни эслаб кўринг”, деган саволимизга биринчи курсдан 16.7% ва иккинчи курсдан 16.5% ўқувчи ижобий жавоб берган. Айрим меъёрларни биринчи курсда 31.6% иккинчи курсда 10% ўқувчи билади. 15.8% биринчи курс ва 5% иккинчи курс ўқувчилари мазкур саволга жавоб бера олмаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |