Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Сеҳрли қопча”.
Болалар доира бўлиб турадилар, тарбиячи доира ўртасида туради, тарбиячининг қўлида “Сеҳрли қопча”, қопчада турли қалинликда ва узунликдаги матолар, қаламлар бўлади. Болалар биттадан келиб қопчадан бир нарсани ушлаб унинг нималигини ва қандайлигини айтадилар, ҳамда қопчадан чиқараб рангини ҳам айтадилар. Болалар тўғри топган буюмлар олиб қўйилади.
Болалар билимини ошириш ва текшириш учун саволлар:
1. Китобнинг варақлари кўп бўлса у қалин бўладими ёки юпқами?
2. Қаламнинг узунлиги унинг рангига боғлиқми ёки бўйигами?
Фаолият якунида болаларни рағбатлантириш.
Фазовий тасаввур
Мавзу: Фазода бошқа одамга, бошқа буюмларга нисбатан мўлжал олишни ўргатиш
Мақсад:
Болаларнинг фазовий тасаввурларини ривожлантириш.
Кутилаётган натижалар:
Болалар бошқа одамларга, буюмларга нисбатан мўлжал олишни ўрганадилар.
Болаларда атрофидаги одамларга, буюмларга нисбатан эътибор ошади.
Керакли жиҳозлар:
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар ўнг-чап, орқа-олдин, ёнида-узоқда каби тушунчаларни жуда яхши тушунасизлар. Ҳозир сизлар билан турли ўйин-топшириқларни бажарамиз ва билимларингизни синовдан ўтказамиз.
“Ўнгда-чапда, олдинда-орқада” ўйини.
Бу ўйин орқали болалар бошқа одамларга нисбатан мўлжал олишни ўрганадилар. Болалар доира бўлиб турадилар. Тарбиячи ҳам улар қаторида туради.
Тарбиячи: Болажонлар, ҳаммамиз 1-2 деб санаймиз ва қайси сонни айтганимизни эслаб қоламиз. Мен бошлаб бераман, менинг чап томонимдаги бола давом эттиради. 1... (Тарбиячидан кейин чап томонидаги боладан бошлаб санашни бошлайдилар).
Ҳамма санаб бўлганидан кейин, тарбиячи топшириқ беради: Болажонлар, кимлар 2 деб санаган бўлса, 1 деб санаган боланинг ўнг томонига туриб олсин. Кимлар 1 деб санаган бўлса, 2 деб санаган болаларнинг орқасига туриб олсин. 2 деб санаган болалар 1 деб санаган болаларнинг чап томонига туриб олсинлар. Ўйин шу тариқа давом этади.
“Ҳаракатдаги велосипед” ўйини.
Бу ўйин ёрдамида болалар буюмларга нисбатан мўлжал олишга ўргатилади. Болалар доира бўлиб турадилар.
Тарбиячи: Болажонлар, энди сизлар билан “Ҳаракатдаги велосипед” ўйинини ўйнаймиз. Ҳозир мен турли транспортлар ҳақида топишмоқлар айтаман. Топишмоқни топган бола велосипедни ҳаракатлантиради. Диққат қилинг, топишмоқ:
Ёзда тойча,
Қишда хуржун. (Велосипед)
Топишмоқнинг жавобини айтган бола велосипедга ўтириб ҳайдайди ва бир боланинг олдига, бирининг орқасига, яна бирининг ўнг томонига, бошқасининг чап томонига бориб туради. Бола велосипед ўзининг қайси томонида эканлигини айтиши лозим.
“Қўнғироқча қаерда жиринглаяпти” ўйини.
Мақсад: Фазода мўлжал олиш малакасини мустаҳкамлаш, бола луғатида ўнгда-чапда, олдинда–орқада, юқорида-пастда каби сўзларни фаол ишлатиш, эшитиш қобилиятини ривожлантириш.
Бир боланинг кўзи боғланади. Иккинчи бола гуруҳ хонаси бўйлаб қўнғироқча билан юради. Қўнғироқчани турли жойларда жиринглатади. Биринчи бола ўзидан қайси томонда жиринглаётганини айтади. (Мендан ўнг томонда чалинди ва ҳокозо.)
Ким бир қанча марта қўнғироқ овози чиққан томонни тўғри топса, ўша ғолиб бўлади ва қўнғироқчани чалади. Товуш томонни тўғри аниқлаётган болаларга вазифани мураккаблаштириш мумкин. Масалан: Олдин 2-3 томонда навбат билан қўнғироқ чалинади ва товушлар қайси томондан келаётганини бола гапириб бериши керак. “Биринчи товуш олдинда, иккинчиси чапда, учинчиси ўнгдан эшитилди”.
Do'stlaringiz bilan baham: |