Сон ва саноқ
Мавзу: 20 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлаш ва санаш малакаларини мустаҳкамлаш
Мақсад:
Болаларга 20 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўргатиш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар 20 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни ўрганадилар.
Болаларда 20 гача санаш малакаси ҳосил бўлади.
Керакли жиҳозлар:
Копток.
1 дан 20 гача сонлар тасвирланган карточкалар (бўйи 12 см, эни 10 см).
10 дан 20 гача сонлар ёзилган доира шакллари (диаметри 25 см).
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, биз нечагача санашни ўрганиб олганмиз?
Болалар жавоби: 20 гача санашни ўрганиб олганмиз.
Тарбиячи: Болажонлар, бугун сизлар билан турли ўйинларни ўйнаймиз ва 20 гача бўлган сонларни яхшироқ билиб оламиз, уларни ёзувда қандай ёзилишини ўрганиб оламиз. Дастлаб, “Ким билса-давомини санасин” ўйинини ўйнаймиз.
“Ким билса-давомини санасин” ўйини сонларнинг натурал қаторининг тартибига амал қилишга, тўғри ва тескари ҳисоблаш машқлари, хотира, диққатни ривожлантиришга қаратилади.
Ўйинда коптокдан фойдаланилади. Болалар ярим доира, ёки доира бўлиб турадилар. Доиранинг ўртасида ўйинни олиб борувчи туради. Тарбиячи ўйин бошланишидан олдин болалар билан улар қандай тартибда (тўғри ёки тескари) санашларини келишиб олади. Олиб борувчи болалардан бирига коптокни отади ва рақамни айтади. Коптокни илиб олган бола кейингисини санаши керак.
Ўйин тезлик темпида ўтади ва болаларнинг унда энг кўп қатнашишига имкон бериш учун шунча марта қайтарилади. Болаларга тақдим этиладиган топшириқлар уларнинг ўйин вақтидаги билим ва малакалари билан белгиланади: 20 гача тўғри тартибда санаш. Ҳар бир бола яккама-якка топшириқ олади.
Тарбиячи: Болажонлар, “Ким билса-давомини санасин” ўйини сизларга ёқдими? Ҳозир сизлар билан “Мен қандай сон ўйладим?” ўйинини ўйнаймиз.
“Мен қандай сон ўйладим?” ўйини.
Жиҳоз: Сон билан кўрсатилган карточкалар, рақамлар.
Ўйиннинг мазмуни: “Болажонлар, мен бир сон ўйладим (тарбиячи қўлида карточка ушлаб туради, лекин болаларга кўрсатмайди). Бу қандай сонлигини топинг, мен ўйлаган сонга 1 ни қўшсак, 16 сони ҳосил бўлади. Мен қандай сон ўйлаганман?” Тарбиячи болалардан олган жавобидан кейин рақам ёзилган карточкани кўрсатади.
Тарбиячи ўйинни давом эттиришни болалардан бирига топширади. Бу бола худди тарбиячидай карточкалардан бирини олади ва болалардан неча сон ўйлаганини сўрайди: “Мен бир сон ўйладим, мен ўйлаган сондан 1 ни олсак, 17 сони ҳосил бўлади. Мен қандай сон ўйлаганман?” Ўйин шу тариқа давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |