(8- март - Халқаро Хотин-қизлар байрамига бағишланган тадбир сценарийси)
Тузувчи: Нарзуллаева М.
Муҳаррир: Мухторова М.
Матн терувчи: Тоирова Ф.
Ҳаётимиз гули,жамиятимиз таянчи аёл!
Кутубхона, ёки мактаб зали байрамона безатилган. Байрамга бағишланган деворий газеталар, «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл» мавзусида фикр мулоҳаза соати ташкил этилган.
Магнитофон тасмаларида хонанда Равшан Комиловнинг «Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл» қўшиғи янграмоқда.
Даврага икки бошловчи чиқиб келади..
1-бошловчи:Ассалом,эй даврамизнинг энг азиз меҳмонлари,
Ассалом , эй илму фаннинг соҳибу давронлари.
Ассалом муаллимлар ва мунис онажонлар,
Даврамизга хуш келибсиз, барча азиз меҳмонлар.
2-бошловчи: Ассалом онажон, жондан азизим,
Бағрингиз беғубор, меҳрингиз қуёш.
Сизга дилдан ҳурмат, таҳсину, таъзим,
Қалбимга ҳамоҳанг меҳрибон, сирдош.
1-бошловчи: Ассалому алайкум ҳурматли мураббийлар, азиз меҳмонлар, меҳрибон опа-сингиллар, мунис онажонлар. Биз бугун Сизга эҳтиром ила таъзим бажо этишга йиғилдик. Чунги бугун сизларнинг энг қутлуғ, энг улуғ, энг шарафли байрамингиздир.
2-бошловчи: Ассалому алайкум қалби қуёш, меҳри дарё инсонлар. Бугун ана шу муборак кунингиз муносабати ила қалбимиз тўридаги қайноқ меҳримизни, муҳаббатимизни гулзорнинг чиройли гуллари мисол гулдасталаримизни Сизга, сизга ҳадя этмоқчимиз.Ана шу гулдасталаримиз билан Сизни хушнуд этсак, бошимиз кўкка етарди.
1- бошловчи: Аёл – назокатдан яралган маъво,
Аёл - юракларда севги-садоқат.
2- бошловчи: Аёл – бу дунёнинг бор мўъжизаси,
Аёлда жам эрур борки латофат.
(«Онажон» қўшиғи ижро этилади).
Ўқувчи: Қадим Бухорода янги тонг отар,
Заррин нурларини сочмоқда қуёш
Тун бўйи тўлғонди бечора аёл,
Тонгга қадар берди азобларга дош.
Юраги остида янги бир вужуд,
Янги қалб яратиб айлади эъзоз.
Тўққиз ой кўтариб уни раҳмида
Меҳр уммонида айлади парвоз.
Ўқувчи: Субҳидам қалбингнинг бир парчасини
Дунёга келтирган сен эдинг, онам.
Юрак қўринг бўлиб дунёга келган
Сенинг бир бўлагинг мен эдим, онам.
Ривоят қилмишлар: Момо Ҳаводан
Яралгандир олам Дунёи азим,
Дунёнинг гултожи Сиз оналарга
Қўллар кўксимизда этамиз таъзим.
1-бошловчи:Ҳа,ази аёллар, меҳрибон онажонлар. Сизларни қанча эъзозласак, ардоқласак, камлик қилур. Зероки,
Аёл покликдан яралган маъво
Бир қўлида бешик, бирида дунё.
2-бошловчи:Аёл…Табиатнинг нозик ва нафис гули. Тирикликнинг давомчисидир.
1-бошловчи:Аёл…Бу дунёдаги энг сеҳрли, энг жарангли, энг покиза сўз.
2-бошловчи:Аёл… Боқий яратувчи. Аёл – мангу яшнатувчи, Аёл – гўзаллик, нафосату назокат тимсоли.
1-бошловчи: Бешикдадир бир қўли
Дунё тебратар бири
Барча гўзаллик сири
Сизда асли аёллар.
Қалбин тафти қуёшли
Метиндайин бардошли
Қоракўз қалам қошли
Ҳурлар насли аёллар
2-бошловчи:Аёл…Ҳайрат маликаси.Аёл–муҳаббат маъбудаси.Аёл–энгаввало меҳрибон онадир. Бобокалонимиз А.Навоий айтганларидек,
Аёлларнинг оёғи остидадир,
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғин висолин истар эрсанг,
Бўл оналар оёғин туфроғи.
