Таълим тамойиллари педагогнинг фаолиятини ва талабалар томонидан илмий билимларнинг ўзлаштирилиши, тегишли кўникма ва малакалар хосил қилишнинг асосий қонун ва йўл-йўриқларини ўз ичига олади. Шу билан бир вақтда таълим тамойиллари ҳар иккала фаолиятнинг яъни педагог ва талаба томонидан ўз олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш имкониятини берадиган бир қанча талабларни ҳам умумлаштириб беради. Шунга кўра таълим қоидалари ўқитишнинг энг муҳим масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан тўғри ҳал қилишнинг асосий негизи ҳисобланади.
Таълим тамойиллари деб, умуминсоний тарбиянинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган ўқиш ва ўқитиш жараёнларининг йўналиши талабалар томонидан илмий билимларнинг ўзлаштирилиши, билим ва малака хосил қилишнинг асосий қонун ва қоидаларининг йиғиндисига айтилади.
Инсон вужудга келибдики, ўз фарзандига билганларини ўргатиш, ўзи эга бўлган билим, малака ва кўникмаларини кейинги авлодга ўтказиш даставвал англанмаган ҳолда бўлса-да мавжуд эди. Бу яшаш учун кураш қонунидан келиб чиқиб, яшашнинг зарурий шарти ҳисобланган. Жамият ривожланар экан авлоддан-авлодга ўтказиш лозим бўлган билимлар ҳажми ҳам ортиб борди. Билимлар, эгаллаш лозим бўлган малака ва кўникмалар мураккаблашиб борди. Бу жараён олимлар томонидан таҳлил қилиниб аста-секин маълум қоидалар ишлаб чиқилди.
Таълим жараёнини чуқур ўрганган олимлардан бири қомусий олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) илмий билимларни эгаллаш йўллари, усуллари ҳақида шундай фикрларни билдиради. Ўқув жараёнида педагог қуйидаги қонуниятларга:
талабанинг зериктирмаслиги;
билим беришда турлиликка асосланиши;
узвийликка, изчилликка риоя қилиши керак.
Беруний янги мавзуларни қизиқарли, асосан кўргазмали баён этиш самарали натижалар беришини ҳам таъкидлайди.
Абу Али Ибн Сино (980-1037) билим олишда ёшларни ўқув муассасасида ўқитиш зарурлигини қайд этар экан, таълимда қуйидаги томонларга риоя этиш зарурлигини таъкидлайди:
талабага билим беришда бирданига китобга банд қилиб қўймаслик;
ўқитишда жамоа бўлиб, ўқув муассасасида ўқитишга эътибор бериш;
билим беришда талабаларнинг майлини, қизиқиши ва қобилиятини ҳисобга олиш;
ўқитишни жисмоний машқлар билан қўшиб олиб бориш.
Ушбу ишлаб чиқилган қоидалар таълимда мустаҳкам ўрин эгаллай бошлади.
Шундай қилиб, таълим тамойиллари асрлар оша сайқал топиб борди. Албатта дидактика тамойиллари ҳар бир даврнинг ўзига хос бўлган хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзгариб боради. Чунки таълим тамойиллари жамият ва давлат олдида турган улкан вазифалар асосида белгиланади. Таълим (ўқитиш) жараёни мураккаб ҳамда кўп қирралидир. Унда педагог ва талабалар фаол иштирок этадилар. Бу жараённинг муваффақиятли ва самарали натижаси таълим жараёнининг қонун қоидалари яъни таълимга қуйилган дидактик талабларга қай даражада амал қилишларига боғлиқ.
Кейинги йилларда таълим қоидаларини ўрганиш уларни таҳлил қилиш ва мукаммаллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Таълим қоидаларини системалаштириш масаласи ҳам доимо фаол масала бўлиб келган.
Бугунги кунда касбий педагогика фани қуйидаги таълим тамойиллариниажратиб кўрсатмоқда:
Таълимнинг илмий бўлиши;
Таълим-тарбиянинг бирлиги;
Таълимнинг тизимли ва изчил бўлиши;
Таълимда назариянинг амалиёт билан боғлиқ бўлишини таъминлаш;
Таълимда онглилик, фаоллик ва мустақилликка эришиш;
Таълим жараёнининг кўрсатмали ва кўргазмали бўлиши;
Билимларни пухта ва тизимли ўзлаштириб бориш;
Таълим жараёнида шахсий хусусиятларни ҳисобга олиш;
Умумдидактик тамойиллар билан педагогик жараён қонунлари ўзаро алоқада бўлиб, у ўзининг специфик хусусиятларига эга. “Касбий педагогика” фанинингасосий тамойиллари қуйидагилар ҳисобланади:
Политехник тамойил
Таълим олувчиларда амалиёт ва назарияни ўзаро боғлаш тамойили
Моделлаштириш тамойили
Мобиллик тамойили
Тартибли кетма-кетлик тамойили
Атроф-муҳитни ташкил этиш тамойили
Компьютерлаштирилган педагогик жараён тамойили
Политехник тамойил – бу тамойил замонавий ишлаб чиқаришнинг илмий асослари тизимини эгаллашни назарда тутиб, шу билимлар асосида умумкасбий политехник ва махсус билимларни шакллантиради.
Политехник тамойилларни ўқитишда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим:
асосий йўналишдаги ривожланган техника ва илмий ўқитиш;
ўзаро бир-бирлари билан боғланган ўқув материали тизимини ташкил қилиш;
ўқитилаётган фанни келажакда амалиётда қўллаш;
таълим олувчиларнинг ёшларига мўлжаллаб ўқитиш;
умумтаълим билимларига таяниш;
таълим олувчиларнинг қизиқишларини қониқтириш;
ўқув материалининг кетма-кетлиги ва турғунлигига риоя қилиш.