Бозорларни монополиядан чиқариш ишлари жадал бўлади.
1. 2021 йилда давлат ва хусусий электр станциялари, ҳамда истеъмолчилар ўртасида электр энергияси улгуржи бозорини шакллантириш бошланади. Президент нутқида тадбиркорларни бу бозорларга жалб этган ҳолда, улар томонидан энергия маҳсулотларини импорт қилиш орқали ёки мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариб, эркин сотиши учун имкониятлар яратилишига ишора мавжуд. Бу билан тез орада энергия ресурслари танқислиги муаммосини бартараф этиш мумкин бўлади.
2. Табиий газ таъминоти соҳасида монополия бекор қилинади, ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар биржада газни сотиш, улгуржи истеъмолчилар эса газни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Суюлтирилган газ бозорида хусусий сектор иштироки кенгайтирилиб, унинг импортига божлар бекор қилинади. Ушбу ташаббуслар ҳам мамлакатдаги энергия танқислиги муаммосини ечишга қаратилгани билан диққатли.
3. 1 мартдан бошлаб кумушни биржа орқали ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кумуш 2та корхона, яъни Навоий кон металлургия корхонаси ва Олмалиқ кон металлургия комбинати томонидан ишлаб чиқарилади. Аммо, корхоналар ишлаб чиқарган кумуш маҳсулотини жаҳон бозоридаги нарх бўйича фақат Марказий банкка сотишга мажбур ҳисобланади. Бу борадаги либерализация, бир тарафдан кумуш буюмлари ишлаб чиқариш ички бозорини ривожлантиради, иккинчидан, бу иккита корхона трансформацияда муҳим қадам ҳисобланади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пандемияда бизнесни ҳимоя қилиш давом этади.
1. Туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига имтиёзлар бир йилга узайтирилади. Хусусан, 20 мингта тадбиркорлик субъектининг жорий йил якунигача кечиктирилган 400 миллиард сўмлик ер ва мол-мулк солиғининг тўлаш муддати яна бир йилга узайтирилади. Пандемия бошланиши билан бизнесга берилган имтиёзлар, кўмаклар яна давом эттирилиши таъкидланди. Бундан ташқари, 1 миллиард сўмгача давлат харидлари доирасида аванс миқдори 30 фоизга етказилиб, тадбиркорлар қўшимча 1,5 триллион сўмгача айланма маблағларга эга бўлади.
2. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилади. Хусусан, Бизнес-омбудсманга мулкка доир ҳуқуқларни бузган раҳбарларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилади.
«Бир нарсани очиқ тан олиш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доимо қўллаб-қувватлашимиз шарт”, деди президент.
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилади ҳамда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилади.
3. Тадбиркорларни текширишга эълон қилинган мораторий яна бир йилга узайтирилади. Бундан 4 йил олдин тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга мораторий эълон қилганди. Бунинг натижасида ўтган даврда тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайиб, 400 мингтага етди. Шунинг учун мораторий муддатини яна бир йилга узайтириш таклиф этилди.
Ассалому алайкум, ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Азиз юртдошлар!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу йилги Мурожаатнома, ўтган йиллардан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келмоқда.
Барчамиз яхши биламизки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказмоқда. Бундай улкан фалокат жаҳон миқёсида сўнгги юз йилда рўй бермаган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Охирги маълумотларга кўра, дунёнинг 191 мамлакатида 81 миллион киши коронавирус билан касалланган. Улардан 1 миллион 765 минг нафари вафот этган.
Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун – шунга эътибор беринг – ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллионта иш ўрни йўқотилган.
Афсуски, бу офат бутун инсоният қатори халқимиз учун ҳам кутилмаган ташвиш ва мураккаб муаммоларни келтириб чиқарди. Бухоро ва Сардобада юз берган табиий ва техноген офатлар ҳам эл-юртимизнинг иродасини яна бир бор синовдан ўтказди.
Do'stlaringiz bilan baham: |