1-бошловчи: Онажон! Бир парча этдан бизни авайлаб, катта қилган, оқ сутингиз билан бизга инсонийликни, меҳр-муҳаббатни,одамгарчиликни,оқибатнисингдирган,кечалари тонггача кўз юммасдан бешигимиз қучоқлаб аллалар айтган Сиз эмасми, Онажон!? Бу бебаҳо хизматларингиз олдида биз фарзандлар умрбод сизга бош эгиб таъзимдамиз.
2-бошловчи:Булбуллар хонишни сиздан ўргансин, ҳофизлар куй сеҳрини сизнинг аллангиздан изласин, Онажон!
Ўқувчи: Ўрикзор ичидан ой нурин тўкар
Оқ ўрик гулига шодлик бахш этиб.
Қайдадир бир инсон сўз қўшиқ куйлар
Умидбахш дилларга орзу нақш этиб.
Оламга таралар бу масъум қўшиқ,
Майсалар талпинар ушбу қўшиққа.
Бу қўшиқ юракка аталган тортиқ,
Она алласи бу куйланмиш кўкдан.
(«Алла» қўшиғи ижро этилади).
1-бошловчи:Бу гўзал айёмнинг илк баҳор кунларида байрам қилиниши бежиз эмас. Чунки Баҳор ва Аёл тушунчаларини бир-биридан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу икки сўз замирида ҳаёт абадийлигига ишонч, меҳр-муҳаббат, покиза орзу-умидлар, яратиш ва яшнатиш мужассамдир.
2-бошловчи: Аёл зоти Оллоҳ Таоллоҳ яратган табиатнинг энг буюк мўъжизасидир. Аввало, аёл ўзининг бетакрорлиги билан, гўзаллиги билан мўъжизадир. Ҳатто Одам Атони ҳам гўзаллиги билан лол қолдириб, ўзига чорлаган ҳам Аёлдир.
Ўқувчи: Гул нозик, гулдан-да нозикдир аёл,
Йўғимиз бор қилиб юрган ҳам аёл
Дунёни тебратиб турган ҳам аёл
Дунё бетайиндир, аёл бўлмаса.
Юз йил баҳор бўлсин , гуллар гулласин,
Булбул сайрайверсин, майли тинмасин.
Дарё қўшиқ бўлиб айтиб тўймасин,
У чаман чўл бўлур, аёл бўлмаса.
Бола ўксиб-ўксиб емак излайди,
Ҳаёт кула олмас, ҳаёт йиғлайди.
Бу дунё хор бўлар аёл бўлмаса,
Меҳрга зор болар, аёл бўлмаса.
(«Муножот» қўшиғи ижро этилади.)
1-бошловчи:Аёл гўзаллиги ва латофатини тасвир этмоққа ҳар қандай таъриф-у тавсифлар озлик қилади. Аёл ўзининг нозик елкаларида нафақат ўз оиласи, балки бутун олам ташвишларини кўтариб юрибди, десак муболаға бўлмас. Оила фаровонлигини эл-у юртнинг тинчлигини таъминловчи ҳам аёлдир.
2-бошловчи:Бугун биз она таърифи заминида, гўзал аёл заминида шу ерда ўтирган азизўқитувчи-муаллималаримизни ҳам гўзал чеҳраларини кўрамиз. Обод ва озод Ватанимизга содиқ, юртимиз шуҳратига шуҳрат қўшадиган баркамол инсонларни тарбиялашдек шарафли вазифани ўзларининг умр мазмуни деб биладиган бу фидойи инсонларга ҳам бир умр таъзимдамиз. Зеро, халқимизда «Устоз – отангдек улуғ» деган пурмаъно ҳикмат бор.
(«Устозлар» қўшиғи ижро этилади.)
1- бошловчи: Қуёшсиз ёруғлик йўқ, севгисиз бахт-саодат йўқ, аёлсиз муҳаббат йўқ, онасиз қаҳрамон ҳам йўқ.. Ҳа, онажонларимиз ҳар биримиз сиғинадиган маъбудалардир.
2- бошловчи: Юртбошимиз И.А.Каримов таъбирлари билан айтганда, «Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жмиятдаги, мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар».
(«Онажон» қўшиғи янграйди)
1-бошловчи:Дунёда оналар меҳридан кучлироқ туйғу йўқдир. Она шундай улуғ зотки, у ўз юрагидан янги юрак кўчиради.
2-бошловчи:Ҳақиқатдан ҳам, эркаклар билан баробар тарих ғилдирагини айлантираётган мунис, жафокаш онажонларимиз муҳаббатидан ҳам муқаддас ва беғубор туйғу йўқдир.
