1-Боб. Туризм соҳасида меҳмонхоналарнинг ўрни ва роли.
1.1 Меҳмонхона хизматларининг тавсифи ва ўзига хос хусусиятлари
Аксарият муаллифлар «меҳмонхона» тушунчасига бошқа жойдан меҳмон бўлиб келган кишилар учун вақтинча яшаб туришга мўлжаллаб қурилган махсус бино деб таъриф берадилар. Дастлабки меҳмонхона кўринишидаги бинолар Оссурияда (милоддан аввалги Х аср) бўлган. Бу турдаги бинолар турли халқларнинг яшаш шароитлари билан боғлиқ равишда турлича аталган. Масалан, Ўрта Осиёда карвонсарой, работ, зовия, арабларда «хон», Россияда «гостиний двор», «корчма», Франция ва Испанияда «таверна», инглизларда «инна», японларда «рёкан» каби. ХВИИИ асрдан бошлаб Францияда «отель» номи билан юритила бошлади. Кейинчалик бу ном бошқа мамлакатларга ҳам тарқалди.
Меҳмонхона ўз номи билан меҳмон кутишни, яъни унинг эҳтиёжларини қондиришни назарда тутади. Соғлом фикр нуқтаи назаридан, инсоннинг одатдаги эҳтиёжлари – овқатланиш, дам олиш ва ухлашга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантирмасдан, меҳмондўстлик ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Бу маънода меҳмонхонанинг қуйидаги таърифи асосли ва мантиқий бўлиб кўринади.
Меҳмонхона – уйидан ташқаридаги одамларга комплекс хизматлар кўрсатувчи корхона бўлиб, улар орасида жойлаштириш ва овқатлантириш хизматлари тенг даражада муҳим (комплекс ҳосил қилувчи) хизматлардир.
Ушбу таърифда меҳмонхонада икки асосий хизмат – жойлаштириш ва овқатлантиришнинг бўлиши шартлиги кўрсатилади. Бунда уларнинг ўзаро нисбати жиддий фарқ қилиши мумкин.
Жойлаштириш хизматининг мазмуни шундан иборатки, биринчидан, мижозларга махсус хоналар (меҳмонхона номерлари) фойдаланишга берилади, иккинчидан, уларга муайян хизматлар кўрсатилади, бу вазифа меҳмонхона ходимлари томонидан бевосита амалга оширилади.
Меҳмонхона номерлари жойлаштириш хизматининг муҳим таркибий қисмидир. Меҳмонхона номери деганда унда яшайдиган меҳмоннинг дам олиши, ухлаши ва ишлаши учун мўлжалланган кўп функцияли хоналар тушунилади.
Меҳмонхоналарда ҳар хил тоифали номерлар мавжуд бўлиб, улар майдони, жиҳозланиши, шинамлиги ва ҳ.к.га кўра фарқ қилади. Бироқ, қайси тоифага мансублигидан қатъи назар, ҳар бир меҳмонхона номерида қуйидаги мебель ва жиҳозлар бўлиши шарт:
каравот;
ҳар бир ўрин ҳисобидан биттадан стул ёки кресло;
ҳар бир каравот ҳисобидан биттадан тумбочка ёки тунги стол;
кийим-кечак учун шкаф;
умумий ёритиш мосламалари;
ахлат учун саватча.
Бундан ташқари, ҳар бир номерда меҳмонхона тўғрисида маълумот ва ёнғин чиққан ҳолда эвакуация қилиш режаси бўлиши лозим.
Овқатлантириш хизмати турли жараёнлар: ишлаб чиқариш (ошхонада овқат тайёрлаш), савдо (тайёр таомлар, спиртли ва спиртсиз ичимликларни сотиш), сервис (ресторан, бар, кафе, меҳмонхона номерларида официантлар томонидан меҳмонларга хизмат кўрсатиш) жараёнларидан таркиб топади.
Қўшимча ёки бошқа хизматларга бассейн, спорт зали, конференцзал, музокаралар зали, автомобилларни ижарага бериш, кимёвий тозалаш, кир ювиш, сартарошхона, массаж кабинети хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар киради.
Меҳмонхона корхонасида жойлаштириш, овқатлантириш хизматлари ва қўшимча хизматлар бир-бирини тўлдиради, аксарият ҳолларда бир-бирига боғлиқ бўлади ва меҳмонлар томонидан яхлит деб қабул қилинади. Хизматлар қандай расмийлаштирилгани ва ягона комплексга бирлаштирилганига қараб, меҳмонхона корхонасининг муайян тури шаклланади.
Ҳар бир давлатда унинг жуғрофий ўрни, иқлими, бошқа бир қанча омиллардан ва энг муҳими – талабдан келиб чиқиб, ўз корхона турлари шаклланади.
Меҳмонхона таклифининг комплекс хусусиятини қайд этиш имконини берувчи «меҳмонхона маҳсули» атамаси бошқариш амалиётида кенг қўлланилади.
Нафақат меҳмонхоналар, балки бошқа корхоналарнинг ҳам фаолияти кўп жиҳатдан уларнинг жойлашган ўрнига боғлиқ бўлади, чунки бу ернинг нархи ва қурилиш ишлари қийматига, меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига, шунингдек, маҳсулотни сотиш имкониятига таъсир кўрсатади. Корхонани қаерда жойлаштириш масаласини ҳал қилишда биринчи навбатда мана шу омиллар эътиборга олинади. Хом ашё ресурслари, ишчи кучи, тегишли инфратузилманинг мавжудлиги ва ҳ.к. иккиламчи омилларга киради. Уларнинг аҳамияти барча корхоналар учун бир хил эмас. Қайси омиллар етакчилик қилишига қараб хом ашё ресурслари, меҳнат ресурслари, алоқа йўллари ёки маҳсулотни сотишга йўналтирилган корхоналар фарқланади.
Меҳмонхона корхоналари, биринчи навбатда, маҳсулотни сотишга йўналтирилади. Маҳсулот истеъмолчига етказиб бериладиган саноатдан фарқли ўлароқ, меҳмонхоналар соҳасида бунинг тескариси содир бўлади: меҳмонхона хизматларидан фойдаланиш учун меҳмон бу ерга келиши талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, меҳмонхона корхонасини жойлаштириш ўрнига яқинлик ва қулайлик каби талаблар қўйилади. Масалан, ишбилармон туристлар муайян меҳмонхонани танлашда асосан унинг қулай ерда жойлашганлиги омилидан келиб чиқадилар (меҳмонхона шаҳар марказида жойлашгани маъқул).
Меҳмонхона хизматларига маҳсулот деб қаралганда, мижозларга кўрсатиладиган хизматларнинг уч даражаси фарқланади:
1) алоҳида хизматлар ва хизматларнинг гуруҳлари;
2) «меҳмонхона» маҳсули - хизматлар комплекси;
3) кенгайтирилган маҳсул.
Меҳмонхона комплекс, ягона маҳсул сифатида иккинчи (ўрта) даражани ташкил этади. У биринчи (ички) даражани ташкил этадиган кўплаб алоҳида хизматлардан, чунончи: ходималар, ошхона, портьелар, метрдотеллар хизматидан ташкил топади. «Меҳмонхона» маҳсули меҳмонхонада кўрсатиладиган хизматларни тўлдирувчи меҳмонхона жойлашган ҳудуддаги таклифлар билан биргаликда учинчи (ташқи) даража – кенгайтирилган «меҳмонхона» маҳсулини ташкил қилади
Do'stlaringiz bilan baham: |