3. МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ШАРТНОМАСИ Маҳсулот етказиб бериш шартномасига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган маҳсулот етказиб берувчи-сотувчи шартлашилган муддатда ёки муддатларда ўзи ишлаб чиқарадиган ёхуд сотиб оладиган товарларни сотиб олувчига тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун ёки шахсий, оилавий мақсадларда, рўзғорда ва шунга ўхшаш бошқа мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш учун топшириш, сотиб олувчи эса товарларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 437-моддаси).
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси товарлар олди-сотдиси бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ўртасида қўлланадиган ва энг кўп амалиётда учрайдиган шартномалардан биридир. Ушбу шартнома моддий неъматларни бир шахсдан бошқа шахсга ўтишини таъминлайди. Бу эса ўз навбатида иқтисодий муносабатларни ривожланишига олиб келади.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси олди-сотди шартномасининг алоҳида тури бўлиб ҳисобланади66. Ушбу шартномани айрим ҳолларда тадбиркорлик ёки савдо олди-сотдиси деб аташади. Агар тарихга назар ташласак собиқ иттифоқ даврида маҳсулот етказиб бериш шартномаси ўрнини унинг бир кўриниши бўлмиш товарларни давлат эҳтиёжлари учун етказиб бериш шартномаси тўлиқ эгаллаб, уни сиқиб қўйган эди. Чунки ўша даврдаги режали иқтисодни юритиш учун давлатнинг олди-сотдига оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга аралашуви оддий ҳол эди. Шартнома тарафларининг тенг эмаслиги ва шартномаларни олдиндан белгиланган тартибда режа асосида тузилиши хусусий ҳуқуқнинг асосий тамойилларига тўғри келмасди.
Ўзбекистон Республикаси ўзини мустақил давлат деб эълон қилди ҳамда демократик ҳуқуқий давлат фуқаролик жамиятини қуришни ўз олдига мақсад қилди. Мулк шакллари ўзгарди, эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини шакллантириш йўлида катта ишлар амалга оширилди. Фуқаролар (жисмоний шахслар)нинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишларига кенг имкониятлар яратилди. Ушбу ўзгаришлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда иштирок этаётган субъектларнинг шартнома тузиш эркинлиги, тарафларнинг тенглиги, қонун устуворлиги каби тамойилларини амалда таъминланишига олиб келди. Жумладан, маҳсулот етказиб бериш шартномаси ҳам бундай ўзгаришлардан сўнг ўзини хусусий ҳуқуқнинг нормал шартномалари қаторига кириб, олди-сотди шартномаларига хос ҳусусиятларини шакллантирди.
Маҳсулот етказиб бериш шартномаси улгуржи олди-сотди шартномаси туркумига киради. Шунингдек маҳсулот етказиб бериш шартномаси хўжалик шартномаси ҳисобланади67.