Ўқувчи:Қуёшдан сўрдилар: « Эй нурли қуёш,
Сенинг ҳам тафтингдан борми ҳеч кучли?»
Қуёш жавоб қилди: «Мендан ҳам оташ
Оналар меҳридир, мендан ҳам нурли».
Ўлимдан сўрдилар: «Айт-чи, эй ўлим,
Сенинг ваҳимангдан борми ҳайбатли?»
Ўлим жавоб қилди: « Лол қолган тилим,
Оналар меҳридир мендан қудратли».
(«Тановар» рақси ижро этилади)
1-бошловчи:Она – улуғ зот. Она борки, олам бор, Она борки, Ватан бор. Она борки, ҳаёт бор. Она борки, одам бор.
2-бошловчи:Ўз фарзандига жонини берган онанинг машаққатли меҳнатларини унутмайлик.Оналар ҳурматларини сақлайлик, кўнгилларини олайлик.
Ўқувчи:Кўзингизнинг кўзгусида
Фақат фарзанд аксин кўрдим.
Ҳаётингиз ёғдусида
Болам деган аксин кўрдим.
Шу уй билан бахтга ёрсиз
Дард-у ҳасрат чекингуси.
Гарчи кимлар берса озор,
Вале фарзанд куч бергуси.
(«Онадир ул» қўшиғи ижро этилади)
1-бошловчи:Муҳтарама онажонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар аёллар! Сиз азизларга ҳар қанча ташаккур айтсак, ҳар қанча таъзим қилсак камдир
.
2-бошловчи:Онажонларимиз,гўзал аёлларимизни таърифлаб, шарафлаб, адибларимиз ҳам ўз ашъорларини битганлар. Тингланг, улар сизларга бағишланган.
1- ўқувчи:Бошни фидо айла ато қошиға
Жисмни қил садқа ано бошиға
2-ўқувчи: Истагим бир умр ортсин бахту иқболи,
Сўзласа тилидан тўкилар боли.
Барчинойдек сулув , жуда иболи,
Ўз қадрини билган, иффат- ҳаёли.
Бу юксак баҳоли – ўзбек аёли.
3- ўқувчи:Табиат инъоми ундаги чирой,
Малоҳатда тенгсиз, латофатга бой.
Баҳслашолмас ҳатто унга тўлин ой.
Она сайёрамиз кўрки мисоли
Гўзаллик тимсоли – ўзбек аёли
4- ўқувчи: Гўё ўз борлиғи бергандек фалак
Соч – қора тун, қошлар – эгик камалак..
Унга тенг келолмай Зуҳро жон ҳалак,
Гоҳ шом маликаси, гоҳ тонгги малак,
Барчани лол этган ойдек жамоли
Ҳусни маҳлиёли – ўзбек аёли.
5- ўқувчи: Меҳридан баҳраманд барча дўст-у ёр,
Юртда ҳар жабҳада, ҳар ишда илғор.
Оилада эса мудом тадбиркор,
Умр йўлдошига садоқатли ёр,
Фарзанду ёрида фикру хаёли
Саодат тимсоли – ўзбек аёли..
6- ўқувчи:Сингилсиз, опамсиз, онаизорсиз
Гўзал қиз, гўзал ёр – қувват -мадорсиз.
Сизлар бор мафтункор, сўлим диёрим,
Шоирга илҳом берган дилдаги торим.
Қалби пок хилқатсиз, ажиб дунёли,
Оҳ, ўзбек аёли, ўзбек аёли.
1-бошловчи:Муҳтарам онахонлар, азиз опа-сингиллар. Сизларни гўзал айёмингиз билан яна бир бор чин дилдан муборакбод этамиз.
2-бошловчи:Сизлар учун байрам лаҳзалари яна давом этади. Ҳамиша бахтингиз, иқболингиз зиёда бўлсин. Эътиборингиз учун ташаккур.
«Аёл зийнати»
ток-шоусини ўтказиш сценарийси
(«Муқаддас аёл» қўшиғининг мусиқаси садоси остида)
1-бошловчи:Ривоят қилишларича, Қодири мутлақ мукаммал дунё яратишга аҳд қилибди. Тундан кунни ажратиб, сув, ер, ўсимлик, жониворларни, охирги куни эса одамни яратибди. Улар бир-бирига шунчалик муносиб эканки, бу мукаммалликка Оллоҳнинг ҳаваси келибди. Кейин қарасаки, аёл йўқ, бахтга қарши лой ҳам тугаб қолганмиш. Шунда у ойдан бир чимдим жамолини, тундан қошу кўзини, мажнунтолдан сочини, камалакдан ранг, гуллардан ифор, тонгдан мусаффолик, хуллас, ҳаммасидан оз-оздан қўшиб аёлни яратибди.
2-бошловчи:Ассалому алайкум, шундайин илоҳий иноятнинг соҳибалари бўлмиш муҳтарама оналар, мунис аёллар, лобар опа-сингиллар ҳамда ҳурматли меҳмонлар! Аёл – бу оламнинг тенгсиз мўъжизаси, дейдилар. Дарҳақиқат, аёл мадҳига достон тугамас. Аммо оламнинг зийнати бўлмиш аёлнинг зийнати нимада?! Келинг, бугунги давра суҳбатимизда ана шу саволга имкон даражасида жавоб излаб кўрсак.
1-бошловчи:Инсонни камолотга етказиш учун, аввало,аёлни тарбияламоқ зарур, дейди файласуфларимиз. Азалдан камолот бобида тенгсиз бўлиб келган Шарқнинг, жумладан, ўзбек аёлларининг таърифига тил ожиз. Миллий қадриятларимиз сирасида азиз момою онахонларимиздан мерос бўлиб келаётган ўзбекона ҳаё, латофат, нафосат, умуман, ўзбекойимлик анъаналари бугунги тенгдош қизларимиз ҳаёти ва юриш-туришида қай даражада намоён бўлмоқда. Замонавий ўзбек қизини тарбиялашда қайси жиҳатларга эътиборни қаратишимиз ҳақида фикр алмашиш учун Сизлар билан дийдорлашдик.
2-бошловчи:Келинг,тадбиримизни очиб бериш учун даврага хотин-қизлар қўмитаси раиси _____________ ни таклиф этсак.
1-бошловчи: (тадбир очилгандан сўнг) Учрашувимизга янада файз киритиш мақсадида ҳамда қизларимизга қимматли маслаҳатларини бериш учун маҳалламиздаги эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган онахонимиз____________ ни даврамизга таклиф этганмиз, марҳамат.
1. Одамга либос
1-бошловчи:Сизга бир савол билан мурожаат қилсам…
2-бошловчи:Марҳамат.
1-бошловчи:Бир қиз билан танишиб, дугона бўлмоқчисиз. Биринчи навбатда, унинг қайси жиҳатларига эътиборингизни қаратасиз?
2-бошловчи:Дастлаб,унинг ташқи кўриниши, яъни кийиниш одоби ва ўзини тутишига эътибор берсам керак.
1-бошловчи: Менимча ҳам шундай. Аёл латофатининг энг биринчи ажралмас жиҳати унинг ўзига хос, ярашиқли кийина олишидадир. Бу эса бевосита маданиятлиликнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Кимнинг қандай кийинганлигига қараб, унинг дид-фаросати, маънавий даражасини, ҳаттоки, касбини аниқлаб олиш мумкин. Психологларнинг таъкидлашича, кийим кишининг нафақат ташқи қиёфасини, балки ички маънавий дунёсини, қайси миллатнинг фарзанди, қайси замоннинг қандай савияли одами эканлигини ҳам кўрсатиб туради.
1-бошловчи:Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир мамлакатнинг, миллатнинг ўзига хос миллий либослар коллекцияси шаклланиб келмоқда.
Савол:
Замонавий ўзбек қизи қандай кийиниши керак деб ўйлайсиз?
Қизларимизнинг бугунги кийиниш маданияти миллий қадриятларимизга мос келадими?
2-бошловчи:Бу борада даврамиз меҳмонларининг фикрини билиш фойдадан холи бўлмайди. Сўз навбатини ____________ га берсак.
(Либослар намойиши)
2. Муомала маданияти
1-бошловчи:Бежизга ўзбек қизларини ҳусну латофатда ойга қиёслашмайди. Бундай либосларни кийган ҳар қандай қиз маликага айланиши турган гап.
2-бошловчи:Аёлга зеб берадиган яна бир хислат унинг хушмуомаласидир. Муомаланинг асосий воситаси сўз, у аёлнинг тилида гавҳарга айланади. Аёлнинг шикаста овози билан айтилган ҳар бир сўз мисоли куйдир.
1-бошловчи:Аммо сўз айтганда ҳам топиб сўзлаш, ҳар кимнинг кўнглига қараб муомалада бўлиш кишидан алоҳида зийраклик талаб этади.
(Саҳна кўриниши)
Савол:
Ёш қизларимизнинг муомала маданияти ҳақида нималар дея оласиз?
Муомала маданиятини шакллантиришда нималарга эътибор қаратиш лозим?
2-бошловчи:Бу ҳақда даврамиз меҳмонларининг фикрларини тингласак.Сўнг иштирокчилар фикри сўралади.
Рақс ижро этилади.
3. Сиҳат-саломатлик
1-бошловчи:Сиздан дунёда кимни кўпроқ яхши кўрасиз, деб сўрашса…
2-бошловчи:Шубҳасиз, онамни яхши кўраман, деб айтаман.
1-бошловчи:Бир донишманддан сўрашибди: «Дунёда энг гўзал аёл ким?».Донишманд: «Оналик саодатига эришган аёл дунёдаги энг гўзал аёлдир», деб жавоб берган экан. Аёлнинг улуғлиги унинг оналигидадир. Ватаннинг ёруғ келажагига муносиб авлодни вояга етказишлари учун, аввало, аёлларимиз соғлом бўлмоқлари керак. Жамият маънан ва жисман соғлом фарзандлари билан қудратлидир. Аёлларни асрасак, демак, фарзандлоаримизни ҳам, озод давлатимиз келажагини ҳам асраган бўламиз.
2-бошловчи:Оилада қиз бола дунёга келди. Унинг келажакда она бўлиб жамиятга соғлом авлод етиштириб беришида унга чақалоқлигидан алоҳида парвариш, эътибор зарур бўлади. Шу ўринда қизларимиз ва аёлларимизнинг тиббий маданиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Савол:
Аёлларда тиббий билимни шакллантириш учун қандай тадбирларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?
Аёл сиҳат-саломатлигининг оила ва жамиятга таъсири қандай?
Қизларимизнинг соғлом бўлишлари учун нималарга эътибор бериш зарур?
1-бошловчи:Ушбу масала юзасидан мутахассислар нима дейишаркин?
Даврага таклиф этилган тиббий мутахассисларга сўз берилади ва бошқалар фикри ҳам тингланади.
(Мусиқий танаффус)
4. Ҳунари борнинг бахти бор
2-бошловчи:Ҳунарли хор бўлмас, дейди донно халқимиз. Қадимдан бизнинг маданий меросимиз ҳунармандчилик билан боғлиқ.Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган заргарлик. дўппидўзлик,каштачилик,косибчилик каби ўнлаб ҳунарларимиз бор. Халқимизда «Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз» деган нақл бежиз айтилмаган, аммо қизларимиз ҳам ҳунармандчиликда йигитлардан қолишмайди. Аёлларимиз қайси ҳунар бошини тутишмасин, шу соҳанинг гуллаб-яшнаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Кишининг муайян касб-ҳунарга моҳир бўлиб камол топиши учун биринчи навбатда, керакли шарт-шароитларни яратиб бериш жуда муҳимдир.
1-бошловчи:Ҳунар ва тадбиркорлик бир-бирига боғлиқ тушунчалар.Ҳар қандай ҳунар борки, тадбиркорликни талаб этади. Тадбиркорлик аввало оиладан бошланади.
Савол:
Қизларга ҳунарни ким ўргатиши керак? Ҳунар мактаби аввало қаердан бошланади?
Меҳмонлар ва иштирокчилар фикрлари тингланади.
(Мусиқий танаффус)
5. Аёлларнинг жамиятдаги ўрни
2-бошловчи: Қадимдан миллий анъаналаримиз сирасида оилада аёлларимизга алоҳида эътибор билан қаралган. Шунинг учун жамият ҳамда давлатчилигимиз тарихида чуқур из қолдирган қатор номлар бор. Бу эса ўз навбатида аёлнинг ижтимоий жабҳадаги тутган ўрнини белгилайди.
1-бошловчи: Аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги мақомини оширишга қаратилган барча имконият ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, жамиятнинг янгиланишида аёллар иштирокини кучайтириш учун шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Аммо аёл салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўзи учун имкониятлар эшигини очмоғи даркор.
Савол:
Аёл ўз имкониятларини қандай ярата олиши мумкин?
Жамиятнинг илғор аёли қандай бўлиши керак?
Даврадаги меҳмонлар ва иштирокчилар фикри тингланади.
2-бошловчи: Ўзларининг қимматли вактларини аямасдан мулоқотимизга ташриф буюрганлари учун барча меҳмонларга, шу билан биргаликда, барча иштирокчиларимизга ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Доимо ҳар бир хонадонда рўзғоримиз сариштаси, хонадонимиз фариштаси - оқила аёлларимиз бор бўлсинлар ва соғ бўлсинлар. Эътиборингиз учун раҳмат. Омонликда учрашайлик.
Do'stlaringiz bilan baham: |