КИРИШ
Битирув малакавий ишининг долзарблиги ва аҳамияти. Ўзбекистон қурғоқчил, континентал иқлимли, чўл ва чала чўл зоналари ҳамда тоғ ва тоғ олди ҳудудларидан ташкил топгандир. Биздаги ўртача ёғин миқдори 400 мм ни ташкил қилган ҳолда, буғланиш коэффициенти 2500-2700 мм ни ташкил этиши сув ресурсларининг аҳамияти қанчалик юқори эканлигини билдиради. Ўзбекистон ҳудудида ҳамма замонларда ҳам сув ва сувдан фойдаланиш жиддий муаммо бўлиб келган. Ўзбекистон дунёдаги энг қадимги суғориладиган деҳқончиликнинг марказларидан бири бўлиб, суғориш иншоотлари ҳам қадим замонлардан мукаммал равишда ривожлангандир.
Ўзбекистон сув ресурсларининг катта қисмини қишлоқ хўжалигида фойдаланади. Ўзбекистон иқлимидан келиб чиққан ҳолда 1 га ерга 1йилда сарф қилиниши керак бўлган сув 1200 м3 қилиб белгиланган. Лекин сарф қилинаётган сув миқдори 1600-1800 м3 ни ташкил қилмоқда. Ўзбекистон сув ресурсларидан меъёр бўйича фойдаланилса 4,2 млн. га ўрнига 4,8 млн га ерга дехқончилик қилиш мумкин. Агар илғор суғориш технологияларидан ва тажрибаларидан фойдалансак, мавжуд сув ресурслари билан 7-8 млн га ерни суғориш мумкин бўлар эди. Бироқ, бугунги кунда кузатилаётган, глобал иқлим ўзгаришлари аксарият минтақаларда тупроқ емирилиши, унумдор ерлар қисқариб бориши, чўлланиш, сув тақчиллиги, қурғоқчилик, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш каби жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бу жиҳатдан сув ҳамда у билан боғлиқ табиий, иқтисодий, ижтимоий ҳодисалар бугунги кунда бутун дунёдаги инсонлар томонидан энг кенг ўрганилаётган муҳим масалалар ҳисобланади.
Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида –“... глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи ҳалокатининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш”1 – вазифалари бежиз белгиланмаган.
Шунингдек Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқидаги - “Муаммолар тўғрисида сўз юритар эканмиз, минтақанинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш каби муҳим масалани четлаб ўтолмаймиз. БМТ Бош котибининг "сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ", деган позициясини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ2- деган сўзлари муҳим аҳамият касб этади. Бу сўзларга боғлиқ ҳолда сув ресурсларини барқарор камайиб бориши сабабларини ўрганиш, уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ва инсонларни ҳимоялаш учун зарур, чора-тадбирларни кўриш энг долзарб масалалардан биридир.
Шу мақсадда бажарилган “Сув ресурсларидан фойдаланишда иқлим илишига мослашиш имкониятлари” мавзусидаги малакавий иши юқоридаги муаммолар атрофлича таҳлил қилиб чиқилди. Бугун дунёдаги глобал иқлим ўзгариши бутун инсониятни огоҳликка чорламоқда. Зеро, иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсирини чуқур англаган ҳолда унинг инсоният келажагига катта хавф-ҳатар солаётганлигини нафақат, илмий доирада муҳокама қилиш, балки уни кенг жамоатчиликка етказиш бугунги давр талабидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |